ШҲТ тинчлик ва дўстлик сарҳадларини мустаҳкамлайди

16:41 15 Август 2018 Сиёсат
492 0
Архив фото: ХПК

Шу йил июнь ойида Хитойнинг Циндао шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 18-саммити бўлиб ўтди. Экспертлар уни тарихий ва қатор муҳим ташаббуслар қўллаб-қувватлангани боис, ҳатто ташкилотнинг кейинги даврини белгилаб берди, дея таърифламоқдалар. Ана шу саммитда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норовни ШҲТ Бош котиби лавозимига тасдиқладилар. У 2019 йил 1 январдан ўз лавозимига расман киришади. Мухбиримиз Владимир Норов билан эксклюзив интервью уюштирди.

— Владимир Имомович, Циндао саммитининг асосий натижалари нималардан ­иборат бўлди?

— Бугунги кунда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бир қатор обрўли ва нуфузли халқаро ташкилотлар орасида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлмоқда, минтақавий ва глобал миқёсда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил ривожланишнинг таъсирчан омили бўлиб ­хизмат қиляпти.

Ўз навбатида, қайд этиш жоизки, ташкилот ўз ишида очиқлик ва учинчи томонга қарши йўналмаслик тамойилларига таянмоқда. Ишонч, тенг­лик, ўзаро манфаат ва маслаҳатлашувлар, маданиятлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш, ҳамкорликда ривожланишга интилишга асосланган “Шанхай руҳи”га содиқлик қўшни ва узоқ минтақалар мамлакатлари, халқ­аро ва ҳудудий ташкилотларнинг ШҲТ билан ҳамкорлик қилишга қизиқишини оширди. ХХРнинг раислик қилган даврида ўтказилган 160 дан зиёд тадбирларнинг ижобий самараси ўлароқ ҳамжиҳатлик ва якдиллик пойдевори янада мустаҳкамланди.

Циндаодаги саммитда давлатлар ­раҳбарлари Хитойнинг ШҲТга раислик қилган йил якунларини, келгусидаги ҳамкорлик режаларини атрофлича муҳокама қилдилар, шунингдек, ташкилотнинг ривожланиш йўналишларини белгилаб олдилар. Ушбу саммит бир қанча омиллар орқали ШҲТ фаолиятида янги даврни бошлаб бериб, тарихий ­аҳамият касб этади:

Биринчидан, ШҲТга аъзо мамлакатлар етакчиларининг Циндаодаги учрашуви ташкилотга янги аъзолар — Ҳиндистон ва Покистон қўшил­ганидан кейинги илк саммит.

Бу давлатлар ташкилотга кириши билан ШҲТ дунёдаги энг катта ҳудудни ва сайёра аҳолисининг деярли ярмини қамраб олган, жаҳон ЯИМнинг учдан бирини ишлаб чиқарадиган энг йирик халқаро ташкилотга айланди. Бундай кўлам ташкилот маконида ҳамкорлик учун катта истиқболларни очиш билан бир қаторда, халқаро ҳамжамият билан кўп томонлама фаол алоқалар учун янги уфқларни очади, минтақавий, халқаро хавфсизлик ва ­барқарорлик, биргаликда оғишмай тараққий этиш йўлида хизмат қилувчи ШҲТнинг мулоқот майдонини кенгайтиради.

Иккинчидан, саммит ШҲТнинг жаҳон айвонидаги нуфузи ва таъсири ортганини намоён этди. Циндао­да 12 мамлакатдан давлат ёки ҳукумат бошлиқлари, шунингдек, 8 та халқаро ташкилот ва муассасалар раҳбарлари йиғилди. БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари ­Амина Муҳаммад, АСЕАН, МДҲ, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Осиёда Ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш кабиларнинг олий раҳбарлари, Евросиё иқтисодий иттифоқи, Жаҳон банки ва ХВЖдан юқори даражадаги вакиллар саммитда иштирок этди. Рўйхатдан ўтган хорижий меҳмонлар 2 мингдан ортди, тадбирни 3 мингдан зиёд хитойлик ва чет эл журналистлари ёритиб борди.

Хитой Халқ Республикаси ўзининг бир йиллик раислик даврида янада хавфсиз ва тараққий этган дунёни яратиш мақсадида ШҲТ маконидаги янги хавф-хатарларни ­енгиб ўтишга катта ҳисса қўшгани саммитнинг барча иштирокчиси ­томонидан эътироф этилди.

Учинчидан, Циндао саммити ШҲТдаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини сезиларли даражада кучайтирди. Кўп томонлама алоқаларнинг барча соҳасини қамраб олган 23 та ҳужжат қабул қилинди. Бу — ШҲТ саммитлари тарихидаги энг юқори кўрсаткич. Якуний ҳужжат бўлмиш ШҲТга аъзо мамлакатлар етакчиларининг Циндао декларация­си иштирокчиларнинг минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлашга оид масалалар бўйича ­якдил позициясини акс эттирди. Давлат раҳбарлари ҳамкорликни кучайтириш ва алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш заруратини бир овоздан тасдиқлади. Аъзо мамлакатларнинг бирдамлик ҳамда ўзаро манфаат асосида “Шанхай руҳи” ва муроса тамойилига қатъий риоя қилиши дунёнинг кўплаб минтақалари маҳаллий можароларга дуч келаётган, глобал бошқарув тизими инқирозни бошдан кечираётган бир даврда ШҲТни жаҳон ҳамжамияти учун ўзига хос намунавий маконга айлантиради. ШҲТга Жанубий Осиёнинг икки энг йирик давлати қўшилгач эса, бу янада долзарб вазифага айланди. Циндао декларацияси томонларнинг яхши қўшничилик ва дўстона алоқаларни ривожлантиришда, ўзаро чегараларни мустаҳкам ­тинчлик ва дўстлик сарҳадларига айлантиришда давом этиш ниятини тасдиқлади.

Саммитда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга ошириш бўйича 2018 — 2022 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси маъқулланди. Қабул қилинган муҳим ҳужжатлардан қу­йидагиларни тилга олиш мумкин: Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 2019 — 2021 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Атроф-­муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик концепцияси, ШҲТга аъзо мамлакатларнинг келгуси беш йилга мўлжалланган наркотикларга қарши стратегияси, Наркотик воситалар ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилишнинг олдини олиш бўйича ШҲТ Концепцияси кабилардир. ШҲТга аъзо давлатлар етакчиларининг Ёшларга қўшма мурожаати ҳамда Давлат раҳбарларининг савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш тўғрисидаги баёноти қабул қилинди.

Шубҳа йўқки, Циндао саммитида эришилган келишувлар ҳозирги таҳдидлар ва хатарларга қарши курашиш, мамлакатларимизнинг бар­қарор тараққиётини таъминлаш, ШҲТнинг минтақавий ҳамда халқаро сиёсатдаги ролини ошириш борасида самарали ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Уларнинг татбиқ этилиши ташкилот ­фаолиятига янги куч ва суръат бағишлайди. ШҲТ аъзолари етакчилари қарорларининг рўёбга чиқиши, моҳиятан ташкилотнинг замон билан ҳамнафас, уйғун, изчил тараққий этаётганини англатади.

Шу тариқа Циндаода ўтган саммит ШҲТ фаолияти самарадорлигини, унга аъзо давлатларнинг эса бугунги таҳдидлар қаршисида умумий интилишларни бирлаштира олишини яна бир бор кўрсатди. Фикримча, Циндаодаги учрашувларнинг асосий натижаси ҳам ­айнан шу.

— Саммитнинг якуний ҳужжати бўлмиш декларация­да Ўзбекистоннинг янги ташаббуслари қандай ўрин эгаллади? Ҳамкорлик ва хавфсизликни таъминлашда уларнинг аҳамияти қай даражада?

— ШҲТ кенгайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Марказий Осиёда, ҳам ШҲТ маконида яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатликнинг янги муҳитини шакллантиришга қаратилган энг муҳим вазифаларни белгилаб берди. Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон ташаббуслари ШҲТни янада ривожлантириш, унинг иқтисодий ва сиёсий салоҳиятини ошириш, халқаро таъсирини кучайтиришда катта аҳамиятга эга. Циндао декларациясида иштирокчи давлатлар БМТ Бош ­Ассамблеяси 72-сессиясида Ўзбекистон илгари сурган “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини қўллаб-қувватладилар. Шунинг­дек, жорий йил март ойида бўлиб ўтган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси якунларини ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш жараёнига катта ҳисса қўшган қадам сифатида олқишладилар.

— Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати ва унинг қоидалари ижроси бўйича Ҳаракатлар дастури ҳақида кенгроқ тўхталсангиз.

— Бугунги кунда ёшларни террорчилик, айирмачилик ва экстремистик гуруҳларга жалб қилишга уринишларга қарши курашда халқаро ҳамжамиятнинг кучларини бирлаштириш масаласи биринчи ўринга чиқмоқда. ШҲТ мамлакатлари ёшлар ўртасида радикал ва буз­ғунчи ғоялар тарқалишига қарши ўзаро уйғун, кечиктириб бўлмас чоралар зарурлигини англаб етмоқда. Аъзо мамлакатлар биргаликда ишлаш фикрида қатъийдирлар. Бу, хусусан, Ёшларга қўшма мурожаат қоидалари ижроси бўйича Ҳаракатлар дастурида ҳам акс этган. Унда ҳар томонлама баркамол шахсни, бузғунчи кучларга қарши туриш кўникмасини шакллантириш, ёшларни замонавий билимларни эгаллашга жалб қилиш, миллатлар­аро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ватанпарварлик ва ҳамжиҳатлик туйғуларини уйғотиш бўйича вазифалар кўзда тутилган. Дастур ёшларни тадбиркорлик фао­лияти ва инновацион лойиҳаларга жалб қилиш, илмий-техникавий тажриба алмашувлар ҳамда биргаликдаги тадқиқотларни фаоллаштириш, ­халқаро терроризм, айирмачилик ва экстремизмга қарши биргаликда курашиш учун ёшлар ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган қўшма иқтисодий ва ижтимоий ташаббусларни илгари суришни назарда тутади.

Бунда Президент Шавкат ­Мирзиёевнинг ШҲТ Ёшлар кенгаши мазкур дастурнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўла олиши ҳақидаги баёноти амалий аҳамият касб этади. Унинг ишини ташкил қилишда Ўзбекистон энг фаол ­иштирокчилардан бири бўлишни ният қилган.

Аниқки, бу барча ғоялар ШҲТ давлатлари ёшларининг жамият ҳаётида фаол қатнашишига, уларнинг имконият ва салоҳиятини ­шахсий ривожланиш, юксалиш учун, ўз юрти тараққиёти ҳамда халқаро мулоқотни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш учун сафарбар этишга ­туртки бўлади.

БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаатини қабул қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон ташаббуслари халқаро сиёсий ҳамда таҳлилчи-эксперт доираларда кенг маъқулланганига алоҳида эътибор қаратиш жоиз. Уларнинг ШҲТ томонидан қўллаб-қувватлангани эса аъзо мамлакатларнинг ташкилот жипслигини мустаҳкамлаш, жаҳон майдонидаги таъсирини ошириш, минтақавий ва халқаро аҳволнинг долзарб масалалари борасида “бир овоздан” гап айтишга уринаётганини англатади.

— ШҲТнинг Циндао саммитида Давлат раҳбарлари кенгаши ШҲТ Бош котиблигига Сизнинг номзодингизни тасдиқлади. Ушбу лавозимда ўз ишингизни қандай ташкил қилмоқчисиз?

— ШҲТнинг Циндао саммити мен учун касбий ҳаётимдаги муҳим ­даврнинг бошланиши бўлди. Бош котибликка тайинланишимни ШҲТ давлатлар раҳбарлари, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси ­Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кўрсатилган юксак ишонч, ўзим учун катта шараф, деб биламан. Бу, айни дамда, катта масъулият ҳамдир. Лавозим мажбуриятларини бажаришга киришгач, ШҲТ анъаналарини давом эттириш, ташкилотни янада ривожлантириш, ШҲТ Котибияти томонидан қўйилган вазифаларни бажариш учун баҳоли қудрат хизмат қилишни ният қиляпман. Ушбу вазифада ШҲТга аъзо барча мамлакатлар манфаатларини ҳимоя қилишни ўз ишимнинг бош тамойили, деб биламан.

Циндао саммитида томонлар умумий келажакка эга жамият ­яратиш учун турли соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишдилар. ШҲТ Котибиятининг янги раҳбари сифатида қуйидаги тўрт йўналишга алоҳида аҳамият қаратаман:

Аввал қабул қилинган, ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ишончни, яхши қўшничилик муносабатларини кучайтириш ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган келишувлар ва асос ҳужжатлар ижросини тўла таъминлаш. Бутун дунёда мавҳумлик ва олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳолат ҳукм сураётган бир пайтда ШҲТ маконида ўзаро манфаатли ва дўстона алоқаларни яхшилаш — биз учун ҳаётий муҳим ­вазифа. Энг ­асосийси, Циндаода қабул қилинган Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга ошириш бўйича 2018 — 2022 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режасининг ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш. Қозоғистон ­Президенти Нурсултон Назарбоев таъкидлаганидек, бу ҳужжат ҳамкорлигимизнинг туб асоси бўлиб, усиз олдимизга қўйилган мақсадларга, шу жумладан, ташкилот ҳудудида хавфсизлик ва ривожланишга ­эришиш имконсиздир. ШҲТ минтақасида унинг ижросини таъминлаш Афғонистондаги воқеалар ривожига ҳам чамбарчас боғлиқ. Ушбу омилни инобатга олсак, ҳамкор давлатларнинг бу йўналишдаги интилишларини бирлаштириш учун “ШҲТ — Афғонистон” мулоқот гуруҳи механизмини фаол ишга солиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этади. Россия Федерацияси Президенти Владимир ­Путин баёнотида айтилганидек, мазкур давлат ҳудудидан келиб чиқаётган террористик хатарга қарши биргаликда курашиш, гиёҳвандлик моддалари ишлаб чиқариш ва транзитини йўқ қилиш, Афғонистонга миллий ярашув, иқтисодий тикланиш ва барқарорликни таъминлаш ишида кўмак бериши муҳим.

Иқтисодий ҳамкорликни ­фаоллаштириш орқали ШҲТ кун тартибини мазмунан бойитиш. Ташкилотга асос солинган пайтдан буён ўтган йиллар ичида гарчи иқтисодий шерикчиликни чуқурлаштириш ШҲТнинг устувор йўналишларидан бири, дея эълон қилинган бўлса-да, аъзо мамлакатлар кўп томонлама қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга муваффақ бўлмади. Бу йўналишдаги ҳамкорликнинг ривожланиши энг паст даражада қолиб кетяпти. Шу муносабат билан ШҲТ саммитида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-инвес­тициявий лойиҳаларни икки томонлама шаклдан кўп томонлама кўринишга олиб чиқиш зарурати қатъий таъкидланди.

Жаҳон савдосида протекционизм­нинг кучайиши, дунё бозорлари ­соғломлашувининг сустлиги шарои­тида ШҲТнинг ихтисослаштирилган механизмлари доирасидаги ­алоқаларни кўпайтириш алоҳида аҳамият касб этади. Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон қайд этганидек, ШҲТнинг Банклараро бирлашмаси ва Ишбилармонлар кенгашининг ташкилотга аъзо мамлакатлар бизнес доираларини боғловчи ишончли кўприк сифатидаги ролини кучайтириш ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Айни дамда янги йирик ва ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни яратиш ҳамда рўёбга чиқариш, шунингдек, ушбу мақсадлар учун тегишли молиявий воситалар, аниқроғи, ШҲТ Тараққиёт банки ва Тараққиёт фонди (махсус ҳисоб)ни шакллантириш бўйича умумий ҳаракатларни фаоллаштириш зарурати юзага келди. Ташкилот доирасида устувор қўшма ло­йиҳаларни молия­лаштириш бўйича кўп қиррали механизмларни ­яратиш олдимиздаги муаммоларни янада самаралироқ ечиш имконини ­беради.

Қолаверса, ШҲТ давлатлари ҳудудида экспорт-импорт операцияларини соддалаштириш, аниқ иқтисодий, инфратузилмавий ва транспорт-логистика лойиҳаларини ишга тушириш, кўп томонлама минтақавий алоқаларни ШҲТ Ҳудудлар раҳбарлари форуми майдончасини қўллаган ҳолда ривожлантириш ўзаро савдо айланмасининг ошиши учун талаб этилаётган заминни ҳосил қилади. Шу маънода, ХХР ­Раиси Си Цзиньпиннинг Хитой ва ШҲТ ўртасида минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорлик учун Циндаода махсус намойиш зонасини барпо этиш, шунингдек, бизнес алоқаларда ҳуқуқий кўмак бериш мақсадида ШҲТга аъзо мамлакатлар учун юридик хизматлар қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги баёноти ҳам ­муҳим саналади. ШҲТ Банклараро консорциуми доирасида Хитой 30 миллиард юань ҳажмидаги махсус кредит механизмини яратади.

Эслатиб ўтишни истардимки, Ўзбекистон Президенти Циндаодаги саммитда ШҲТ маконининг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш масаласини муҳим стратегик вазифа сифатида тилга олди. Шавкат Мирзиёев “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида минтақалараро транспорт ­ло­йиҳаларини амалиётга татбиқ қилиш долзарб эканини алоҳида таъкидлади. Бу транспорт йўлаклари — энг йирик дунё бозорларига олиб борувчи қисқа йўналишлардир. Ўзбекистон Мозори Шариф — Ҳирот, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўл линиялари қурилишини маъқуллайди. Қирғи­зистон Президенти Сооранбай ­Жээнбеков ШҲТ мамлакатларининг транзит ва экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширадиган Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси тезроқ ишга туширилишидан республика манфаатдор эканлигини билдирди. Шу мақсадларда Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл бўйича идоралари раҳбарларининг биринчи учрашувини ўтказиш режалаштирилмоқда. ШҲТнинг Халқаро транспорт-логистика ­ассоциациясини ташкил қилиш ­таклифи илгари сурилди.

ШҲТ маконида замонавий инновацион технологияларни фаол жорий этиш. Ҳаётимизга ахборот технологиялари чуқур кириб борар экан, рақамли жамиятга ўтиш глобаллашув жараёнларининг зарурий шарти бўлиб қолмоқда. Шу боисдан ШҲТ доирасида инновация ­дастурлари ва лойиҳаларини биргаликда рўёбга чиқариш учун аъзо давлатларнинг ҳаракатларини бирлаштириш талаб этилади. Ҳамкорлик юқори технологияларни, рақамли иқтисодиёт ва муқобил энергетикани ривожлантириш ҳамда кенг жорий этишга қаратилмоғи керак.

ШҲТ мамлакатларининг аксариятида рақамли иқтисодиётни тараққий эттириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилгани ва ишлаётганини эътиборга оладиган бўлсак, электронлаштириш жараёнларини тезлаштириш ва янги технологияларни амалиётга татбиқ қилишга устуворлик берилиши ташкилотдаги барчанинг манфаатларига ­жавоб беради.

Шуни ҳисобга олиш лозимки, ХХР жамият ва давлатни рақамли тизимга ўтказиш борасида дунёнинг энг етакчи давлатларидан биридир. Хитой томонидан тўпланган тажриба ушбу йўналишни ШҲТга аъзо бошқа мамлакатларни ривожлантиришда ҳал қилувчи ўрин тутиши мумкин. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, ХХР ялпи ички маҳсулотида ахборот технологиялари соҳасининг улуши 4,7 фоизга тенг. Дунё бўйича электрон савдолар транзакциялари умумий ҳажмининг 40 фоизи ушбу давлат ҳиссасига тўғри келади. “The Boston Consulting Group” компанияси маълумотларига қараганда, 2016 йилда хитойлик истеъмолчилар интернет орқали савдоларда 750 миллиард долларга яқин пул сарфлашган. Йирик интернет-компанияси “Alibaba” Хитой рақамли иқтисодиётида шу пайтгача 31 миллион иш ўрни яратди ва 2035 йилга бориб бу кўрсаткични 122 миллионга етказмоқчи. Ҳозир мазкур компания ШҲТ ҳудудида ҳам фаол иш бошлаган: 2017 йилда ШҲТ мамлакатларидан 20 миллион истеъмолчи “AliExpress” ­орқали Хитойдан товарлар сотиб олган.

“Alibaba” бизнес-мактаби электрон тижорат соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича глобал дастурни ишга туширди. Ундан кўзланган мақсад талабалар ва тадбиркорларга рақамли иқтисодиёт кўникмаларини ўргатиш орқали бутун дунёда электрон тижорат ривожини тезлаштиришдир. Беш йил ичида 1,2 миллион нафар кишини ўқитиш режалаштирилмоқда. Ҳозирги пайтда АСЕАН мамлакатлари талабалари ушбу дастурда қатнашмоқда. ШҲТ давлатлари олий ўқув юртлари ҳам унга фаол қўшилишлари лозим, деб ўйлайман. Аҳамиятлиси, ёшлар учун АКТ соҳасида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва ­ке­лишиш ШҲТга аъзо давлатлар ­раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қоидалари ижроси бўйича Ҳаракатлар дастуридаги асосий бандлар саналади.

Давлатлар етакчиларининг инновациялар ва юқори технологиялар борасида ҳамкорликни жадаллаштириш бўйича Циндаодаги баёноти соҳа ривожига янги куч ­бериб, ШҲТ мамлакатларининг бу борадаги улкан ва ҳали тўлиқ очилмаган салоҳиятини юзага ­чиқаришга ёрдам беради. Ушбу йўналишларнинг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган 2018 йилда, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев томонидан белгилаб берилган Ўзбекистоннинг устувор мақсадлари билан ҳам­оҳанг экани диққатга молик.

Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ мамлакатлари ҳукуматлари ва ишбилармон доиралари иштирокида Ахборот технологиялари ва инновацион ривожланиш форумини ўтказиш тўғрисидаги таклифи амалга ошса, у ҳамкорликнинг ­самарали механизми ва тажриба алмашиш учун муҳим майдонга айланиши, шубҳасиз. Барча аъзо мамлакатларнинг илмий-техникавий ва технологик салоҳиятини ишга солиш технологик сакрашга эришишни таъминлабгина қолмасдан, ШҲТ доирасида иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ­диверсификациялашга ёрдам ­беради.

ШҲТга аъзо давлатларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги салоҳиятини ошириш. Бу улкан имконият манбаидир. Бугун халқаро ҳамжамият, хусусан, 3,2 миллиард аҳолига эга ШҲТ мамлакатлари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек долзарб масала қаршисида турибди. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 1956 йилда 20 миллион нафар бўлган Марказий Осиё аҳолиси ҳозирги кунга келиб 70 миллион нафарга етди. 2050 йилга бориб эса мазкур кўрсаткич 94 миллион нафарга чиқади ва бу минтақани озиқ-овқат билан таъминлаш муаммосини, шубҳасиз, янада чуқурлаштиради. Бу бозорни сифатли, хавф­сиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш бўйича кечиктириб бўлмас чоралар қабул қилишни тақозо этади.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумот беришича, 30 йилдан сўнг Ер юзи аҳолисини боқиш учун ҳозиргидан кўра 70 фоиз кўпроқ озиқ-овқат керак бўлади. Бу эса инновацион технологиялар жорий этиш, жумладан, махсус технологик қишлоқ хўжалиги паркларини яратиш ҳисобига аграр соҳа самарадорлигини оширишнинг долзарблигини янада кучайтиради.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун “яшил йўлаклар” ташкил этиш, уларни етиштириш ва қайта тайёрлашнинг кластер тизимини ривожлантириш ғояси алоҳида эътиборга сазовор. Бу таклиф барча томоннинг манфаатларига жавоб беради, чунки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ШҲТга аъзо давлатлар бозорига экспортини кенгайтириш уларнинг ўзаро фаол ҳамкорлиги учун янги имкониятлар очиб беради. Барча учун манфаатли бундай режалар ШҲТга аъзо давлатлар етакчиларининг “Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлиги дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги қарорини ўз вақтида қабул қилинган ва долзарб, дея баҳолаш учун тўла асос бор.

— Циндаода илк бор ШҲТ Котибияти ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув Меморандуми (2018 — 2022 йиллар) имзоланди. У қайси йўналишларда ҳамкорлик қилишни белгилаб беради?

— ШҲТ ва ЮНЕСКО ҳамкорлиги маданий-гуманитар алоқаларнинг ривожланиши ҳамда мустаҳкамланиши, илм-фан ва таълим соҳасида ўзаро биргаликда ҳаракат қилиш, ШҲТ халқлари маданий меросининг ўзига хосликларини янада чуқурроқ ўрганиш ва сайёҳликни фаоллаштириш орқали бу объектларни жаҳон ҳамжамиятига кенг намойиш этишга ёрдам бериши лозим. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди айтиб ўтганидек, ШҲТ макони минг йиллар мобайнида бутун дунёнинг илмий, фалсафий, маънавий ва маданий тараққиёти учун илҳом берган.

Шубҳасиз, мазкур ҳужжат ШҲТга аъзо давлатларнинг жаҳон сайёҳлик бозорига интеграциялашувига ва шу йўл билан уларнинг туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Ташкилот ҳудудида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон ­мероси рўйхатига киритилган объект­ларнинг 15 фоизи жойлашганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Биргина Ўзбекистонда бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб қилувчи 7 мингга яқин бетакрор тарихий-маданий объектлар мавжуд. Маълумотларга қараганда, 2017 йилда ШҲТ мамлакатларидан ХХРга ташриф буюрганлар сони 8,6 фоиз ўсди ва 2,5 мил­лион нафарни ташкил қилди. Ўз навбатида, 2017 йилда хитойлик туристлар сони 8 фоиз ўсиб, 130,5 миллионни ташкил қилгани ҳолда, улардан 1,8 миллион нафари ШҲТ мамлакатларига саёҳат қилган. ­Ташқи туризмга улар сарфлаган маблағ 250,6 миллиард долларга етди. Экспертларнинг фикрича, Хитой сайёҳлари сони 2021 йилга бориб 200 миллион нафардан, уларнинг сарф-харажатлари эса 429 миллиард доллардан ошиб кетади. Бу рақамлар ўзаро сайёҳлик алмашинувини кескин ошириш учун улкан имкониятлар мавжуд эканлигини кўрсатади. Саммитда ушбу мақсадни кўзлаб 2019-2020 йилларда ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлиги дастурини амалга ошириш бўйича Биргаликдаги ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Аминманки, ШҲТ ва Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатилиши, шунингдек, ­биргаликдаги ҳаракатлар билан цивилизациялар ­чорраҳаси бўлмиш Самарқандда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббусининг ифодаси сифатида “Ипак йўли” туризм халқаро университети очилиши ШҲТ майдонида сайёҳлик индус­триясининг ривожига катта ҳисса қўшади.

Минтақа буюк маънавий-маданий бойлик маконидир. Уни асраб-авайлаш, кўпайтириш билангина чекланиб қолмай, ҳозирги ва келажак авлод манфаатлари йўлида самарали фойдаланиш ҳам жоиз. Шу маънода, ШҲТ доирасида қабул қилинган ҳужжатлар Евросиёнинг ушбу кенг майдонида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришда ­муҳим ўрин тутади, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг “юраги” бўлмиш Марказий Осиё давлатларидагина эмас, балки қўшни минтақаларда ҳам барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга ғоятда катта ҳисса қўшади.

Глобал геосиёсий ва иқтисодий янгиланишлар юз бераётган, дунё ривожланиш салоҳияти тобора Шарққа томон силжиётган бир шароитда, ШҲТ бугунги хавф-хатарларга қарши курашишда юқори даражадаги ҳамжиҳатликни намоён этган ҳолда, дунёдаги ижти­моий-иқтисодий тараққиётнинг “тортишиш кучи маркази” кўчаётганига тимсол бўлиб қолиши мумкин. Турли мамлакатлар ва таъсирли халқаро тузилмаларнинг кенг доираси томонидан ШҲТ билан ҳамкорлик қилишга қизиқишнинг ­ортгани шунга гувоҳлик берадики, “Шанхай саккизлиги” нуфузли халқаро ташкилот сифатида ­жаҳонда мустаҳкам ўрин эгаллади. Унга бўлган эҳтиёж бугун жуда юқори.

Феруза КУБАРЕВА суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар