Нотўғри овқатланишнинг қандай зарарли оқибатлари бор?

16:51 14 Август 2018 Жамият
347 0
Иллюстратив фото

Соғлом турмуш тарзи ҳақида жуда кўп эшитганмиз, бу борада жуда кўп гапирилган. Эрталаб яхши тўйиб овқатланиш, тушликда сал камроқ, кечки овқатда эса иложи борича мева ва сабзавотлардан тановул қилиш – соғлом ҳаётнинг энг оддий ва асосий шартларидан бири. Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қилган ахборотида бу қоидага амалда жуда камчилик эътибор қаратаётгани қайд этилди.

Қуёшли заминимизда етиштириладиган мева-сабзавотларни бутун дунё севиб истеъмол қилсада, ўзбекистонликларнинг 67 фоизи кунига 400 грамм мева-сабзавот истеъмол қилиш мустаҳкам соғлик гарови эканидан бехабар. Натижада юқумли бўлмаган, яъни, гипертония, юрак касалликлари, темир танқислиги анемияси каби хасталиклар инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, эрта ўлим ҳолатларига сабаб бўлмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда Идоралараро ишчи гуруҳи раҳбари, Республика соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Б. Юсупалиевнинг “Аҳолининг соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини юритишдаги муаммолар” тўғрисидаги ахбороти эшитилди. Мавзу долзарб. Шу боис тадбирга аҳолининг соғлом овқатланиши ва соғлом турмуш кечиришини таъминлашга масъул тегишли давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлар вакиллари таклиф этилди.

— Бугунги кунда сайёрамизда 2 миллиард инсон (26 фоизи) темир моддаси ва А витамини каби одам организми учун ўта зарур бўлган органик микроэлементларни талаб даражасида тановул қилмайди, — деди Б.Юсупалиев. — Шу туфайли аксарият болаларнинг ўсиши ва ривожланиши ортда қолмоқда, улар сурункали тинка қуришидан азият чекяпти. Буларнинг асосий сабаби носоғлом овқатланиш ва турмуш тарзидаги камчиликлардир. Бу эса юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, саратон ва бошқа сурункали хасталиклар, шунингдек, семизлик, кам қонликка олиб келади. Натижада аҳолининг яхши яшашига ва сиҳат-саломатлигига салбий таъсир қилади. Биргина кенг тарқалган камқонлик анемиясининг ўзи жиддий эътибор қаратиш лозим бўлган муаммолар сирасига киради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёдаги 1,62 миллиарддан ортиқ инсон темир танқислиги анемиясига чалинган.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасидаги чора-тадбирлар комплекси ижросини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим муассасаларида тўлақонли ва хавфсиз овқатланишни ташкил этишнинг ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига гигиеник талаблар, сут ва сут маҳсулотларига давлат стандартлари ишлаб чиқилди. Бунда тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшиладиган шакар, туз, тўйинган ва транскислоталар ҳамда қўшимчаларни хавфсиз миқдорда меъёрлаштириш кўзда тутилган.

Эшитувда қайд этилганидек, қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, бу борадаги муаммолар тўла бартараф этилди, деб бўлмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини текшириш мақсадида 2017 йилда ўтказилган лаборатория таҳлиллари янада ҳушёр бўлишга ундайди. Унга кўра, санитария-гигиена лабораторияларида 265 минг 332 та озиқ-овқат маҳсулоти намуналари текширилганда, уларнинг 9 минг 302 таси санитария-гигиена меъёр талабларига жавоб бермаслиги аниқланган. Айрим тадбиркорлар эса бу каби текширувларни “фаолиятимга ортиқча аралашув” деб баҳолаб, назоратни самарали амалга оширишга тўсқинлик қилган. Демак, озиқ-овқат хавфсизлиги ва умуман соғлом турмуш тарзи масаласи фақатгина битта вазирликнинг иши эмас. Бу масалага ҳар бир фуқаронинг масъулияти талаб этилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар