Нукусда тупроқ музейи ташкил этилади

09:47 06 Октябр 2020 Жамият
88 0

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафарида бўлиб, Нукус шаҳрида жойлашган Оролбўйи халқаро инновация марказининг раҳбар ўринбосарлари ва мутахассислари билан учрашди. Учрашувда Марказ фаолиятига доир стратегик ва жорий режалар муҳокама этилди. Марказ томонидан олиб борилаётган билан танишди.

И. Абдураҳмонов Оролбўйи халқаро инновация марказининг «Мўйноқ» тажриба-синов майдонида маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари қурилиши ишларига старт берди. Бугунги кунда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали фаолияти молиялаштирилаётган Мўйноқ тумани Тикўзак қишлоқ фуқаролар йиғинидаги «Мўйноқ» тажриба-синов майдонига ажратилган 20 гектардан ортиқ ер ўзлаштирилиб экинлар экилган бўлиб тажриба майдони сифатида чўл ўсимликлари генофондини яратиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Мўйноқ участкасида 4 мингдан ортиқ сумак, ясин, қайрағоч ва хитой толи, толь, листрум, канада тераги, кўк терак каби экинлар экилмоқда. Шунингдек, атроф майдонларни ўзлаштириш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Эндиги вазифа шу ерда меҳнат қилаётган фуқароларнинг ишлашлари, тадқиқот ишларини олиб бориш учун ташриф буюрадиган изланувчиларнинг илмий фаолиятлари учун қулай шароитлар яратиш.

Қурилиш ишлари Нукус тумани «Саманбай» тажриба-синов майдонида ҳам амалга оширилади. У ерда лаборатория биноси, хостел ва тупроқ музейи барпо этилиши режалаштирилган. Ўз навбатида Иброҳим Абдураҳмонов бу ерда нафақат тадқиқотчилар ва сайёҳлар учун, балки юртимизнинг тадбиркорлари учун ҳам қизиқарли объектлар тақдим этилиши кўзда тутиб, бизнес-акселератор ва коворкинг зоналарни ташкил этишни ҳам айтиб ўтди.

Дубай шаҳрида жойлашган Шўрланиш шароитидаги биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA)нинг бош офисига илмий амалиёт ўташ учун юборилган Оролбўйи халқаро инновация марказининг мутахассислар БААдаги тупроқ музейидан илҳомланиб, худди шундай музей яратишга қарор қилишди. Ҳудудда учрайдиган тупроқлардан намуналар олиб, ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар илова қилинадиган музейда Ўзбекистонда учрайдиган 150 тадан ортиқ тупроқ турлари жойлаштирилади.

Кун якунида Иброҳим Абдураҳмонов манзарали ва бошқа ўсимликлар учун питомник яратишнинг инновацион усулларини жорий этиш бўйича маслаҳат ва тавсияларни бериб, Оролбўйи халқаро инновация марказида иш олиб бораётган ёш мутахассис ва олимлар билан алоҳида суҳбат ўтказди. Суҳбат давомида Япониянинг Тоттори Университетига илмий-стажировкага кетаётган олимларга омад тилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?