Н.Хачатурян: “Кўп юртларда бўлганман, аммо сизнинг диёрингиз ва ширинсухан одамларингизни асло унутмайман!“

10:35 15 Сентябр 2019 Жамият
55 0

Қўқон шаҳри мезбонлик қилган Халқаро ҳунармандлар фестивали мезбону меҳмонларда катта таассурот қолдирмоқда. Буни улар билдираётган фикрлардан ҳам билиб олса бўлади. Қуйида шуларнинг айримлари билан танишиб ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

Муҳаммадали ЮНУСОВ,

Ўзбекистонхалқ устаси:

Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг тантанали очилиш маросимида Президентимиз сўзга чиқдилар. Нутқ давомида кўзга кўринган уста-ҳунармандлар орасида эътироф этилишим мени бениҳоя тўлқинлантириб юборди. Давлатимиз раҳбарининг бу сўзларини ўша майдонда сценарийга асосан бунёд этилаётган миллий пешайвон қурилишини бошқараётиб тингладим. Тўғрида, мамлакат раҳбари томонидан халқ учун қилинган меҳнатнинг эътироф этилиши биз ҳунармандлар учун буюк бахт.

Минг нафардан зиёд шогирдим бор. Уларнинг 50 нафари миллий ёғоч ўймакорлиги ҳунарини миридан-сиригача ўрганиб, ҳунаримиз билан боғлиқ ҳар ишнинг устаси сифатида мустақил фаолият юритишяпти.

Шу кунгача шогирдларим билан биргаликда Фарғона шаҳридаги узумни қайта ишлаш корхонаси, “Бахт” уйи, Фурқат туманида Абдуқаҳҳор ота зиёратгоҳи, Тошкент шаҳрининг янги ҳалқа йўли ёқасидаги “Хон чорбоғи” тепалиги ва қатор ташкилот ва муассасаларда миллий ҳунармандчилик ишларини амалга оширдик. 2015 йилда Самарқанд шаҳридаги Дониёр пайғамбар мақбарасида 60 нафар устазода шогирдлари билан 8 қирралик, 8 устунлик миллий аркли айвон, Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом масжиди мажмуаси айвон устунлари, пойтахтимизнинг Юнусобод даҳасида Қатағон қилинганлар хотирасига қурилган музейнинг устунларини ҳам ўймакор нақшлар билан безатишган. Пойтахтимиздаги миллий боғда “Халқ амалий санъати” галереясининг айлана айвон қисми, Самарқанднинг Ҳазрати Имом Исмоил Ал-Бухорий мажмуаси айвонлари қурилиши, Жиззахда “Ипак йўли” чойхона-оромгоҳи ва юртимизнинг кўплаб туман-шаҳарларида чойхона-оромгоҳларнинг ёғоч ўймакорлиги ишлари ҳам айнан бизнинг ижод маҳсулимиз.

Бу ҳунарда бетакрорликка эркин ва мустақил ижод билан эришиш мумкин. Катта оиланинг фарзанди бўлганман. Ёғоч ўймакорлиги, наққошлик ота касб. Мен 5-авлод устазодаман. Ўғилларим ҳам ҳунаримни эгаллашган. Хусусий корхонамизнинг асосий ишларини бугунги кунда ўғилларимга ишониб топширяпман.

Нарина ХАЧАТУРЯН,

Арманистон Республикаси таълим фан, маданият ва спорт вазирининг ўринбосари:

–Эзгу фазилатлари билан дунёга танилган халқингиз ўзининг меҳмондўстлик, ширинсуханлик ва одамийлик хислатларини Қўқон шаҳрида яна бир бор намоён этмоқда. Бундай нуфузли анжуманлар, халқаро фестиваллар эса қўшни республикалар, узоқ-яқин хориж давлатлари билан дўстлик ришталарини боғлабгина қолмай, савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади. Қўқон темир йўл вокзалида жаҳон ҳунармандчилиги соҳаси арбоблари, тажрибали мутахассислари, ўз касбининг усталари карнай-сурнай садолари остида ўзбек миллатига хос меҳмоннавозлик ҳамда нон-туз, Қўқоннинг машҳур ҳолвалари ва ширинликлари билан тантанали кутиб олдилар.

Ўзбекистон ҳақида ҳар гал тўлқинланиб гапираман.Меҳмондўст халқ, бетакрор об-ҳавоси, турли ноз-неъматлари қаторида ҳунармандчилиги, миллий қадриятларини ҳам алоҳида эътироф этаман. Кўп юртларда бўлганман, аммо сизнинг диёрингиз ва ширинсухан одамларингизни асло унутмайман! Фестиваль эса дўстлик ва биродарлик тантанасига айланганига ишонаман.

Акмал МИРЗАМУҲАММАД,

ҳунарманд, Покистон:

–2004 йилда ўзбек ҳунарманди томонидан тайёрланган гиламчиликнинг энг жажжи нусхаси – қўл телефони ғилофини ўз юртимга олиб кетган эдим. Анча уриниб қолди, лекин ҳамон ўзим билан олиб юрибман, чунки бу ҳунармандчилик, қўл меҳнатининг нодир маҳсули. Ушбу фестивалдан, Қўқондан ҳам мана шундай ажойиб эсдалик буюмини олиб кетиб, ардоқлаб юриш ниятидаман.

Қўқон шаҳрида ўтказилаётган Халқаро ҳунармандлар фестивалининг тантанали тадбирида иштирок этганимдан қувончларим чексиз.Барчаси бетакрор тайёрланган. Миллий мақом ва лапар қўшиқлари менга жуда манзур бўлди.Фарғона вилояти санъатининг миллий брендига айланиб улгурган “Фарғона тонг отгунча” қўшиғини иштирокчилар биргаликда куйлашиэътиборимни тортди.

Саҳна икки четида дастур якунига қадар моҳир усталар томонидан икки пешайвоннинг тез ва сифатли битирилишидан тўғриси лол қолдим. Ҳаммаси маҳобатли ва ҳайратланарли.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019