“Обод хонадон — юрт кўрки” лойиҳаси доирасида яна бир оилага қувонч улашилди (Фото)

11:17 13 Июнь 2018 Жамият
427 0
Фото: «Халқ сўзи»

Қувасой шаҳар Шабнам кўчасида истиқомат қилувчи Баҳриддин Отаев кўп йиллардан буён умуртқа-бел чурраси касаллиги билан курашиб келади. Икки нафар фарзанднинг отаси Баҳриддинга оғир юмуш бажаришни шифокорлар томонидан тақиқланган. Унинг устига, турмуш ўртоғининг ҳам ногиронлиги бор. Бу оиланинг ҳар томонлама оёққа туриб олиши учун кўмак жуда зарур эди...

Фото: «Халқ сўзи»

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Обод қишлоқ дастури асосида “Обод хонадон — юрт кўрки” лойиҳаси туфайли Отаевлар хонадонига ҳам файз кирди. Гап шундаки, Федерация ва унинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан Отаевлар хонадони уч ҳафта муддатда ободонлаштирилиб, капитал таъмирлаб берилди.

Фото: «Халқ сўзи»

"Режага кўра, хонадонда салкам 50 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Уйнинг том қисми қайтадан ёпилди. Икки хонали хонадон тўлиқ таъмирланди. Айвон ва ошхона биноси қурилди. Ҳовли юза қисмига қаттиқ бетон қопламаси ётқизилди. Мавжуд иссиқхона қайтадан таъмирланди", - дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси раиси Аҳроржон Раҳмоналиев.

Фото: «Халқ сўзи»

Фарғона вилоятидаги мухбиримиз Элёржон Эҳсоновнинг маълум қилишича, шахсий даромадларини кўпайтириш мақсадида хонадоннинг чорбоғ қисмига товуқхона қурилиб, 30 бош товуқлар етказиб берилган. Бу эзгу ишлар натижасида яна бир маҳзун кўнгиллар шод бўлди.

Фото: «Халқ сўзи»

Ҳовлини Отаевлар оиласига топшириш маросими тўйга айланиб кетди. Лойиҳа ташаббускорлари Баҳриддин Отаевнинг ўғли Нуриддиннинг суннат тўйини ўтказиб беришадиган бўлишди. Шу куни ҳовлида ифторлик дастурхони ёзилди.

Фото: «Халқ сўзи»

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Обод қишлоқ дастури асосида “Обод хонадон-юрт кўрки” лойиҳасини доирасида 2018 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда биттадан кам таъминланган, эътиборга муҳтож хонадонлар тўлиқ ободонлаштирилиб, капитал таъмирлаб берилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар