Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифати янада ошади

09:33 21 Июнь 2018 Жамият
299 0

Ўтган давр мобайнида республикамизда ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда имконияти чекланган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам беришнинг самарали тизими шакллантирилди. Буни 2017 йилда 11 тиббий-ижтимоий муассасанинг моддий-техника базаси мустаҳкамлангани, 15 минг нафар ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилгани, 21 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахслар реабилитация техник воситалари ҳамда протез-ортопедия буюмлари билан таъминланганидан ҳам яққол кўриш мумкин.

Лекин тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базаси ва инфратузилмасининг аянчли аҳволи ногиронлар, аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифаларини тўлиқ қамраб олиш, замонавий тиббий-ижтимоий реабилитация усулларини жорий қилишга имкон бермаётган эди. Аниқроғи, ҳозирги пайтда республикамиздаги мавжуд 11 минг 212 ўринли 52 та тиббий-ижтимоий муассаса, жумладан, 7 та Саховат ҳамда 26 та Мурувват уйлари, 11 реабилитация-протезлаш маркази ва 8 та санаторий 694 минг ногиронлиги бўлган фуқароларнинг, бор-йўғи, 10 фоизини қамраб олмоқда холос.

Устига-устак, протез-ортопедия буюмлари ҳамда реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришда қўлланилаётган технологиялар жисмонан ва маънан эскирган, соҳада инновацион технологиялар жорий этиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш эса, афсуски, тўхтаб қолганди.

Президентимизнинг “Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шундай ўткир муаммоларни бартараф этиш, ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифатини янада оширишга қаратилгани билан ғоят муҳимдир.

— Кейинги йигирма йиллар мобайнида бундай қарор қабул қилинган эмас эди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош бошқармаси бошлиғи Алишер Иноқов. — Муаммолар ҳақида гап юритилар эди-ю, аммо унинг ечимини топиш борасида аниқ режалар ишлаб чиқилмасди. Ушбу қарор ўз мазмун-моҳияти билан вақтида қабул қилинган стратегик ҳужжат бўлди. Оддий мисол, бугунги кунда Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Бухоро вилоятларида ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш, протезлаш ҳудудий марказлари йўқ. Қарор билан мазкур ҳудудларда ана шундай реабилитация марказлари ташкил этилади.

Мазкур устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2018 — 2022 йилларда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада чуқурлаштириш ҳамда кенгайтириш бўйича 18 та банддан иборат комплекс чора-тадбирлар дастури қабул қилинмоқда. Дастурдаги чора-тадбирларга 8 миллиард сўм ва 42 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши белгиланди. Шунингдек, ушбу даврда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасаларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишларини молиялаштиришнинг асосий параметрлари ҳам тасдиқланяпти. Унга кўра, келаси 5 йилда 10 та объектни янгидан қуриш ва 32 тасини реконструкция қилиш кўзда тутилган. Бу ишларга Давлат бюджетидан 388,4 миллиард сўм ажратилади.

Эътиборлиси, қарор билан протез-ортопедия буюмлари ҳамда реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқарадиган корхоналарга имконият ва имтиёзлар берилмоқда. Соҳа корхоналари 2021 йил 1 январгача солиқ ҳамда бошқа мажбурий тўловлардан ва четдан олиб кириладиган бутловчи буюм ҳамда эҳтиёт қисмлар, асбоб-ускуналар, компьютер ва диагностика воситалари учун божхона тўловларидан озод қилинди.

Яна бир муҳим жиҳат. Эндиликда эркин иқтисодий ҳамда кичик саноат зоналари ҳудудларида ҳам протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мазкур жараёнга хориждаги етакчи ишлаб чиқарувчилар, чет эл инвесторлари, турли грантлар ва халқаро молия институтлари маблағларини жалб этиш орқали соҳага янги, инновацион технологиялар жорий қилинади.

Шунингдек, тижорат банклари протез-ортопедия буюмлари ҳамда реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга имтиёзли кредитлар ҳам ажратиладиган бўлди.

Соҳа кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳам ҳужжатда ўз аксини топган. Яъни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий ҳамда ўрта махсус маълумотли протезчи мутахассисларни тайёрлашни бошлайди.

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу ҳужжат мазмун-моҳиятига кўра, юртимизда ногиронлиги бор инсонларнинг ўзини жамиятнинг тўла-тўкис аъзоси сифатида ҳис этишларига қаратилган тизимли чора-тадбирларнинг, уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа
маркази материаллари асосида
Р. ШЕРҚУЛОВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар