“Обод қишлоқ” дастури: Нурафшонда кўчалар вайрон, аҳоли ҳайрон

15:47 19 Июль 2018 Жамият
579 0

 

Фото: "Халқ сўзи"

Ушбу вазифа шунчалик тез амалга оширилдики, бундан нурафшонликлар ободонлаштириш ишлари ҳам айни суръатда бажарилади деб хурсанд бўлишди.

Аммо мана бир неча ойдирки, қишлоқ вайрона кўринишида турибди. Қайсидир оила молхонасиз, бошқаси кўча деворларисиз, ҳатто, айрим хонадонлар... ҳожатхонасиз қолиб ноқулай ҳолатда кун кечирмоқда. Қурилиш-ободонлаштириш ишлари эса, бир неча кўчаларга шағал тўкилгани ва мактаб, боғча ҳамда қишлоқ оилавий поликлиникаларида олиб борилаётган таъмирлаш ишларини айтмаса, жуда суст амалга оширилмоқда.

Фото: "Халқ сўзи"

Бунга асосий сабаб эса, аҳолининг барчаси ҳам ўз уйлари фасадини лойиҳада кўрсатилган даражада таъмирлаш, кўча деворларини қайта қуришга имкони йўқлигидир. Ваҳоланки, айни чоғда маҳаллада уларга бу ишларни ўз маблағлари ёки кредит ҳисобига бажариш тавсия қилинмоқда. Вақт эса ўтиб бормоқда.

Фото: "Халқ сўзи"

Ичимлик ва оқар сув масаласи нурафшонликларни қийнаётган энг ўткир муаммо ҳисобланади. Маҳалла ҳудудида чиқарилган артезиан сувидан бир қултум ичган киши лаборатория текширувларисиз ҳам уни истеъмолга яроқсизлигини билиб олса бўлади. Ҳолбуки, мана шу сув манбаси ҳам ҳудуддаги энг чекка хонадондан бир километр узоқликда. Одамлар сув узатиладиган вақтда ана шундай узоқ-яқиндан эшак арава ва бошқа уловларда артезиан қудуғига келиб, навбат билан сув олишади. Электр энергиясида узилиш бўлган вақтда эса ичимлик суви масаласи янада оғирлашади. Афсусланарлиси, “Нурафшон” маҳалласи экинзорлар ўртасида жойлашган бўлса-да оқар сув билан ҳам таъминланмаган. Қишлоқ кишиларининг айтишича, томорқаларидаги дарахт ва бошқа экинларни челакда сув ташиб суғоришар экан.

Фото: "Халқ сўзи"
Фото: "Халқ сўзи"

“Нурафшон”ликлар “Обод қишлоқ” дастури ижросидан ана шу ва бошқа муаммолар ечимини кутишмоқда. Қишлоқларининг обод ва кўркам бўлишига катта умид билан қараган ҳолда, ободонлаштириш ишларида ўзлари ҳам ҳамжиҳатлик билан қатнашишларини айтишмоқда. Ўйлаймизки, дастур ижросига масъул ташкилот ва раҳбарлар Мирзаободдаги мазкур маҳаллада олиб борилаётган “Обод қишлоқ” дастури ижросини тезлаштириш борасида янада аниқ чора-тадбирлар белгилаб оладилар.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар