Обод бўламиз деб чакки тагида қолдик... ёки обод маҳаллалар аҳолиси нимадан норози?

17:50 19 Февраль 2019 Жамият
443 0

Муаллиф олган суратлар.

Шаҳрисабз шаҳридаги Ипак йўли, Ғалаба маҳаллалари 2018 йили “Обод маҳалла” дастурига киритилганида ушбу маҳаллаларда яшовчиларнинг қувончи чексиз эди. Аммо ўтган йили ҳудудда дастур асосида белгиланган вазифалар бажарилмади.

Аҳоли мурожаатлари асосида ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг 2018 йил 16 августдан 30 декабрга қадар Қашқадарёда олиб борган фаолияти давомида соҳада ҳали бир талай муаммолар борлиги маълум бўлди.

Хусусан, жойларда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар тугатилмаган, айримлари умуман бошланмаган бўлишига қарамасдан, кўпчилик маҳалла фуқаролари йиғинларида иш ўта қониқарсиз ташкил этилган. Аксарият ҳудудларда аҳоли хонадонларининг 70 — 80 фоизида таъмирлаш ишлари лозим даражада ташкил қилинмагани, яшаш уйларининг фасад қисмлари таъмирланмагани, томорқа ерларида экинлар экилмагани аниқланган.

Муаллиф олган суратлар.

 

Ишчи гуруҳи маълумотида келтирилишича, Шаҳрисабз шаҳридаги “Ипак йўли” МФЙдаги 13 та кўп қаватли уйнинг биронтасида 2004 йилдан бери иситиш ва ичимлик суви таъминоти тизимлари умуман ишламаган, ушбу уйларда 2007 йилдан бери табиий газ ҳам йўқлиги сабабли аҳоли ёнғин хавфсизлиги талабларига зид равишда мажбурликдан ўтин ҳамда газ баллонлардан фойдаланиб келмоқда, “Обод маҳалла” дастури доирасида уйлар атрофидаги ноқонуний қурилмалар бузилмаган, болалар майдончалари қурилмаган ва йўллар таъмирланмаган.

“Республика ишчи гуруҳи хулосасидан кейин бу муаммолар ўз ечимини топгандир”, деб ўйларсиз. Албатта, ишчи гуруҳи мазкур муаммоларни ўрганганидан кейин, яъни қиш кунлари кириб келганида бу соҳадаги мутасаддилар “ғимирлаб” қолишди. Ишчи гуруҳи хулосасидан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишга киришилди. Аммо ёз бўйи қилинмаган ишларни қисқа вақтда бажариш имкони борми?! Табиийки, йўқ. Натижада яна аксарият ишлар одатдагидек — ўлда-жўлда қолиб кетди.

Муаллиф олган суратлар.

Ушбу муаммолар натижасини ўрганиш мақсадида Шаҳрисабз шаҳридаги Ипак йўли маҳалласида бўлганимизда, қалин қор ёғаётган эди. “Қолган ишга қор ёғар” деганларидек, маҳалла ички йўлларида юришнинг ўзи амримаҳол. Маҳалла раиси Мавлуда Юлдашева маҳалла билан таништириш асносида йўллардан хижолат чеккандек бўлди.

— Йўлларимиз ҳали тайёр эмас, шунинг учун ҳамма жойга боришимиз қийин, лойга ботиб қоласиз-да, — дейди у хижолатомуз. — Лекин ишчи гуруҳи ўрганиб кетганидан кейин анча ўзгаришлар бўлди. Ҳозир ичимлик суви ўтказиляпти. 13 та кўп қаватли уйнинг ҳаммасида газ таъминоти тўлиқ йўлга қўйилди. Канализация қувурлари янгидан ўрнатиб чиқиляпти. Умуман, ишчи гуруҳи камчиликларни кўрсатганидан кейин мутасадди ташкилотлар масъулиятини сезди. Ширкатимиз ҳам ишлашга ҳаракат қилиб жонланиб қолди. Ички йўлларимиз сув ва канализация қувурлари ўтгандан кейин асфалть қилинади.

Лойга ботиб бўлса-да, айрим уйлар олдига бориб, хонадон эгалари билан суҳбатлашдик. Дарвоқе, бу маҳалла билан бирга унга қўшни бўлган Ғалаба маҳалласи ҳам ўтган йили “Обод маҳалла” дастурига киритилган экан.

Муаллиф олган суратлар.

Ушбу маҳаллада яшовчилардан Алишер Абдиев ва Жаҳонгир Бекмуродов эса уйларни иситиш масаласи жуда оғирлиги, шу пайтгача электр печкада иситилганлиги, ҳозир газ келгани, лекин газда уйни иситиб бўлмаслиги, сабаби, оилаларда ёш болалар борлигини айтишади.

— Уйимиз биринчи қаватда жойлашган, — дейди 108-уй, 10-квартирада яшовчи Гўзал Бурганова. — Биринчи қаватдагиларда газ йўқ. Шунинг учун печкада ўтин ёқишга мажбур бўляпмиз. Уйларимиз эса захлаб кетган.

— “Обод маҳалла” дастури бўйича кўчаларимизга канализация, сув қувурлари тортилди, — дейди Ғалаба маҳалласи яшовчи Тўлқин Тожихонов. — Лекин том тўлиқ таъмирланмади. Шунинг учун чакки ўтиб, уйларимиз захлаб кетяпти. Подъездлар “қўл учида” грунтовка қилинган. Иситиш учун электр печкадан фойдаланамиз.

— Уйимизнинг тепасида таъмирлаш ўтказилганидан кейин аҳвол яхшиланиши ўрнига чакки ўтадиган бўлиб қолди, — дейди шу маҳалладаги 4-уй, 4 квартирада яшовчи Раъно Сайфуллаева. — Ёғингарчилик бошланганидан буён шундай. Мана, кўраётган бўлсангиз сув оқиб, шифт ва деворлар намиқиб кетган. Сектор бошлиқларини танимайман, келишмаган, лекин ширкатдан келишган, таъмирлаб берамиз, дейишганди, аммо шу пайтгача дараклари бўлмади.

— Маҳалламиз ўтган йили “Обод маҳалла” дастурига тушиб, тугаб ҳам бўлди. Кўп режалар қилинган, лекин амалда бажарилгани йўқ, — дейди “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулнора Оққўзиева. — Аммо ҳокимимиз “Йўлларни асфальт қиламиз, уйларга икки камерали замонавий иситиш мосламалари ўрнатамиз”, деб ҳаракат қиляптилар. — Учта кўчамиз бор. Биздаги муаммолар — йўлларимиз расво, битта кўп қаватли уй авариявий ҳолатда. Раҳбарларнинг ҳаммаси кўрган. Лекин натижа бўлгани йўқ. Ўша уйда ўзим ҳам яшайман, очиғи, айтишга ҳам уяламан. “Бу йил қиламиз, дейишган. “Йўллар ичимлик суви, канализация тармоқлари уйларга киритилгандан кейин қилинади”, дейишмоқда.

Муаллиф олган суратлар.

Бу ҳудуддаги ижтимоий муаммоларнинг айримлари холос. Афсуски уларнинг аксарияти қоғозларда бажарилиб, асосий ишлар қиш келганда қор остида қолиб кетмоқда. Акс ҳолда, республика ишчи гуруҳининг вилоятдаги 568 минг 628 та аҳоли хонадонларида уйма-уй юриши ҳамда ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиши давомида жами 115 минг 502 та муаммо аниқланмаган бўлар эди.

Аҳад Муҳаммадиев (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019