Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ижодий имтиҳонлар бошланди

16:06 26 Июль 2018 Маданият
1314 0
Фото: "Халқ сўзи"

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида 25 июль куни ижодий имтиҳонлар бошланди. Айни дамда Касб таълими факультети Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишига ҳужжат топширган абитуриентлар ижодий имтиҳонларни топширишмоқда.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети матбуот хизмати томонидан “Халқ сўзи online”га маълум қилишларича, мазкур йўналишда тест синовлари бекор қилинган бўлиб, кириш имтиҳонлари уч босқичли амалий имтиҳонлар шаклида ўтказилади. 2018-2019 ўқув йили учун университетнинг Касб таълими факультети Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишига ўзбек гуруҳлари учун 158 та, рус гуруҳлари учун 39 та абитуриент ҳужжат топширган. Улардан 40 нафари талабаликка қабул қилинади.

Бу йилги синовлар шаффоф ва очиқлиги, синовларнинг йўналишга мослангани билан ҳар йилгидан ўзгача ўтмоқда. Хусусан, университетнинг Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишига ҳужжат топширган абитуриентлар уч босқичда - Ранг тасвир, Қалам тасвир ҳамда Чизмачилик йўналишида амалий синовлардан ўтади. Аввалги йиллардан фарқли жиҳати, тақдим этилган ижодий ишлар шу куннинг ўзида махсус тузилган экспертлар томонидан текширилиб, абитуриентларнинг баҳолари эртаси куниёқ эълон қилинади.

Университет ҳудудидаги имтиҳон ўтказилаётган залга махсус камералар ўрнатилган бўлиб ота-оналар имтиҳон жараёнини бевосита кузатиб турибди. Ва албатта, бу имкониятдан ота-оналар хурсанд.

“Фарзандим имтиҳон топширяпти, мен ўзим ҳаяжондаман. Бу йилги имтиҳонлар ҳар йилгидан бошқача. Адолатли ўтяпти барчаси. Ҳатто ота-оналарга ичкарига кириб, фарзанди нима чизаётганини кўриб чиқишга ҳам рухсат бериляпти. Ота-оналардан иборат махсус экспертлар гуруҳи ҳам тузилди. Бундан жуда хурсандмиз”, дейди ангренлик Зулфия опа.

Ижодий имтиҳон натижалари университет расмий сайти tdpu.uzда эълон қилиб борилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар