Ноодатий Бойсун даралари, шаршаралари, ғорлари оғушида ёхуд овринг бўйлаб фотосаёҳат

18:20 07 Июнь 2018 Жамият
1137 0

“УАЗ”да жўшиб оқаётган дарёни кесиб ўтиш, дара бўйлаб юқорига кўтарилиш, шаршара остида туриш, маккажўхори майдони олдида сурат тушиш, динозаврлар изини кўриш, муздеккина булоқ сувида чанқоқни қондириш, сўнгра охири кўринмайдиган тош сўқмоқда қўшни қишлоққа етиб бориш(бошқа йўли ҳам йўқ-да)...

Бир неча кун давомида ўзбекистонлик ва россиялик журналистлар Бойсундаги ана шундай манзаралар ва табиатнинг бошқа дурдоналари гувоҳига айланди. Эктремаль медиа экспедиция Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Марказий Осиё минтақавий экология маркази томонидан UzWaterAware лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилди. Мазкур ажойиб сафар Ўзбекистон мезбонлик қилаётган Марказий Осий экология форуми пайтида ўтказилгани эса янада мароқлидир.

Демак, биринчи куни бошни айлантирадиган азим тоғ даралари томон йўл олдик. Тош деворлар орасидан оқиб чиқаётган сув ўз йўлида кўпириб, ажойиб нақшларни ҳосил қиларди. Дарбанд дараси қачонлардир бу маскандан карвон йўллари, саркардалар қўшинлари ўтгани билан машҳур. Унинг чап томонидан тик тушган Зиндомак ғорига кўзимиз тушди. Афсоналарга кўра, Хўжамой ўз халқини қурғоқчиликдан қутқариш учун Яратгандан нажот сўраганда, узоқ дара бўйлаб юрса, улкан қоя остида бир жой келиши ҳақида белги келган. У айтилган манзилга бориб, ҳассаси билан бир урганда, ғордан балиқларга мўл бўлган сув мабаи отилиб чиққан экан.

Йўл бўйлаб, тик қоялар ва кескин бурилишларни аста айланиб ўтар эканмиз, қаршимиздан Каптархона дараси чиқди. У доимий равишда нураб боргани учун деворларида шундай ўйиқлар пайдо бўлганки, сайёҳлар унга чиқиб олиб, бемалол суратга тушишлари мумкин. Ва улар бу ёқимли ишни дўндиришади ҳам. Бу ерга тоғ экстрими шинавандалари, қоя забт этувчилар, археологлар ташриф буюриши одатий ҳолга айланган.

Айтганча, Паданг қишлоғи яқинида аномаль гравитация ҳолатига дуч келиш мумкин. Агар машинани қолдириб узунлиги 50 метр бўлган тепаликка чиқилса, автомобиль ўзидан-ўзи, ҳайдовчисиз юқорига қараб ҳаракатланади. Сув ҳам бу ерда тескари оқади. Бундан ҳайратда қолган ОАВ вакиллари қатори биз ҳам сирни топиш учун меҳмонхонага қайтдик.

Кун ботар пайтида ижодкорлар “Сирли Ўзбекистон” туристик жамиятининг тажрибали гидлари кузатувида “УАЗ”га ўтириб, тор тоғ сўқмоқлари бўйлаб ўтадиган ва осон бўлмаган машаққатли йўлга отландилар. Сафар арчаларга бурканган Заурбоши дарасидан бошланди. Ҳаво шунақанги мусаффо эди-ки!? Агар юқоридан пастга қарасангиз ўзингизни худди Тошкент телеминораси тепасида тургандек ҳис этасиз. Осмонда йиртқич қуш ўз ўлжасини пойлаб учиб юрибди. Балки уни тутиши билан чиқиш қийин бўлган тик қоядаги уясига олиб кетса керак. Дарё оқими бўйлаб, қизил тупроқдан барпо этилган ўзига хос қишлоқлар, шаршаралар, охири йўқ сўқмоқлар бўйлаб жамоамиз баланд тоғда жойлашган овулга етиб келди.

Биология фанлари доктори бўлган гидимиз Шароф Эгамбердиевнинг сўзларига қараганда, ташқи дунёдан узилиб қолган ва етиб бориш қийин бўлган жойларда ҳайратланарли меъморий ечимларга гувоҳ бўлиш мумкин экан. Улардан бири овринг*лардир.

Шундай экан, бу қишлоқни ташқи олам билан боғлаб турувчи ягона йўлдир. Маҳаллий аҳоли ўртасида “Оврингдаги йўловчи киприкдаги ёшга ўхшайди” деган гап ҳам юради.

Ўн икки кишидан фақат уч нафари, жумладан, шу сатрларни ёзаётган муаллиф ҳам узунлиги 500 метр бўлган сўқмоқ орқали тепаликка кўтарила олди. У ерда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган оқбош қумойнинг бошимиз узра бор гўзаллигини кўз-кўз қилиб учиб юрганини кўрдик. Мириқиб томоша қилдик, эстетик завқ олдик. Демак, машаққатимиз мукофотсиз қолмади.

Саргузаштларнинг учинчи куни Ўзбекистондаги энг катта шаршарага бориш билан ёдда қолди. Минглаб одамлар Сариосиё туманига айнан Сангардакни кўриш ва булоқ сувидан баҳраманд бўлиш учун келади. Жуда баланддан тушаётган сув қояларга урилади, майда-майда томчиларга айланиб, атрофда ўзига хос микроиқлим ҳосил қилади. Журналистлар гуруҳи, шунингдек, Нилу деган ўзига хос ва ноёб қишлоққа ҳам борди. Унга кираверишда ёввойи писталар, анжирлар, чилонжийдаларга дуч келасиз, ҳамма жойда ёрқин сариқ рангдаги ширач ўсиб ётибди.

У ердаги қулочи 25 метр қалинликдаги чинор беихтиёр барчани диққатини ўзига тортди. Яқинида балиқлар сузиб юрган муқаддас ҳовуз бор. Азим дарахт айнан шу оби ҳаёт туфайли унган ва тирик. Ш. Эгамбердиевнинг айтишича, бу жойда сув сатҳи йил давомида бир меъёрда сақланиб туради. Қишлоқда яшайдиган 1500 аҳоли учун махсус канал орқали сув чиқарилган.

Тупроқли уйлардан турфа рангларда дўппи кийган болалар чиқиб келди. Тор кўчалар бўйлаб югуришди. Уларнинг қўлларида сув идишларни кўтариб олишган эди.

Динара Чиркова,
“Халқ сўзи” фотомухбири.
Муаллиф олган суратлар.

* Овринг — тоғлик ҳудудларда тик тоғ ён бағирларидан ўтган тор йўлларнинг илмий адабиётда қабул қилинган номи. Овринг қояларни ўйиб, мустаҳкам қозиқлар устига шох-шаббалар тўшаб ишланади. Ўтиб бўлмайдиган жойларга осма кўприклар қурилади. Тик силлиқ қояга баланд зинапоялар осиб қўйилади. Баъзан қоянинг тепасига катта қозиқлар қоқилади, пишиқ новдалардан эшилган арқон ҳалқа шу қозиқларга осилади. Арқон ҳалқаларнинг пастки учига ғўлалар ётқизилади. Кишилар ана шу ғўлалар устидан юради. Овринглар, асосан, пиёда юришга мўлжалланган. Баъзи қисмларида эшак-отларда ўтса ҳам бўлади. Оврингарни тепадан тушган сув, тошлар ва қор кўчкилари ишдан чиқаради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар