Нурбулоқдаги мактаб кўркам қиёфа касб этмоқда

11:47 21 Август 2020 Жамият
238 0

Жорий йилда Самарқанд вилоятида 1 та янги мактаб қад ростламоқда. 52 та умумтаълим мактабларида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Ушбу бунёдкорлик ишларига инвестиция дастури асосида 128,2 миллиард сўм, шунингдек, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 65 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан мактаблар обод ва кўркам масканларга айланиб, мустаҳкам моддий-техника базасига эга бўлмоқда.

Ажратилган миллиардлаб маблағларнинг ўз ўрнида сафарбар этилиши, қурилиш ишларининг сифатли амалга оширилиши, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича вилоят халқ таълими бошқармасининг қурилиш бўлими мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида доимий назорат олиб борилаётганини таъкидлаш жоиз. Негаки, ушбу қурилиш ишларининг сифатли амалга оширилиши, таълим муассасасида муаммоларсиз куз-қиш мавсумларини ўтказиш, бинонинг узоқ йиллар давомида келажак авлодга хизмат қилиши бевосита ана шунга боғлиқ.

Нуробод туманидаги Нурбулоқ шаҳарчасида жойлашган 41-умумтаълим мактабининг қурилганига қирқ йилдан ошган. 1100 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган ушбу мактабда ўтган бир неча ўн йил давомида фақатгина жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилган, холос. Жорий йил Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мактабни мукаммал таъмирлаш учун 3 миллиард 37 миллион сўм маблағ ажратилиб, 784 ўринли мактаб биносида қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

Қурилиш ишлари «Баҳо Ишонч Нурбулоқ» хусусий корхонаси ишчи ходимлари томонидан амалга оширилмоқда. Бугунги кунда мактабдаги таъмирлаш ишларининг 85 фоизи бажарилди. Жумладан, барча дераза ва эшик ромлари янгидан ўрнатилди, том қисми тўлиқ тунука билан қопланди. Мактаб ҳовлиси темир панжара билан ўралди. Янги ҳожатхона қурилди. Айни пайтда спорт зал ва фаоллар залини таъмирлаш, ички пардозлаш ишлари давом этмоқда. Мактабнинг иситиш тизими тўлиқ янгиланмоқда.

Эътиборлиси, 41-мактабдаги барча қурилиш ва таъмирлаш ишлари мактаб раҳбарияти, кузатув кенгаши томонидан тўлиқ назорат қилиб борилмоқда. Очиғини айтганда, мактаб директори Илҳом Турсунов бунёдкорлик ишларининг мукаммал бажарилиши учун ҳузур-ҳаловатни бир четга суриб, ҳар бир қарич бажарилган ишларни назорат қилиб бормоқда. Илҳом Турсунов ҳамда мактаб кузатув кенгаши раиси Нурулло Бекназаровлар томонидан ҳомийлар жалб қилинган ҳолда қарийб 30 миллион сўмлик ҳомийлик маблағлари жамғарилди.

— Мактабимизда мукаммал таъмирлаш ишларининг бошлангани нафақат таълим муассасаси жамоаси, шу билан бирга, «Нурбулоқ» маҳалласи аҳолиси, ота-оналар учун унутилмас хурсандчилик бўлди, — дейди 41-умумтаълим мактаби директори Илҳом Турсунов. — Айни пайтга қадар катта-кичик ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилаётгани, ота-оналарнинг мактабга келиб, ишчи ходимлар учун қўй сўйиб, озиқ-овқатидан хабардор бўлиб тургани фикримизни тасдиқлайди. Кузатув кенгашимизнинг раиси Нурулло Бекназаров, маҳалладаги тадбиркорларимиздан Баҳодир Холбоев каби ҳомийлар томонидан мукаммал таъмирлаш жараёнида ўқувчилар учун кенг имкониятлар яратиш, лаборатория хоналарини жиҳозлаш ишлари учун пул маблағлари берилди.

Таъкидлаш жоизки, мактабдаги таъмирлаш ишлари қисқа фурсатларда якунланади. Жорий йилнинг сентябрь ойида бутунлай янгича қиёфа касб этган, таълим-тарбия жараёнлари учун кенг имкониятга эга мактаб фойдаланишга топширилади.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?