Нобуаки ИТО: “Ўзбекистондаги ислоҳотлар нафақат катта кўлам касб этмоқда, балки жадал суръатлар билан олиб борилмоқда”

15:23 30 Август 2018 Сиёсат
107 0

Нобуаки ИТО, Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Ўзбекистонда иш бошлаганимга икки йил бўлди. Ўтган вақт давомида мамлакат ­Президенти, муҳтарам Шавкат Мирзиёев томонидан бошланган ва муваффақият билан давом эттирилаётган кенг миқёсдаги ўзгаришларга шахсан гувоҳ бўлиб турибман. Эътиборлиси, мазкур ислоҳотлар нафақат катта кўлам касб этмоқда, балки жадал суръатлар билан олиб бориляпти ҳам. Ўзгаришлар иқтисодиёт, сиёсат, ҳуқуқ ва бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олди. Ўзбек матбуоти орқали деярли ҳар куни бирор масалага бағишланган ­Президентнинг янги Фармони ва қарорига кўзим тушади. Ушбу ислоҳотларнинг ҳар бири, шубҳасиз, жамият ва давлат тараққиёти сари ташланган навбатдаги қадамга айланяпти. Масалан, ўтган йил сентябрь ойида қабул қилинган валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича Фармон мамлакатингиз тадбиркорлари билан бирга, Ўзбекистонга инвестиция киритмоқчи бўлган хорижий компаниялар учун ҳам жуда катта янгилик бўлди. Айни пайтда Осиё тараққиёт банки, ­Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ­сингари йирик халқаро молия муассасаларининг Ўзбекистон иқтисодиётида фаол иштирок этиши учун ҳам йўл очилди.

Мамлакатингизда бошланган ислоҳотлар жараёнини Япония ҳукумати ва жамоатчилиги, шахсан ўзим диққат билан кузатиб боряпман. Бу илғор ташаббуслар ҳозирданоқ реал натижалар бера бошлаганини эътироф этган ҳолда, улар яқин истиқболда иқтисодий-ижтимоий тараққиётга кучли ижобий таъсир кўрсатишига ишонаман. Мамлакатингиз раҳбарияти билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш орқали қўйилган улкан мақсадларга эришишда ўз ҳиссамни қўшишга умид қиламан.

Сўзим якунида бутун ўзбек халқини Мустақилликнинг 27 йиллиги билан муборакбод этаман! Турли лойиҳаларимизни муваффақиятли рўёбга чиқаришимизда иштирок этган, ёрдам берганларга миннатдорлигимни билдираман. Барчангизга оилавий бахт, мустаҳкам соғлиқ ва ишларингизда ривож тилайман!


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар