Нукус гарнизонида аскарларнинг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди

09:01 13 Июль 2020 Жамият
555 0

Жорий йил муддатли ҳарбий хизматни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида ўташ учун келган минг нафарга яқин ёшлар мана шундай синовли дамларда юртимизни кўз қорачиғидек асрашни, уни ҳимоя қилишни аҳд қилиб, Ватанга қасамёд қабул қилишди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати​ хабар берди.

Шу муносабат билан Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўтган тантанали тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими вакиллари иштирок этди.

Тантанали марш садолари остида майдонга Жанговар байроқ олиб кирилди.

Шундан сўнг янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар карантин қоидалари ва ижтимоий масофаланиш тартибларига риоя этган ҳолда она юртимизнинг сарҳадларини, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сўнгги нафаси қолгунча ҳимоя қилишга онт ичиб, биринчилар қаторида Президентимиз ташаббуси билан яратилган янги «Ватанга қасамёд» матни бўйича содиқликка онт ичишди.

Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг давлат мадҳиялари янгради.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг аскарларга йўллаган табрикномасини ўқиб эшиттирди.

Қўмондон Ватанга қасамёд қабул қилгани муносабати билан табрик нутқида аскарлардан хизмати давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг бой тарихий мероси, анъана ва урф-одатларини чуқур ўрганиб, ҳарбий касбни мустаҳкам эгаллаб, амалий кўникмаларни доимо ошириб боришни сўради.

«Азиз фарзандларим! Сиз каби ватанпарвар, садоқатли, фидойи, забардаст йигитларни вояга етказган ва юртимизни ҳимоя қилиш учун ҳарбий хизматга юборган ота-оналарингизга чексиз ҳурматимни билдирган ҳолда муҳтарам Президентимиз ва шахсан ўзим номимдан миннатдорчилик билдираман», – деди жумладан, полковник Ф.Шерматов. 

Шунингдек, сўзга чиққанлар аскарларни унутилмас кун муносабати билан табриклаб, уларга юксак ишонч билдиришди.

Таъкидлаш жоизки, пандемия билан курашиш, Коронавирус юқумли касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида юртимизда карантин қоидалари кучайтирилгани сабаб, тантанали тадбирда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок эта олмади. Аммо, ҳарбий округ қўмондонлигининг ташаббуси билан тадбирда ўғлонларнинг қасамёд қабул қилиш жараёни акс этган фотосурат ҳамда видеолавҳалар ҳар бир ота-онага электрон шаклда месенжерлар орқали юборилиши таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг аскарларга совғаси сифатида тақдим этилган «Ўзбекистон тарихи» ва «Темур тузуклари» китоблари йигитларга ўзгача қувонч бағишлади. Ҳар бир аскарга Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг йўллаган номма-ном табрикномаси, йигит киши ҳаётида бир маротаба бўладиган Ватанга қасамёд маросими ҳақида илиқ таассуротларнинг бир умрга муҳрланишини таъминлади.

Тадбир давомида яқиндагина Қуролли Кучлар сафларига келган муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган қурол билан кўргазмали саф ва қўл жангининг мураккаб элементларидан иборат бўлган чиқишлар, ўқотар қуролларни кўзи боғлиқ ҳолда нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича машқлар намойиш этилди.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри жамоаси томонидан миллий куй ва қўшиқлар тантанага байрамона руҳ бағишлади.

Тантанали тадбирдан сўнг ор-номусини ўртага қўйиб, қасамёд қилган аскарлар шарафига байрамона дастурхон ёзилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?