Ноқонуний қурилишлар сўнгги пушаймонликка бошламасин

12:02 02 Октябр 2020 Маданият
201 0

Самарқанд туманидаги бир нечта маҳаллаларда қурилган қурилишларнинг ноқонунийлиги, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар туман ҳокимлиги ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди. Хусусан, тумандаги Найзатеппа маҳалласида ана шундай ҳолатлар аниқланди. Бу борада Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судига даъво аризалари киритилди. Аниқланган объектларнинг бузилиши бўйича суд қарори қабул қилиниб, Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан буздириш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, «Найзатепа» маҳалласи ҳудудида «Гулобод агротехсервис» агрофирмаси ердан фойдаланиш харитасида кўрсатилган 251-рақамли дала контурида ноқонуний равишда қурилган девор ва 216 квадрат метрдан иборат уй-жой жавобгар ҳисобидан буздирилди. Буздирилган ер майдони «Қуддусов Маҳмуд боғлари» фермер хўжалигига қайтарилди.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шу ўринда бир мулоҳаза. Бу ноқонуний қурилишларнинг сабаби чуқур илдиз отган. Уни бартараф этиш анча вақт, харажат, ҳаракат талаб этади. Аммо, бундан кейин ҳам айрим қонунчиликни яхши билмайдиган ёки билса ҳам ўз манфаати йўлида адашадиган айрим фуқаролар топилмайди, деб ким кафолат бера олади?
Бундай ҳолатларнинг давом этишига йўл қуймаслик учун давлат идоралари, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, ваколатли органлар бепарво бўлмаслиги лозим. Фуқаролар ҳам уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлганда, онгли равишда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ноқонуний қурилишларни амалга оширишдан ўзларини тийиши лозим. Шундагина тортишувлар, кўз ёш тўкилишини олдини олиш мумкин.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?