Н.Телицин: " Жаҳон адабиётига Навоий, Бобур каби ўнлаб шоирларни етказиб берган ўзбек тили улкан ҳурматга муносиб етакчи тиллардан биридир"

20:10 21 Октябр 2019 Жамият
377 0

Навоийда она тилимизга Давлат тили мақоми берилиб, “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганлигининг 30 йиллиги кенг миқёсда нишонланмоқда.

Мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганлигининг ўттиз йилигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу борада чинакам дастуриламал бўлиб, шу асосда бир қатор маданий-маърифий тадбирлар, танловлар ва бадиий кечалар уюштирилди.

Мазкур сана муносабати билан вилоятда Республика Маънавият ва маърифат марказининг ижодий гуруҳи ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида вилоятдаги институтлар, таълим даргоҳлари ҳамда меҳнат жамоаларида ижодий учрашувлар, бадиий кечалар ўтказилиб, пойтахтдан ташриф буюрган санъат усталари, таниқли адиблар, тилшунос олимлар ҳамда таълим фидойилари ўзбек тилининг миллат ғурури ва ифтихори эканлиги, она тилимизнинг инсоният тамаддунида тутган ўрни ҳақида суҳбатлар қуришди. Чунончи, Навоий давлат Педагогика институтида “Глобаллашув шароитида ўзбек тили ва ўзга тиллар муносабати: муаммо ва ечимлар” мавзуида халқаро илмий конференция ўтказилиб, унда таниқли тилшунос олимлар иштирок этишди.

- Жаҳон адабиётига Навоий, Бобур каби ўнлаб шоирларни етказиб берган ўзбек тили чинданам, улкан ҳурмат ва чуқур илмий тадқиқотга муносиб етакчи тиллардан ҳисобланади, - дейди конференция иштирокчиси, Санкт-Петербург Давлат университети “Туркий филология” кафедраси мудири Николай Телицин. – Табиийки, ушбу сана муносабати билан ўтказилаётган анжуманда иштирок этиш, албатта биз олимларга янги-янги тадқиқотларга илҳом беради.

Тантаналар аввалида иштирокчилар вилоят марказидаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, мумтоз адабий тилимиз асосчиси сиймосига ҳурмат бажо этишди.

- “Давлат тил ҳақида”ги Қонун қабул қилиниши муносабати билан шундай улкан тадбирларнинг уюштирилиши, давлат миқёсида Қарор қабул қилиниши, тўғриси, биз олимларнинг бутун ўзбек миллатига ҳурмат ва тилига эъзозимизни янада оширди ва шу тилга яқинлигимизда ғурурлантирди, - дейди М. Горький номидаги адабиёт институти проректори Людмила Царева. – Глобаллашув жуда кўплаб тиллар мустақиллигига таҳдид солаётганлигини инкор этолмаймиз. Шу жиҳатдан Ўзбекистонда давлат тилига эътибор таҳсин ва ибратга лойиқ.

Тантаналар дастури доирасида “Фарҳод” маданият саройида маданий-маърифий кеча ўтказилиб, унда қутлуғ сана муносабати билан амалга оширилган танлов ва кўрикларнинг ғолиблари тақдирландилар. Тилимиз софлиги ўзга тиллар билан ҳамкорлиги йўлидаги фидойилар рағбатлантирилди. Бадиий концерт дастури намойиш этилди.

- Бизнинг Анқара университетимизда 1992 йилдан бери ўзбек тили дарсларини ўтиб келмоқдамиз, - дейди Анқара университети профессори Айнур Ўзжан. – Университетимизда Туркиядаги етакчи таълим муассасаларига ўзбек тили бўйича мутахассислар тайёрланади. Бу албатта, тарихи, илдизи бир икки тилнинг бугунги муносабатларида улкан ютуқ. Шахсан ўзим ўзбек тилини иккинчи она тилим, деб ҳисоблайман. Чунки туркий тиллар оиласида ўзбек тили бош бўғинлардан бири ҳисобланади.

Шунингдек, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида байрам муносабати билан турли тадбирлар ўтказилиб тантана қилинди.

Темур ЭШБОЕВ,
(“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019