Номи бору ўзи йўқ дорихоналар

15:29 11 Февраль 2019 Жамият
484 0

“Халқ сўзи online”. Истам Иброҳимов/Бухоро. “Иссиқ жон иситмасиз бўлмас”, дейишади. Тобимиз қочганида шифокор хизматига эҳтиёж сезамиз. У қўлимизга тутқазган рецептни олиб дорихонани излаб қоламиз. Негаки, соғайиб кетишимиз дори-дармонга боғлиқ.

Мана шу ҳаётий эҳтиёжлардан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбарининг фармацевтика соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашни янада яхшилашга қаратилган Фармон ва қарорлари қабул қилинган. Уларга мувофиқ, аҳолига, хусусан, чекка ҳудудларда яшовчи фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида ижтимоий дорихоналар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган. Бу ўринда Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривождантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини эслашнинг ўзи кифоя.

Жойларда шу муҳим ҳужжатнинг ижроси қандай бажарилмоқда? Аҳоли ижтимоий дорихоналар хизматидан розими? Мухбиримиз Бухоро вилояти мисолида шу мавзуда суриштирув ўтказди.

Қоғозда ҳаммаси жойида

Маълумотларга қараганда,вилоятда “Бухоро дори-дармон” масъулияти чекланган жамияти томонидан 200 атрофида ижтимоий дорихона ва уларнинг шохобчалари ташкил этилган. Улар ижтимоий аҳамиятга эга дорилар ва тиббий буюмлар билан таъминланган.

Жамият ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси кўмагида ижтимоий дорихоналарнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Номутахассис ходимлар фармацевтика йўналиши бўйича қайта тайёрловдан ўтказилди. Жамият таркибидаги махсус автомашиналар ёрдамида чекка ҳудудларда яшаётган аҳоли учун кўчма ижтимоий дорихоналар фаолияти йўлга қўйилган. Уларнинг ҳаракат графиги ишлаб чиқилган.

Бир қарашда ҳаммаси жойида. Аммо амалда-чи?

Вобкент туманидаги Янгикент қишлоқ врачлик пунктидамиз. Маскан бир пайтлар дала шийпони вазифасини ўташ учун қурилган бинода жойлашган. Шарт-шароит ҳаминқадар. Хоналар совуқ. Ўтиргани юрак бетламайди. Нақадар ғалати туюлмасин, шифо масканида шамоллаб қолиш ҳеч гап эмас. Ваҳоланки, у оз эмас, кўп эмас, 4200 нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Мудира Ҳалима Ғаффорованинг билдиришича, зарарсизлантириш хонаси ва ҳатто қоровулхона ҳам йўқ. Кўча томонда йирик ҳарфлар билан “Ижтимоий дорихона” деб ёзиб қўйилган. Мудира бизни дорихона учун ажратилган хонага бошлади. Хонада тўрт девордан бўлак ҳеч вақони учратмадик. “Фармацевт мутахассис топилмаётгани учун дорихона иш фаолиятини бошлаганича йўқ” дея изоҳ берди мудира.

Туман марказидан атиги олти километр узоқликда жойлашган, аҳоли тиғиз яшаётган ҳудудда наҳотки бир мутахассис топилмаётган бўлса?!

Уловидан тушови қиммат

— Қарамоғимда туғма ногирон фарзандим бор, — дейди Пешку туманидаги Дедароз қишлоғида яшовчи Суннат Ашуров. — Дори-дармонига ҳар ойда ўртача 150-200 минг сўм атрофида маблағ сарфлайман. Массаж ва бошқа хизматлар учун бериладигани бунга кирмайди. Қишлоғимизда ижтимоий дорихона тугул хусусий аптека ҳам йўқ. Зарурат туғилганида дорини туман марказидан бориб сотиб оламиз.

Йўл харажатини қўшиб ҳисоблаганда, дори 2-3 баравар қимматга тушади. Муқим иш ўрнига эга бўлмаган киши учун бу пулни топиш осон дейсизми? Топганини нуқул дорига сарфласа, рўзғори нима бўлади?!

Балки Дедарозга яқин қишлоқларда бу борада аҳвол тузукдир, деган ўйда Хўжакон, Янгийўл, Кодравон аҳоли пунктларига йўл олдик.

— Дори-дармондан асло сўз очманг, — дейди шу манзиллар аҳолисига хизмат кўрсатадиган 31-қишлоқ оилавий поликлиникаси филиали патронаж ҳамшираси Нодира Нурова. — Филиалимиз ҳудудида 3132 нафар аҳоли яшайди. Қўни-қўшнилар шундай катта ҳудудда дори сотадиган шохобча йўқлигидан қийналиб, бизга мурожаат қилишади. Баъзи зарур дориларни уйга келтириб қўйишимизни сўраб ёлворишади. Уларга бундай қилишга ҳаққимиз йўқлигини тушунтирамиз, албатта.

“Кўчма дорихонанинг қорасини ҳам кўрган эмасмиз”

Мабодо, Гиннеснинг рекордлар китобидан ўрин оладиган манзиллар рўйхати тузилса Когон туманидаги Ўртачўл маҳалла фуқаролар йиғини даъвогарлар сафидан ўрин олиши тайин.Чекка бу қишлоққа элтадиган йўлдан автомобилда эсон-омон борган киши машҳур “Формула” автопойгасида бемалол қатнашса бўлади. Ота-боболаримиз “Йўл азоби — гўр азоби” дейишганида шу қишлоқни назарда тутишганми, деб ўйланиб қоласан, киши.

8-мактабнинг Ўртачўлда жойлашган филиали атиги икки хонадан иборат.Ажабланарлиси,бу ерда 1 ва 3-синфлар ҳамда 2 ва 4-синфлар биргаликда бир хонада сабоқ олишаяпти.

72 та хонадони бўлган қишлоқда ичимлик сув — энг катта муаммо.”Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган оилавий поликлиника шифокори, Ўртачўлга биркитилган Нарзи Эшмуродованинг таъкидлашича, аҳоли техник сувни истеъмол қилишга мажбур бўлаяпти. Бу эса турли касалликлар келиб чиқиши эҳтимолини оширмоқда.

— Мабодо, дори-дармонга эҳтиёж туғилиб қолгудек бўлса, шу ўнқир-чўнқир йўлдан 11-12 километр юриб, туман марказига боришимизга тўғри келади, — дейди ўзини Бахтиёр Қудратов дея таништирган йигит. — Кўчма ижтимоий дорихона, дейсизми? Унинг қорасини ҳам кўрганимиз йўқ.

Гап шундаки, кўчма ижтимоий дорихоналарнинг 2018 йилги ҳаракат графигида Ўртачўл маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисига ҳафтанинг ҳар жума куни хизмат кўрсатиш кўзда тутилган. Бироқ қишлоқ аҳолиси, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси Лайло Эшова ҳамда узоқ йиллардан буён шу ерда шифокорлик қилаётган Нарзи Эшмуродова бундай дорихонанинг Ўртачўлга келганини эслай олишмади.

Айтмоқчи, “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги оилавий поликлиника жойлашган бино пештоқида “Ижтимоий дорихона” деган ёзувни кўриб, таскин топгандек бўлдик. Аммо шошилган эканмиз. “Дорихона ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён бизга номаълум сабабларга кўра ишламаяпти, — дейишди шифокорлар. — Аммо одамлар дорихона очилиб қолгандир, деган умидда ҳали-ҳануз келиб-кетишади”.

Қизиқ, номи бору ўзи йўқ дорихоналар кимга керак? Бу ҳолга ким чек қўяди?!

Дорихоначига ҳам ёрдам керак

— Ўтган йилнинг март ойидан буён шу ерда фаолият кўрсатиб келаяпман, — дейди Жондор туманидаги “Оғар-1” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган ижтимоий дорихона ходими Ситора Тўхтаева. — Ҳамма нарса етарли. Аммо қишлоқда дори-дармон воситалари билан уйида ноқонуний шуғулланадиган кишилар бор. Улар дорини туман марказидаги хусусий аптекалардан кўтарасига харид қилиб, арзонроқ сотишаяпти. Масалан, оғриқ қолдирувчи кюпен дорисининг нархи бизда 5 минг 500 сўм. Қўлда эса у 3-3,5 минг сўм. Одамлар арзонига учишади. Оқибатда дорихонамизда савдо яхши бўлмайди. Мен билганларим тўғрисида “Бухоро дори-дармон” масъулияти чекланган жамияти раҳбарларига ҳам, маҳалла участка нозирига ҳам маълумот етказдим. Аммо ҳозирча аҳвол ўзгарган эмас.

Одамлар дорини дуч келган кишидан эмас, сифати кафолатланган жойдан харид қилгани зарур, албатта. Бу борада ўзибўларчиликка йўл қўйилса, ижтимоий дорихоналар касодга учраши, соҳа ходимларининг ишдан ҳафсаласи пир бўлиши тайин. Дарвоқе, биз бир қатор хусусий дорихоналарда бўлиб, “Сиз ижтимоий дорихонада ишлашни хоҳлармидингиз” дея сўраганимизда, ходимларнинг аксариятидан “Йўқ” деган жавобни эшитдик. Бу тизимда муаммолар кўплигидан дарак бермасмикан?!

Мақсадимиз эса битта: Ижтимоий дорихоналар ҳукуматимиз томонидан аҳолини нисбатан арзон дори-дармон ва тиббиёт воситалари билан таъминлаш, одамларнинг ташвишларини енгиллатиш ниятида ташкил этилган экан, улар ўз номига муносиб бўлсин!


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019