Нуротада “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивали бошланди

12:34 30 Май 2018 Маданият
753 0
Фото: turkistonpress.uz

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларга эътибор қаратар экан, қадим анъана ва қадриятларимизни ардоқлаш, айниқса, бугун башарият мулки сифатида эътироф этилаётган фольклоримизнинг муносиб тарғиботини таъминлаш вазифаларини ҳам белгилаган эди.

Шу асосда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига кўра республика Маданият вазирлиги ташаббуси билан Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб фольклор жамоаларининг “Нурли наволар” халқаро фестивали ўз ишини бошлади. Бу ҳақда “Халқ сўзи” мухбири Темур  Эшбоев хабар бермоқда.

"Фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – қадимий фольклор санъати билан ўтмиш маданий ёдгорликларимиз тарихининг ўзаро боғлиқлигини, узвийлиги ва улуғворлигини ҳамда уларни буюк маънавиятимизнинг ҳақиқий сарчашмалари сифатида кенг тарғиб қилиш, ёшларни аждодларимиздан мерос улкан маънавий хазинадан баҳраманд этиш, уларда миллий ғурур, Ватанга садоқат туйғуларини юксалтиришдан иборатдир. Аслида бу барча халқларнинг бугунги ташвиши бўлиб қолмоқда", - дейди Маданият вазирлиги Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази директори Азамат Ҳайдаров.

Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, фестивалнинг жорий йилгисига 10 та хорижий мамлакатнинг 30 нафар вакили иштирок этмоқда. Бундан ташқари анжуман ўз атрофига фольклор санъатининг илмий тадқиқотчилари, элликка яқин хориж мамлакатларидан келган сайёҳлар ва юртимизда фаолият юритаётган чет эл ваколатхоналари вакилларини ҳам жамламоқда.

Фестиваль иштирокчилари анжуман аввалида Навоий шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гул-гулчамбарлар қўйишиб, ғазал мулки султони сиймосига ҳурмат бажо этдилар. Шундан сўнг меҳмонлар қадим Нуротага йўл олишди. Бу ерда фестиваль дастури доирасида миллий ҳунармандчилик, тасвирий ва амалий санъат намуналари кўргазмалари, “Китоб сайли” ва унинг доирасида мулоқотлар, халқ ўйинлари томошалари ташкил этилган.

Анжуманнинг кечки дастурида Қорақалпоғистон Республикасининг “Мейрас”, Андижон вилоятининг “Сайқал”, Бухоро вилоятининг “Қасри Орифон”, Жиззах вилоятининг “Ойпари”, Наманган вилоятининг “Уйчи тонгги”, Навоий вилоятининг “Сардоба”, Самарқанд вилоятининг “Бешқарсак”, Сирдарё вилоятининг “Сайхун йигитлари”, Сурхондарё вилоятининг “Бойсун”, Тошкент вилоятининг “Қурама”, Тошкент шаҳрининг “Дурдона”, Фарғона вилоятининг “Гулёр”, Хоразм вилоятининг “Наврўз”, Қашқадарё вилоятининг “Ризвонгул” каби фольклор-этнографик жамоалари ўзлари тайёрлаган куй-қўшиқларини намойиш этадилар.

Фестивал эртага Навоий шаҳрида давом этади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар