Нью-Йоркда «Mahalla USA​» ва «Turon Trade House​» савдо уйи очилди

14:34 05 Сентябр 2020 Жамият
216 0

Мамлакатимизнинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан «Mahalla USA» диаспора ташкилоти ва ва «Turon Trade House»​ савдо уйининг расмий очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Байрам тадбирини «Mahalla USA»​ президенти Абдумалик Аҳмедов очди ва йиғилганларни Ўзбекистон мустақиллиги куни билан табриклади.

«Mahalla USA»​нинг устувор мақсади АҚШда яшовчи ўзбекларни бирлаштириш, ватандошларни Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилиш, Ўзбекистон миллий байрамлари арафасида тадбирлар ўтказиш, Ўзбекистон фуқароларининг АҚШда бўлишлари бўйича зарур маслаҳатларни беришдан иборат. Шунингдек, ватандошлар ўртасида спорт мусобақаларини, хусусан, «Наврўз кубоги» ва «Мустақиллик кубоги» футбол турнирларини ташкил этиш билан боғлиқ долзарб масалаларни биргаликда ҳал қилиш, якшанба кунги мактаблар негизида аъзолар фарзандлари учун ўзбек тилини ўрганиш, миллий қадриятлар ва тарихий ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга қаратилган тўгараклар ташкил этади.

«Turon Trade House»​ савдо уйининг очилиши Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириб, Ўзбекистон мева-сабзавотлари, консерва маҳсулотлари, қуритилган мевалар, ҳунармандчилик, тўқимачилик ва бошқа маҳсулотларни Америка бозорига экспорт қилишни таъминлаш учун ноёб платформа бўлиб хизмат қилади.

Абдумалик Аҳмедов «Mahalla USA» ва «Turon Trade House» ​ савдо уйини жиҳозлашда, шунингдек, мамлакатимизнинг манфаатдор идоралари билан алоқаларни ўрнатишда ёрдам бергани учун Бош консулхонага миннатдорлик билдирди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов, мамлакатимиз Бош консули Камол Икромов, Туркистон-Америка уюшмаси президенти Абдулла Хўжа, АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси президенти Борис Кандов, Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси раиси Мухтор Умаров ва бошқалар сўзга чиқиб, ғоя муаллифларини қутлади.

Тантанали очилиш маросимида «Turon Trade House» ​ савдо уйи раҳбари Абдумалик Аҳмедовга АҚШда расмий бизнес вакили сифатида тан олингани тўғрисида Ўзбекистон экспортчилар уюшмасининг махсус сертификати топширилди.

Иштирокчилар Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини ошириш, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни сақлаш, давлат ва жамоат бошқарувини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган амалий тадбирларни юқори баҳолади.

Тадбирда сўнгги йилларда республикада жадал ривожланиш босқичи кузатилгани, турли соҳаларда кенг кўламли ва чуқур ўзгаришлар амалга оширилаётгани, мамлакатнинг халқаро обрўсини оширишга ҳисса қўшадиган мутлақо янги сиёсий муҳит шакллангани алоҳида таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?