Ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари — давлат ҳимоясида

12:21 18 Июнь 2018 Жамият
499 0
Архив сурати

Маълумотларга қараганда, бугун сайёрамизда қарийб 1 миллиард нафарга яқин ногиронлиги бор шахслар ҳаёт кечираётир. Мамлакатимизда уларнинг сони 670 минг нафардан ортиқни ташкил этади.

Ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахсларга аввалдан юртимизда жамиятнинг ажралмас бир қисми сифатида эътибор қаратиб келинади. Айниқса, сўнгги йилларда республикамизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кўмак бериш борасида катта ишлар қилинди.

Президентимиз раҳнамолигида оғир ижтимоий-маиший шароитларда яшовчи оилалар арзон уй-жойлар билан таъминланаётгани, тиббий хизмат, турли маиший техникалар сотиб олишида беғараз ёрдам кўрсатилаётгани фикримиз далилидир.

Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахсларга нафақа тўланаётгани, шу билан бирга, меҳнат қилишларига зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётгани ҳам инсонпарварлик сиёсатининг бир кўриниши, десак, айни ҳақиқат.

Юртбошимизнинг “Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожига янги суръат бағишлади.

— Ногиронлиги бор шахслар иштирокидаги корхоналар танлов савдоларида тенг шароитларда иштирок этганда уларга устуворлик ҳуқуқининг берилмагани, давлат мулк объектларидан ижара асосида фойдаланаётганда, бошқа тадбиркорлик субъектлари билан бир хил қаралаётгани ёки бўлмаса, ривожланган мамлакатларда кенг қўлланилаётган ижтимоий тадбиркорлик субъекти доирасининг аниқланмагани бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларга жиддий ғов бўлаётган эди, — дейди Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими Валишер Давлатов. — Мазкур қарор ногиронлиги бор шахсларни меҳнат фаолиятига жалб қилишга катта туртки беради.

Айтиш жоизки, қарорга асосан, шу йил 1 августдан эътиборан умумий тушумининг 30 фоизини ногиронлиги бор шахсларга жиҳозлар ишлаб чиқариш ҳамда таъмирлаш ва протезлаш хизматларини кўрсатиш ҳисобига ташкил этадиган корхоналар, 20 фоизини Брайл ёзувидаги босма нашрлар, илмий ҳамда бадиий адабиётлар, имконияти чекланган болалар учун аудиокитоблар, видеоматериалларни ишлаб чиқариш эвазига ташкил қиладиган корхоналар, ишчиларининг 30 фоизи ногиронлиги бор шахслардан иборат корхоналар бир қатор имтиёз ва преференцияларга эга бўлади. Қолаверса, улар давлат мулки объектини ижрага олишда энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизини тўлайдилар.

Юқорида зикр этилган корхоналарга айланма маблағини тўлдириш учун — уч ойлик имтиёзли давр билан 18 ойгача муддатга, асбоб-ускуналар ҳамда сарфлаш материалларини харид қилиш учун — олти ойлик имтиёзли давр билан 3 йил муддатга кредитлар ажратиладиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кредитлар бўйича фоизларга кафиллик беради.

Шу билан бирга, мазкур ҳужжат билан яна бир имтиёз берилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 1 августидан бошлаб ишчиларининг 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан ташкил топган корхоналар ходимлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 4,7 фоиз миқдорда белгиланди.

Эндиликда ёрдамга муҳтож ва шу муҳтожларга кўмакка шай бўлган ҳомийлар бир майдончада виртуал мулоқотга киришишлари мумкин бўлади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин фойдаланиши учун барча техник ҳамда тиббий-ижтимоий имкониятларни инобатга олган ҳолда, ҳомийлар ҳамда ҳомийлик олувчиларни боғлайдиган, аввало, ҳомийлар ёрдамига ва қўллаб-қувватлашига ўта муҳтож кишилар ҳақидаги мақолалар ҳамда маълумотлар жойлаштириладиган махсус веб-портал ҳам яратилади.

Бундан кўзланган асосий мақсад интернет тармоғида ёрдамга муҳтож бўлган шахслар ҳақидаги маълумотларнинг ягона майдонини яратишдир. Бу орқали улар ҳам давлат томонидан, ҳам жамоатчилик томонидан назорат қилиб борилади.

Қарорда белгиланган яна бир жиҳатга тўхталиб ўтиш ўринли. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Молия ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда жамоат бирлашмаларининг корхоналарига тегишли ишлаб чиқариш объектлари ҳамда ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш бўйича махсус гуруҳлар тузилади.

— Мазкур ишчи гуруҳи томонидан республикамизнинг ҳар бир ҳудудидаги жамоат бирлашмалари корхоналарига тегишли ишлаб чиқариш объектлари ва ер майдонларидан унумли фойдаланилиши комплекс тарзда ўрганилади, — дейди Бош прокуратура бошқарма прокурори Шаҳноза Тўхташева. — Қолаверса, нафақат улар фаолияти ўрганилади, балки мавжуд муаммолар бартараф этилади, улар фаолиятини янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Хулоса ўрнида айтганда, кўрилаётган чора-тадбирлар ногиронлиги бўлган шахсларга меҳнат қилишлари учун зарур шароит ҳамда имкониятларни яратиб беришга йўналтирилгани билан катта аҳамиятга эгадир.
Бош прокуратура ҳузуридаги
Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази
материаллари асосида Раҳим Шерқулов тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар