Нима учун Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари ва вилоят прокурори лавозимидан озод этилди?

22:25 08 Ноябрь 2018 Сиёсат
1786 0

“Халқ сўзи Online”. Илҳом Раҳматов/Сурхондарё. Сурхондарё вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Сурхондарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Абдумуталович Ахунов ҳамда вилоят прокурори Ўктам Абдуллаевич Саидов бошқа ишга ўтказилгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шу кунга қадар вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Раҳматулла Бобохонович Гаппаров Сурхондарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Денов тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Улуғбек Бердиқобилович Қосимов Сурхондарё вилояти прокурори этиб тайинланди.

Йиғилишда шунингдек, жорий йил қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш, пахта етиштириш ва йиғим-терим ишларини ташкил этиш борасида йўл қўйилган хато-камчиликлар, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, давлат дастурлари ва экспорт прогнозларининг бажарилиши, қурилиш, коммуникация ва коммунал соҳадаги дастурларнинг ижроси, ижтимоий соҳа объектлари ва уй-жой фондининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳолати юзасидан вилоят ҳокими ўринбосарларининг ахборотлари тингланди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар