“Обод марказ” дастурининг дастлабки тақдимоти Тошбулоқда ўтказилди

12:30 09 Июль 2019 Жамият
247 0

Наманган тумани маркази – Тошбулоқ шаҳарчасида амалга оширилган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари натижасида янгидан барпо этилган ҳамда қайтадан қурилган иншоотларнинг тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 29 февраль – 1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлар асосида вилоят бўйича “Обод марказ” дастури ишлаб чиқилганди. Айни дастурга мувофиқ амалга оширилган катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари шарофати билан Тошбулоқ ҳам ҳар жиҳатдан тўкис, аҳоли учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган ҳудудга айланди.

Туман марказини замонавий шаҳарга айлантириш бўйича тузилган режага асосан, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий йўналишлардаги 209 та объектда жами қиймати 102,0 миллиард сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари рўёбга чиқарилди. Жумладан, Маданият саройи мукаммал таъмирланиб,қўшимча равишда замонавий мажлислар зали барпо этилди. Давлат хизматлари маркази биноси, “Бахт уйи”, республика Президентининг Халқ қабулхонаси, Давлат солиқ инспекцияси, санитария эпидемиология назорат маркази, фавқулодда вазиятлар ва бошқа бир қатор муассасаларнинг янгиланган бинолари ҳамда кўп қаватли тураржойлар билан Тошбулоқнинг қиёфаси бутунлай ўзгарган.

Туман марказидан ўтган автомобиль йўлининг равонлиги, унинг икки тарафи янада обод тус олганлигидан, айниқса, аҳоли хурсанд. Хусусан, “Тошбулоқ –Шаҳанд” йўлининг 5 километр қисми янгиланганидан сўнг бу ерда тўрт полосали қатнов имконияти яратилди. И. Раҳматов кўчасидаги 2 километрли йўл ҳам янгиланиб, тўла асфальт ётқизилди. Ҳудудда узоқ йиллардан бери оғриқли масала бўлиб келаётган канализация тармоғи,электр энергияси, табиий газ тармоқларини таъмирлаш ҳамда янгиларини барпо этиш масаласи ҳам ижобий ҳал қилинди.

Дастур ижроси доирасида барпо этилган тураржой бинолари аҳолининг замонавий яшаш жойларига бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим қадам бўлганлигини таъкидлаш ўринлидир.Йўлнинг икки тарафида барпо этилган 5 та уч қаватли бино 90 та оилани ўз бағрига олган бўлса,биринчи қаватидан савдо ва маиший хизмат шохобчалари ўрин олган иккита 5 қаватли тураржойнинг 96 та хонадонида уй тўйлари ўтказилди.

Янгиланган Тошбулоқнинг тақдимоти шаҳарда барпо этилган “Хотира хиёбони”нинг тантанали очилиш маросими билан бошланди. Марказида “Мотамсаро она” ҳайкали салобат тўкиб турган ям-яшил хиёбон аждодларга эҳтиром, ёшларга ибрат масканига айланиши шубҳасиз.

-Бугун Тошбулоқ кўчаларини айланиб, шаҳримизнинг янги ҳаёти бошланганига амин бўлдим, -дейди 95 ёшли Абдусалом ота Раҳмонов. – Бу ерда аҳолининг муносиб турмуш кечириши учун яратилган шарт-шароитни кўриб, “Обод марказ”дастури ижросини ташкил этган инсонларга тасанно айтгиси келади, кишининг. Бу сингари кенг ва равон йўл, обод кўчалар, шинам уй-жойлар халқимизнинг азалий орзуси эмасмиди? Унинг рўёби, биз кўрмаган кунлар фарзандларимизга насиб этганидан бошимиз осмонда.

- Кейинги бир йилнинг ўзидаТошбулоқҳамэни, ҳам бўйига ўсиб, унинг умумий майдони 120 гектарга етди,-дейди туман қурилиш бўлими бошлиғи Улуғбек Холматов. – Шундан келиб чиқиб, бунёдкорлик ишлари бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.Чунки, олдинда 27 минг аҳоли истиқомат қилаётган шаҳарнинг ичимлик сув таъминотини изчил йўлга қўйиш борасидаги тадбирларни ниҳоясига етказиш, қурилиши бошланган 189 та кўп қаватли турар жой биноларини битказиш, кичик саноат зонасида 28 тадбиркор ҳамшаҳаримиз томонидан барпо этилаётган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилишини тугаллаш сингари долзарб вазифалар турибди. Уларнинг барчаси йил охирига қадар ижросини топади.

Айтиш лозимки, Тошбулоқ шаҳрининг тақдимоти вилоят туманларида амалга оширилаётган “Обод марказ” дастурининг дебочаси сифатида туман аҳли, вилоятнинг бошқа ҳудудларидан ташриф буюрган меҳмонлар иштирокида катта байрамга айланди.

Тақдимот тадбирларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т. Худойбергенов, Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров қатнашдилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.“Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019