Норасидалар насибасига хиёнат. Мактабгача таълим муассасаларидаги талон-торожликлар фош этилди

18:28 13 Январь 2019 Жамият
837 0

Коррупция ва жиноятчилик жамият тараққиётига рахна солади, инсон ҳуқуқларини поймол этиб, тинч ҳамда фаровон ҳаётга занг туширади. Шу боис мамлакатимизда мазкур иллатларга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Натижада жиноятлар ўз вақтида аниқланиб, қонунбузарларга тегишли чоралар кўриляпти.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ички аудит хизматининг 2018 йил давомида бу борада амалга оширган ишлари қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқиши ҳақидаги халқимизнинг пурмаъно ҳикматида нақадар катта ҳаётий ҳақиқат мужассам эканини яна бир бор кўрсатди.

Аудиторлар олиб борилган ишлар ҳақида мунтазам равишда маълумотлар бериб бормоқда. Жумладан, 2018 йил якунлари бўйича соҳада 11 млрд. сўмлик молиявий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ва 278 та ўрганиш ҳужжати қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган. Жами аниқланган ­молиявий қонунбузилишларнинг 47,6 фоизини камомад ва ноқонуний харажатлар, 27,6 фоизини давлат ­хариди қонунчилиги бузилиши, 17,2 фоизини бюджет маблағларини нотўғри режалаштириш ва 7,7 фоизни моддий бойликлар ортиқчалиги ҳамда бошқа ҳолатлар ташкил этган.

Ойлик олган “ўлик жонлар”

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ноқонуний харажатларнинг 40 фоизи мактабгача таълим муассасасига (МТМ) турли лавозимларга расмийлаштирилган, лекин ҳақиқатда ишламаган ходимларга ойлик сифатида берилган. Бу йўл билан боғча мудири номи бору ўзи йўқ ходимларга ёзилган иш ҳақларини ноқонуний ўзлаштирган, “ўлик жон” ходимлар эса ноқонуний меҳнат стажига эга бўлган — машҳур комедик филмда айтилганидек, ишламасдан “тишлаб” келган.

— Кўп ҳолатларда тарбиячи, тарбиячи ёрдамчиси, кир ювувчи, ошхона ишчиси, фаррош ўринларига ишга жойлаш сохталаштирилмоқда, — дейди Мактабгача таълим вазирлиги ички аудит хизмати бошлиғи Дилшод ­Норматов. — Бу эса, ўз навбатида, муассаса фаолиятига салбий таъсир кўрсатяпти. Масалан, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги 9-ихтисослаштирилган МТМда 19 нафар ишламаган ходим учун 592 млн. сўм, Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманидаги 6-МТМда 100 млн. сўмдан ортиқ, Пастдарғом туманидаги 38-МТМда 60 млн. сўм, Хоразм ­вилояти Урганч туманидаги 4-МТМда 46 млн. сўм, Тошкент шаҳридаги 596-МТМда 30,4 млн. сўм, Учтепа туманидаги 244-МТМда 22,8 млн. сўм иш ҳақлари асоссиз ҳисобланган.

Ноқонуний харажатларнинг яна бир тури ходимларга сохта иш ҳақи ва мукофот пуллари ёзишдир. Масалан, Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги 14-МТМда тўлов қайдномалари орқали 20,8 млн. сўм нақд пул ходимларга берилмасдан ғазнадан асоссиз ҳисобдан чиқарилган. Худди шундай ҳолат Шароф Рашидов туманидаги 9-ихтисослаштирилган МТМда (17,3 млн. сўм), Шовот туманидаги 14-МТМда (35 млн. сўм) ҳам кузатилган.

Бундан ташқари, ўтказилаётган назорат тадбирларида ота-оналарнинг болалар таъминотига тўлаган пуллари ва ҳомийлик пулларини ғазнага кирим қилмаслик ҳолатлари аниқланмоқда. Шунингдек, МТМга болалар йўлланмасиз қабул қилиниб, улар учун тўланган бадал пуллари ҳам ғазнага эмас,МТМ раҳбарининг чўнтагига тушмоқда. Масалан, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 226-МТМда 120,6 млн. сўм, Жиззах шаҳридаги 24-МТМда 64,3 млн. сўм, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги 1-МТМда 38 млн. сўм, Самарқанд ­вилоятининг Пастдарғом туманидаги 36-МТМда 17 млн. сўм, Самарқанд шаҳридаги 58-МТМда 20 млн. сўм ота-оналарнинг болалар таъминотига тўлаган пуллари ана шундай ­“қисматга”га дучор бўлган.

Сохта ҳужжатлар, ноқонуний даромадлар

Давлат харидлари (товар, иш, ­хизматлар) қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши лозим. Бунга риоя этмаслик молиявий қонунбузилишга йўл қўйилганлигидан ­далолат беради. Давлат хариди қоидалари ҳар бир таъминотчи ўз маҳсулоти ва нархларини эркин таклиф қила олиши ҳамда соғлом рақобат муҳитида буюртмага эга бўлишини ­таъминлайди. Таъминотчини танлаш фақат раҳбарга боғлиқ бўлмаса, ­коррупция хавфи ҳам камаяди.

Фарғона вилоятининг Данғара тумани мактабгача таълим бўлими томонидан 249 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш бўйича шартномалар танлов ўтказиш харид комиссиясининг хулосасисиз ва юрист имзосисиз тузилган. Аудиторлар томонидан ушбу шартнома бўйича гўшт маҳсулотлари 9 млн. сўмга қиммат нархларда олинганлиги ва маҳсулотлар сифатсизлиги аниқланган.

Шунингдек, аудиторлар томонидан шартномалар бўйича маҳсулотлар ҳақиқатда етказиб берилмасдан, сохта ҳужжатлар асосида таъминотчиларга маблағларни ўтказиб бериш ҳолатлари кузатилган. Мисол қилиб, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани мактабгача таълим бўлими томонидан болалар мебеллари учун 11,5 млн. сўм, Бухоро вилоятининг ўиждувон туманидаги 40-МТМга чойшаблар учун 10 млн. сўм, Бухоро шаҳар 42-МТМда озиқ-овқат маҳсулотлари учун 49 млн. сўм сохта ҳужжатлар асосида ўтказилган ва бу маблағлар ноқонуний даромад манбаига айланган. 

Гўшт канализацияда сақланадими?!

Аудиторлар томонидан ўткази­лаётган ўрганишларда, албатта, моддий бойликлар инвентаризацияси ташкил этилади. Унинг натижасида аниқланган камомад мулкнинг талон-торож қилинганлиги эҳтимолидан далолат беради. Содда қилиб айтганда, озиқ-овқат маҳсулоти камомади, бу — маҳсулотларнинг болажонлар таомигача етиб бормаслигидир. Ортиқча чиққан маҳсулотлар эса аксарият ҳолатларда ҳужжатларга сохта ёзувлар киритиш оқибатида ҳосил бўлади. Масалан, улар таом пиширишда “ишлатилган” деб кўрсатилади, лекин ҳақиқатда қозонга солинмайди.

Текширувлар чоғида ана шундай маҳсулотларни турли жойларга бекитишга уриниш ҳолатлари кузатилган. Масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 596-МТМда тарози остига ва яширин хонага, Сергели туманидаги 292-МТМда чойшаблар орасига, Хоразм вилояти, Янгиариқ туманидаги 5-МТМда электрошит хонасига, Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги 8-МТМда кир ювиш хонасига яшириб қўйилган. Яшнобод туманидаги 596-МТМда 11,7 кг. гўшт, 10,9 кг. пишган гўшт, 4 кг. товуқ гўшти, 23,8 кг. шакар, 0,65 кг. чой, 1,45 кг. қанд, 5,5 кг. сариёғ, 100 дона тухум, 2,5 литр сут кўздан пана қилинган.

 

 

Жиззах шаҳридаги 39-МТМда 27 кг. гўшт маҳсулоти канализация чуқуридан топилди. “Ажабо, гўштни канализация чуқурида сақлаб келганмикан?” дея ёқа ушлаётган бўлсангиз, вазиятни ойдинлаштирамиз: болаларнинг бу насибасини аудиторлар текшираётганда муассаса ходимлари ҳеч ким пайқамаслиги учун айнан шу жойга бекитишган. Яъни ўз қинғирликларини яшириш учун тоза, озода, истеъмол қилишга яроқли неъматни ифлос, исқирт жойга ташлашган. Бу ҳолатга изоҳ беришга сўз тополмайсиз. Ҳаромдан ҳазар қилмаган, уволдан қўрқармиди?!

 

Шунингдек, МТМ ходимлари томонидан таомномаларга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилиб, сохталаштирилмоқда. Наманган вилоятининг Наманган туманидаги 11-МТМда ошхонадаги таомнома озиқ-овқат маҳсулотларини ҳисобдан чиқариш учун бухгалтерияга топширилган таомнома билан солиштирилганда, бир-бирига тўғри келмаслиги, натижада 14,7 млн. сўмлик маҳсулотлар ортиқча ҳисобдан чиқарилгани аниқланди.

Очиқлик ва шаффофлик ота-оналарга ишонч беради

Тегишли молия йили учун мактабгача таълим муассасасига бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳажми муассасалар томонидан берилган ҳамда бошқа бир қанча кўрсаткичлар эътиборга олинган ҳолда аниқланади. Масалан, нотўғри ҳисоб-китоблар натижасида ортиқча штат бирлиги киритилса, бюджетдан ортиқча маблағ ­режалаштирилишига сабаб бўлади. Ортиқча режалаштирилган маблағларнинг ўз вақтида аниқланиши эса маъмурий ёки жиноий жавобгарликка асос бўлувчи ноқонуний харажатларнинг олди олиниши, демакдир.

Масалан, Сирдарё вилоятининг ­Гулистон шаҳар мактабгача таълим бўлими томонидан боғчаларнинг штатлар жадвалига 8,5 та ортиқча штат бирлиги киритилиши натижасида 29,7 млн. сўм ортиқча бюджет маблағлари режалаштирилган.

Мактабгача таълим тизимидаги бу қонунбузарлар ўз қилмишларига ­яраша жазо олиши муқаррар, аммо уларнинг норасидалар ҳақидан қўрқмагани кишини жиддий ўйга солади. Ахир, қандай қилиб инсон бир беғубор гўдакнинг қўлидаги луқмасини тортиб олиб бошқасига — ўз фарзандига тутади, уларни едириб-ичиради?! Болаларнинг ризқ-насибасини “туя қилиб”, ўз жиғилдонидан ўтказади?! Ҳалол-ҳаромдан қўрмайдиган бундай инсонлар оқ-қорани энди англаётган болаларга қандай тарбия беради, қайси иши билан уларга ибрат бўлади?

Болаларни мактабгача қамраб олишни янада кенгайтиришга қа­ратилган ишлар жараёнида мутасадди идоранинг ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофликка интилаётгани, тизим имижига путур етказувчи иллатларга қарши курашишда жамоатчилик фикри ҳамда ёрдамига ҳам таянаётгани қувонарли ҳол. Зеро, соҳада қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш бўйича олиб борилаётган бундай тадбирлар боғча мудирларини ҳушёр торттириб қолмай, ўзларининг инсоний фазилатлари, эътиқоди ва маънавий савияси ҳақида ҳам жиддий ўйлаб кўришга ундайди.

Дилшод КАРИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019