Нурсухдаги бир дарахтдан бир йил писта, иккинчи йил бодом олинади. Унинг ёши 1 минг 200 да

16:43 04 Август 2020 Жамият
225 0

Фарғонада мамлакатимиз номи билан аталувчи бир донагина туман мавжуд. Ўзбекистон туманида тарихий қишлоқлар сирасига кирувчи Нурсухда асрлар мобайнида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган афсоналар жуда кўп.Баъзида уларни тинглаган кимса ҳайратга тушади,ёқа ушлайди. 23 минг сонли аҳолига эга 100 ёшли бу қишлоқ - олимлари, миришкор деҳқон ва чорвадорлари, мамлакатимизга танилган ҳуқуқшунослари билан машҳур.

Муқимий домла ўзининг саёҳатномасида Нурсухнинг тотли мевалари ҳақида ўзгача завқ билан ёзган эди. Бугун ҳам ушбу тарихий гўшага ташриф буюрган сайёҳ Нурсухда мозий ва замонавий тараққиёт ўзаро уйғунлашиб кетганлигини кузатиш мумкин.

Меҳнат фахрийси, халқ селекционери Рустам ота Мамадалиевнинг хонадони келинчакнинг гўшангасини эслатади. Анвойи гуллар, ноёб манзарали дарахтлар ҳайратни оширади. Биолог олим писта кўчатини пайвандлаб кўпайтириш билан ҳам шуғулланади. Бутун маҳалла унга ҳавас қилиб деҳқончилик миришкорига айланди.

Нурсухдаги Султон Саййид Камолиддин ота зиёратгоҳи ҳамда Сартепа тарихий обидаси халқ сайиллари, байрамлари ўтказиладиган муборак маскан. Эътиқодда собит Ҳасанбой Аҳмедовнинг қайд этишича, халқ тилида Хўжа Писта Бобо номи билан танилган 60 гектарлик мазкур зиёратгоҳ бир неча асрлик тарихга эга. Зиёратгоҳ ўртасидаги писта дарахти 1200 йиллик бўлиб, бир пайтлар унга ўнта одамнинг қулочи етмас эди. Бундан тахминан икки юз йиллар бу ерда ёнғин бўлгач, писта дарахти ҳажми анча кичрайиб кетди. Айтганча, Нурсух деган сўзнинг келиб чиқиши билан боғлиқ талқинлардан бирида «олов ўч» деган маъно борлиги таъкидланади.

Ривоятларга қараганда, Ислом дини ривожига катта ҳисса қўшган уч нафар ака-ука авлиёлар Макка ва Мадина шаҳридан йўлга чиқиб, бир қўлларида писта, бирида ёнғоқ дарахтидан тайёрланган ҳасса билан шу зиёратгоҳда тўхташган. Ҳассаларини қуруқ ерга суқиб қўйишгач, ундан мана шу писта ва ёнғоқ дарахти деярли битта дарахт танаси бўлиб униб чиққан. 1200 йилдан буён бу дарахтнинг ҳосил бераётгани ҳақиқатдан ҳам чинакам мўъжизадир. Абадият тимсоли бўлган бу дарахт халқимиз билан бирга тарихнинг бирда қайғули, бирда қувончли не-не воқеаларига гувоҳ бўлмаган дейсиз!

Нурсухлик нуронийлар шу қишлоқда яшаб ўтган Абдулла мерган ҳақида ривоятларни ҳам мароқ билан сўзлаб беришди. Айтишларича, Абдулла мерган бир асрдан ортиқ умр кўрган. Ўз вақтида бу моҳир овчига Қўқон хони Худоёрхон ҳам тан берган эди. Эмишки, бир куни Худоёрхоннинг хос овчилари Нурсухда ов қилиб юриб, Абдулла мерган билан нишонга бехато уриш борасида баҳслашиб қолишади. Худоёрхон кекса ёшда бўлишига қарамай энг ишонган овчиларини доғда қолдирган Абдулла мерганни саройга чорлаб, совғалар беради. Нуронийлар Худоёрхоннинг кўплаб полвонлари ҳам шу қишлоқдан чиққанини ғурур билан хотирлашди. Ҳар соҳада моҳир нурсухликларнинг бугунги авлодлари ҳам деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик, тадбиркорликда чорҳунар эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

Нурсухлик тарихчи Сойибжон Раҳмонов қишлоқ тарихини ўрганиш борасида бир неча йиллар изланишлар олиб борди. Аммо турмуш ташвишлари билан бўлиб, бу юмушларни бир маромда давом эттириш имкони бўлмади. Шу боис Нурсух тарих ҳақиқатларини аниқлаштириш бўйича фидойи тадқиқотчиларнинг илмий изланишларини кутмоқда. Дарҳақиқат, Нурсух тарихи ҳозиргача қунт билан ўқилмаган китоб.

Хуршидабегим ҲАКИМОВА
Фарғона шаҳар 4-мактаб ўқитувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?