Исмоил Жўрабеков: Обиҳаёт — ўтмишимиз, бугунимиз ва келажагимиз

10:41 01 Июнь 2018 Иқтисодиёт
1109 0
Фото: Крамола

Ўзбекистоннинг сув хўжалиги фахрийлари сифатида биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Қишлоқ ва сув хўжалигида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини ўта муҳим ҳужжат, деб қабул қилдик. У билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ташкил этилди. Сув хўжалиги вазирлигига асос солиниши, моҳиятан қайта тикланиши обиҳаётнинг замонавий дунё ва келгуси тараққиётдаги беқиёс ролини чуқур англашдан келиб чиқади. Бундай англаш нафақат давлат раҳбари, балки Тошкент қишлоқ хўжалиги ирригацияси ва мелиорацияси муҳандислари институтида таҳсил олган мутахассисга хосдир.

ЎЗБЕКИСТОНДА ўзининг чуқур илдизларига ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга ушбу соҳанинг аввалги ўрни ҳамда мавқеи тикланганлигини сув хўжалиги мутахассислари чин дилдан олқишлашмоқда.

Ахир, барчамиз жонажон юртимизнинг сув билан боғлиқ буюк тарихига гувоҳмиз. Бу тарих бир ярим минг йил илгари бунёд этилиб, ҳанузгача одамларга хизмат қилиб келаётган Дарғом канали, яна Эски Ангар, Шовот, Зах, Эски Туятортар сингари қадимий каналларда акс этиб турибди. Сўнгги канал номига эътибор беринг. У ирригатор боболаримизнинг санъатидан дарак беради. Ҳали геодезия асбоблари кашф этилмаган узоқ ўтмишда аждодларимиз сув йўлини аниқлаш учун туяларга юк ортиб, қўйиб юборишган ва канални карвон изи бўйлаб қазишган экан.

Ўлкамизда XX аср бошларида сув хўжалиги ҳамда мелиорация фанларига асос солинган. Ўша вақтларда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган илмий ва ўқув муассасалари, тажриба станциялари ҳамда иншоотлар негизида А. Костяков, Г. Ризенкампф, В. Журин, А. Аскоченский, В. Пославский, В. Малигин, Б. Коржавин, Е. Замарин, С. Алтунин, Р. Алимов, А. Мухамедов, Х. Ахмедов, Х. Якубов, Х. Исмагилов, Н. Янишевский, Д. Кац, Л. Дунин-Барковский, А. Рачинский ва бошқа кўплаб машҳур олимлар ушбу йўналишда касбий билимларнинг асосини шакллантирганлар.

Халқимизга хос ажойиб анъана — ҳашар Фарғона водийсида вужудга келганини ҳамма билади. Айнан шу усул билан бор-йўғи тўрт ой ичида ўша давр учун гигант қурилиш ҳисобланган Катта Фарғона канали ва унинг барча иншооти бунёд этилган. Урушдан аввалги уч йил давомида ҳашар ўлкамиз бўйлаб кенг тарқалган ва кўп жойда барча муҳандислик иншоотларига эга суғориш тизимлари яратилган.

Урушдан кейинги йиллар эса бошқача ёндашув билан ажралиб турди. Юқори технологияли қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланишга мўлжалланган, катта ўлчамли суғориладиган ерларда янгича суғориш тизими қўлланила бошланди.

Соҳа ривожида навбатдаги босқич Мирзачўлдан бошланиб, сўнг Жиззах, Қарши, Сурхон — Шеробод чўлларига, Қорақалпоғистонга ва Сирдарё вилоятларига тарқалган, комплекс равишда олиб борилган йирик чўл ўзлаштириш ишларини ўз ичига олди. Бунда суғориш, мелиорация, инфратузилма объектлари ва коммуникация тармоқларини қуриш, ернин гҳолатини талаб даражасигача яхшилаш каби тадбирларнинг барчаси битта ташкилот томонидан, режали асосда бажарилган. Ана шу ноёб, кенг кўламли ёндашув ўша даврда Ўзбекистонни бошқарган, сув хўжалигининг моҳир ташкилотчиси Шароф Рашидович Рашидов номи билан боғлиқ.

Ўтган асрнинг 60 — 80-йилларида Ўзбекистоннинг сув хўжалиги қурилиш ишларининг ҳажми бўйича ҳам, техник тараққиёт даражаси бўйича ҳам мамлакатнинг етакчи тармоғига айланди. Иккита энг қудратли ташкилот — Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Главсредазирсовхозстрой” нафақат иш ҳажми ва қуриб битказилган объектларни фойдаланишга топшириш, балки мелиорация соҳасига янги техникани жорий этиш ишларида мусобақалашди. Ўзбекистонда қувурлар, темир-бетон лотоклар, полимер ва аралаш материалли қопламалардан фойдаланган ҳолда, йирик каналлар тизими барпо этилди. Натижада ўша йиллари қурилган каналларнинг фойдали иш коэффициенти анча юқори бўлиб, аввалги кўрсаткич — 0,64 фоиздан 0,75 фоизгача кўтарилди. Суғориш ишларидаги янгиликлар билан бир қаторда мелиорация тизими ҳам ривожланди. Республикада ишлаб чиқарилган, тор траншеяли ва траншеясиз дреноукладчиклар ёрдамида ер ости ёпиқ дренлар (ернинг захини қочиришга мўлжалланган зовурлар), шунингдек, вертикал дренаж системаси билан жиҳозланган иншоотлар қурилди. Ўзбекистонда биринчи марта комбинацияланган дренаж тизимлари ўзлаштирилди ва жорий этилди.

Бундай илғор технологиялар сув хўжалиги тизимларидан фойдаланишда янгича ёндашувларни талаб қилди. Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги раҳбарлари С. Мамарасулов, мутахассислар Е. Озерский ва Н. Ҳамроев ушбу тизимлардан фойдаланиш жараёнини саноат асосига ўтказишнинг асосчилари бўлишди. Бунда таъмирлаш-фойдаланиш ишлари иншоотлар, зовурлар, қудуқлар ва каналларни профилактикадан ўтказиш жадвалига кўра бажариладиган бўлди, ўз навбатида, сув хўжалиги таъмир индустрияси кучли ривожланишига хизмат қилди.

Фото: Advantour

СУВ ХЎЖАЛИГИ ва ерлар мелиорацияси бўйича янги услублар биринчи бўлиб бизнинг республикамизда жорий этилди, бу эса собиқ Иттифоқ ҳукумати ҳамда Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан умумиттифоқ миқёсида ва ҳатто хорижий давлатларда тажрибани ёйишга бағишланган тадбирларда фойдаланилди. Айнан шунинг учун 1975 йили Москвада Ирригация ва дренаж бўйича халқаро комиссия (ИДХК)нинг 9-чи конгресси ўтказилгандан сўнг, 60 мамлакатдан келган унинг қатнашчилари Ўзбекистонга ташриф буюриб, республикамизда амалга оширилган сув хўжалиги ва мелиорация ишлари билан танишишди. ИДХКнинг Африка — Осиё биринчи конференцияси 1978 йили Тошкентда ўтказилишига ҳам шу сабаб бўлди. 1985 йилда эса Тошкентда ИДХКнинг сайёр сессияси бўлиб ўтди. Ўзбекистонда мунтазам равишда хорижий мутахассислар малакасини ошириш курслари иш олиб борган. Ўзбекистонлик мутахассислар Россиянинг Новгород, Иваново, Волгоград вилоятларида, шунингдек, Афғонистон, Сурия, Яман, Ангола ва Кубада ирригация иншоотларини қуришди.

Ўзбекистон лойиҳалаш ташкилотлари бўйича ноёб салоҳиятга эга бўлган. Уларда фаолият юритган минглаб мутахассисларнинг меҳнати туфайли дунёдаги энг баланд Нурек ГЭСи тўғони, сув ҳажми бўйича энг йирик Тўқтоғул ва Туямўйин сув омборлари каби йирик иншоотлар қад кўтарган. 1960 — 1985 йиллар мобайнида Ўзбекистон мелиораторлари томонидан дунёда энг қудратли ҳисобланувчи Қарши насос станциялари каскади, Амударё оқимининг Зарафшонга сув ташламаси иншоотлари мажмуи, Туямўйин ва Тахиатош гидроузеллари, ноёб арк шаклида темир-бетондан қурилган, баландлиги 120 метрли Андижон гидроузели, Ҳисорак ва Тўполанг сув омборлари, бошқа кўплаб объектлар бунёд этилган. Буларнинг барчаси ўзбек олимларининг илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаларида олиб борган тадқиқотлари асосида жадал ривожланган мелиорация фани тараққиёти билан ҳамоҳанг давом этган.

МУСТАҚИЛЛИК эълон қилингач, Ўзбекистон ўз қўшнилари — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан ушбу йўналишда ҳамкорлик қилиш бўйича стратегик дастур билан чиқди. Собиқ Иттифоқ парчалангани аниқ бўлгандан кейин, трансчегаравий дарёларга айланган Амударё ва Сирдарёни ҳамкорликда бошқаришни ташкил этиш тўғрисидаги мурожаат ҳукумат ташаббуси билан минтақадаги барча сув хўжалиги идораларига юборилди. Сўнгра 1991 йилнинг октябрида Тошкент сувчилар йиғилиши ўтказилди.

1992 йилнинг бошида эса лойиҳаси Ўзбекистон томонидан тайёрланган “Давлатлараро сув захиралари манбаларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни биргаликда бошқариш борасидаги ҳамкорлик тўғрисида”ги келишув имзоланди. Айнан Ўзбекистон ғояси асосида Марказий Осиё давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссияси (ДМСК) деб номланган, ҳамкорликни кўзда тутувчи ташкилот юзага келди. Ўтган йили у ўз фаолиятининг 25 йиллигини нишонлади.

Афсуски, давлатлараро муносабатлардаги оқилона қадамлар сув хўжалиги ва суғориш соҳасида ички давлат бошқарувидаги кескин пасайиш билан бирга кечди. Бунга сабаб 1996 йили Сув хўжалиги вазирлиги тугатилиб, у Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан бирлаштирилиши эди. Ушбу қарордан кейин сув хўжалиги соҳасида парчаланиш бошланди. Вазирлик катта иш ҳажмларини йўқотди, уни молиялаштириш ва ходимлар сони қисқарди. Кўплаб мелиораторлар ишсиз бўлиб қолди. Бундай қарор қабул қилинишининг сабабини тушунтириш қийин: ахир, идоранинг вазифалари камайгани йўқ, аксинча, дарёлар трансчегаравий бўлиб қолиши натижасида улар яна ҳам мураккаблашди-да. Бир пайтнинг ўзида, бошқарувнинг Ғарб усулига мослашиш заруратини ҳисобга олиш ҳаракати бошланди. Шу мақсадда сув захираларини давлат даражасида бошқаришнинг гидрогеографик тамойилига асос солган “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мустақиллик йилларида Сув хўжалиги бош бошқармаси сув захиралари ва сув хўжалигининг қолган имкониятларига тўлиқ эгалик қилгани ҳолда, анча қисқартирилган молиявий ресурслар ҳамда давлатлараро сув тақсимотининг янги шартларига мослашишга мажбур бўлди. У ўзининг саъй-ҳаракатларини қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш, шунингдек, сув етказиб бериш тизимини йирик гидроузелларнинг ўзгарган иш тартибига мувофиқлаштириш каби масалаларга қаратди. Қўшни давлатлар ҳудудида қурилган сув омборлари ва ГЭСлар суғориш режимидан энергетик режимга ўтди, бу эса ёз ойларида сунъий равишда сув танқислигини келтириб чиқарди. Юзага келган вазият мавсумий сув омборлари қуриш учун катта миқдордаги капитал қўйилмаларни ҳамда реконструкция ишларининг, асосан, хорижий қарзлар ҳисобига бажарилишини талаб қилди. Натижада обиҳаётни насос станциялари ёрдамида кўтариб беришдек қимматга тушувчи тадбирлар зарурати пайдо бўлди. Агар илгари суғориш ва коллектор-дренаж каналларидан иборат улкан тармоққа тўлиқ техник хизмат кўрсатилган бўлса, энди фақатгина магистраллардаги таъмирлаш ишлари билан чекланиб қолинди.

НАТИЖАДА авваллари Ўзбекистон ирригацияси фахрланган ҳамма нарса — қувурлар ва лотоклардаги янгича конструкциялар, горизонтал ва вертикал ёпиқ дренаж — Сув хўжалиги вазирлиги тугатилиши оқибатида ёмон ишлайдиган тизимга айланиб қолди. Ёпиқ дренажни тозалаш ва профилактика қилиш ишларининг ҳажми бир неча мартага камайди, яъни йилига 3,5 минг километрдан фақат бир минг километргача қисқарди. Лотокларни алмаштириш ва таъмирлаш борасида ҳам натижалар ёмонлашди. Улардан фойдаланиш тизимининг ўзгариши сув хўжалиги органларининг фаолиятини қийинлаштирди, бунинг устига туман даражасидаги ташкилотларда штатлар жадвали бўйича ходимлар сони камайтирилди. Кўпгина хўжаликлараро каналлар эгасиз ариқларга айланиб қолди. Бундай вазият Сув истеъмолчилари уюшмаси (СИУ) деб номланган, фермерларнинг ихтиёрий равишда кооперациялашуви шаклига заруратни кун тартибига чиқарди. Бироқ афсуски, уларнинг ҳуқуқий ва ташкилий мақоми билан боғлиқ бир қатор масалалар ҳал этилмай қолди. Ушбу муаммолар СИУни тармоқдан тўғри фойдаланиш ва уни яхшилашга қодир бўлмаган, шунчаки заиф истеъмолчиларга айлантириб қўйди. Бундай шароит 2000-2001 йиллардаги қурғоқчилик оқибатида тармоқнинг ишдан чиқишини юзага келтирди. Сув хўжалиги ташкилотлари ўрта ҳисобда 30 фоизгача камайиб кетган обиҳаёт ҳажмини тенг тақсимлашни таъминлай олмадилар. Бу эса ўша йилларда Қашқадарё ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонда 350 минг гектар ернинг суғориладиган ерлар рўйхатидан чиқарилишига сабаб бўлди. 2017 йилга келиб, улардан юз минг гектарга яқининигина қайта тиклашга эришилди, холос.

Янги Сув хўжалиги вазирлигига ўтган 20 йиллик даврдан мерос сифатида ўта мураккаб муаммолар мажмуи тегди. Улар магистрал ва хўжаликлараро канал ҳамда иншоотларни бошқаришнинг беқарорлиги, суғориш ва дренаж тизимларининг техник даражаси пасайиб кетиши, собиқ ички тармоқнинг ачинарли ҳолатга тушиб қолганида намоён бўлди. Ана шундай шароитда имконият очиб берувчи ягона ижобий омил, бу — Президент Шавкат Мирзиёевнинг янгича ички ва ташқи сиёсати, шу жумладан, қўшни мамлакатлар билан муносабатларда мавжуд бўлган муаммоларни бартараф этишга қаратилган ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақанинг сув захираларидан оқилона фойдаланиш устида биргаликда ишлашга интилишдир.

МУТАХАССИСЛАР фикрича, 2018йилда сув танқислиги рўй бериши кутилмоқда. Шу боис кучайиб бораётган сув инқирозини енгиш учун минтақанинг барча мамлакатлари бир ёқадан бош чиқариши жуда муҳим. Мазкур жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, кенг кўламли сув стратегиясини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўларди. У 2035 йилгача бўлган давр учун обиҳаётни тежаш, шунингдек, оқова, коллектор-дренаж ва ер ости сувларидан иборат барча захираниишга солишни кўзда тутадиган саъй-ҳаракатларни ўз ичига олади. Бугунги кунда ана шу сувларнинг фойдаланилмаётган захиралари 12 миллиард кубометрдан зиёдни ташкил этмоқда. Сув ва ер захираларидан самарали фойдаланиш учун таҳлилий тузилмани ривожлантириш фойдадан холи эмас, токи соҳадаги мавжуд аҳвол чуқур ўрганилиб, уни ўнглаш чоралари ишлаб чиқилса ва бу чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур капитал маблағлар йўналтирилса. Ушбу тузилма ҳам республика ҳукумати, ҳам донорлар томонидан, энг асосийси, маҳаллий ҳокимликлар ва тармоқ мутахассислари томонидан ҳам қўллаб-қувватланса. Сув хўжалиги органларининг мустақиллигини ошириш, аввало, туман бўғинларининг, уларда меҳнат қилаётган гидротехниклар, гидрометрлар ва малакали миробларнинг фаолиятини кучайтиришни тақозо этади. Бунинг учун ҳисобдорлик ва назорат ҳамда ишонч механизмлари ишлаб чиқилиши лозим бўлади. Айниқса, ҳисоб-китоб устувор аҳамият касб этади, чунки сув захираларини бошқариш учун аниқ маълумотга эга бўлиш жуда муҳим. Обиҳаётни ҳисобга олмай сарфлайвериш тармоқда йўқотилаётган ҳажм кўрсаткичларини ва фойдали иш коэффициентини бузиб кўрсатади. Шу боис ҳозир ҳамма жойда бу кўрсаткичларни инвентаризация қилишнинг айни вақти. Негаки, кўпгина вилоятларда ҳанузгача эскирган ва бугунги реалликка тўғри келмайдиган маълумотлар сақланиб келяпти. Суғоришнинг меъёр ва жадвалларини қайта кўриб чиқиш пайти келди. Ахир шу кунгача амал қилиб келаётган қоидалар 1980 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, уларда ҳар бир гектарга сарфланадиган сувнинг миқдори жуда оширилган. “Фарғона вилоятида сув захираларини интеграциялашган усулда бошқариш” деб номланган лойиҳа доирасида нормативлар аниқлаштирилди, бу ҳозирги шароитда сув сарфини 20 фоизгача қисқартириш имконини беради. Лекин нимагадир мазкур усул жорий этилганидан кейин беш йил ўтгач, ишлар тўхтаб қолди. Аслида, бу катта маблағ талаб қилмайдиган, сувдан оқилона фойдаланишга қаратилган энг самарали тадбир бўлиб, жамоатчилик иштирокига ва сув истеъмолчиларининг ташаббускорлигига асосланган.

МЕЛИОРАЦИЯ тизими — барқарор деҳқончиликнинг асоси. Уни вена қон томирларига ўхшатиш ўринли, чунки тузлар ва ортиқча сувларни ҳайдайди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг таркибида кўп йиллар давомида гидрогеологик-мелиорация экспедициялари мавжуд бўлган эса-да, уларнинг фаолияти бутун сув хўжалиги комплекси иши билан тўлиқ равишда боғлиқ бўлмаган. Сирасини айтганда, айнан ўшалар ер ости сувларининг ҳолати ва ерлар шўрланиши бўйича олиб бориладиган кузатувлар натижасига қараб, дренажни давом эттириш ва ривожлантириш ишларини режалаштирадилар. Бунинг учун кузатув тармоғи ўта аниқликда, мукаммал асбоб-ускуналар ва масофавий ўлчов усулларидан фойдаланган ҳолда ишлаши керак бўлади.

Сувни истеъмолчига талаб қилинган ҳажмда ва керакли пайтда етказиб бериш Сув истеъмолчилари уюшмаларига муносабатни ўзгартиришни тақозо этади. Аммо бунинг учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорлик лозим. Яна парламент билан ҳам ҳамкорлик зарур, чунки СИУ билан давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйиш — давр талаби. Бунда давлат умумхалқ мулки бўлган обиҳаётдан оқилона фойдаланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини қисман уюшмаларга ўтказади, лекин шу билан бир қаторда, улар томонидан ушбу давлат функцияларининг бажарилишини қўллаб-қувватлайди. Фикримизча, Сув истеъмолчилари уюшмалари тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилиши керак. Унда ана шу ўзаро мажбуриятлар, шу жумладан, истеъмолчилардан (яъни томорқа эгаларидан ҳам) хизмат учун тўловларни йиғиш ҳуқуқи, сув ўлчагичлар ўрнатиш шартлари каби масалалар кўрсатиб берилади. Сув хўжалиги вазирлиги, шунингдек, СИУ учун мутахассисларни тайёрлаб бериш вазифасини бажаради. Суғориладиган ерларнинг ҳосилдорлигини оширишда фермерлар учун маслаҳат хизмати муҳим ўрин эгаллайди. Бу эса экинларни етиштиришда технологик тартибга аниқ риоя қилиш ва уларни суғоришда сувни кам сарфлаш ҳисобидан кўпроқ маҳсулот олишга имкон яратади. Вилоятлар ва туманлар бўйича сув сарфи кўрсаткичларида катта фарқ борлигини айтиб ўтиш жоиз. Алоҳида жойларда умумреспублика кўрсаткичларидан анча кўп ё анча кам сув сарфланади. Демак, вилоятлар ўртасида бу борада тажриба алмашишнинг ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир.

Сув хўжалиги саноати, яъни лотоклар, ёпиқ усулда ётқизиладиган қувурлар, каналлар четига териладиган қоплама материаллар, полиэтилендан тайёрланган дренаж қувурлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни қайта тиклаш соҳасида катта ишлар кутиб турибди. Таъмирлаш-фойдаланиш ишларини саноат усулида олиб бориш тизимига қайтиш ҳам долзарб. Бу, айниқса, коллектор-дренаж тармоғини шўрланиш ва лойқаланишдан сақлаш мақсадида профилактика олиб бориш, лотоклар ва қувурларни таъмирлаш, сув ўлчагичлар ва бошқа асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга тегишли. Насос станцияларидан фойдаланиш тизими ҳам қайта кўриб чиқилиши керак, чунки бу ерда автоматлаштириш, сув ва электр энергияси сарфини камайтириш учун катта имкониятлар мавжуд. Умуман, Ўзбекистон автоматика воситаларини, магистрал ва давлатлараро сув тармоқларидаSCADA (автоматик назорат ва доимий кузатув) тизимини жорий этишда биринчилардан бўлган эди. Айни вақтда бу ишлар бир оз тўхтаб қолди. Аслида, айнан ана шу омил сув истеъмолчилари ўртасидагишаффофлик ва ишончни орттириш, самарасиз йўқотишларни камайтиришга хизмат қилади.

ФИКРИМИЗЧА, сувдан фойдаланганлик учун тўлов тўлашнинг иқтисодий механизмини жорий этиш вақти келди. Бунда тўлов миқдори олинган сув ҳажмига қараб белгиланади, муҳими — ортиқча сарф учун тариф ортиб боради, тежаб қолинган обиҳаёт учун эса имтиёз ва мукофотлар кўзда тутилади.Фақат сувдан тўлов эвазига фойдаланишга ўтишгина вазиятни тўғрилашга ёрдам беради. Лекин марказлашган сув узатишни базавий молиялаштириш тартиби сақланиб қолиши керак, сув таъминотига кетадиган харажатларнинг бир қисми эса тўлов тарифларини асослаш учун хизмат қилади.

Табиийки, сув хўжалиги иншоотларидан фойдаланишга қаратилган бу тизимда юқори малакали, шунингдек, муҳандислик, ташкилий, иқтисодий ва экологик таҳлил, ахборот технологиялари, шу жумладан, географик ахборот тизими (ГАС) ва масофавий асбоб-ускуналар каби йўналишларда замонавий усулларни эгаллаган мутахассисларга талаб катта. Давлатимиз раҳбари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ёш мутахассисларни ўқитиш тизимини кучайтиришга алоҳида эътибор берди. Энди абитуриентлар сонини кўпайтириш керак. Яна мутахассисларнинг малакасини ошириш, соҳада ишлаб турган ходимларнинг ҳар йили камида бешдан бир қисмини қайта тайёрлаш лозим. Айни вақтда бир йилда ўртача минг нафар ходим қайта тайёрлашдан ўтаяпти, бугунги кунгача 2 200 нафари ўқитилди.

Янги ташкил этилган вазирлик илм-фан билан бирга ишлашга, яъни илм-фанга вазифа бериш, уни тинглаш ва унга ёрдам беришга ўрганиши керак. Ҳукуматимиз илмий ташкилотлар, хусусан, бутун дунёда нуфузга эга бўлган ДМСК Илмий-текшириш марказини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун имконият топишига умид қиламиз.

Сув хўжалиги ва мелиорация ҳамиша тараққиёт байроқдори бўлган. Соҳанинг нуфузи қайта тикланиши лозим. Мелиорация куни таъсис этилиши ҳам шу олижаноб касбнинг аҳамияти ортишига хизмат қилган бўлар эди.

Агар илғор тажрибага мурожаат қиладиган бўлсак, республикамизда яна 2-2,5 миллион гектар ерни фақат ўз захираларимиз ҳисобидан суғориш, иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарлардан қўрқмаслик учун имкониятлар пайдо бўлади.
Исмоил ЖЎРАБЕКОВ,
Виктор ДУХОВНИЙ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригаторлар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар