“Нима учун кўча ҳаракатини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?”

14:30 16 Март 2020 Жамият
439 0

Тил – миллатнинг руҳи, ҳеч кимга ўхшамаган ўзлиги ва маънавий мулки. Дунёда шундай халқлар ҳам борки, мустақил давлат сифатида ўзининг тилига эга эмас. Масалан, лотин, санскрит тилларидан фақат ёзма ёдгорликлар қолган. Она тилимиз неча минг йиллар қаъридан етиб келган. Тилимизнинг жуда бой ва гўзаллиги ҳақида истаганча гапириш мумкин. Бу тилда ифодалаб бўлмайдиган туйғунинг ўзи йўқ. Улуғ аждодларимиз қолдирган сўз жавоҳирларини асраб-авайлаб, келажак авлодга етказишга масъулмиз. Тил ва адабиётга ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир пайтда бисотимиздаги нодир қўлёзмаларни ўрганиш, мактабларда она тили ва адабиёт фанини ўқитишни яхшилаш, ёзма, оғзаки нутқимиздаги жузъий камчиликларни тузатиш айни муддао.

Бундан қарийб олти юз илгари Алишер Навоий ўз асарларида ўзбек тили бошқа тиллардан қолишмайдиган куч-қудратга эгалиги, унда барча туркий халқлар шаррос ўқиб тушунадиган асарлар яратиш мумкинлигини исботлаб берган. Миллатимиз таркибидаги тўқсон икки уруғ ва қабилалар шу тилда ўз фикри ва туйғуларини ифодалаб келган. Хўш, шунча йиллар давомида тилимиз қай даражада бойиди, илмий жиҳатдан таҳлил қилинди ва жаҳон миқёсда ўрганилмоқда?

Ўзбек тилининг ўз грамматикаси бўлмаса-да, саноқсиз қадимий луғатлари бор. Асрлар давомида халқимиз луғатлардан фойдаланиб, Бедилу Саъдийларга мурожаат қилган. Фузулийларни шарҳлай олган. Биз-чи, айни пайтда тилимизга яқин қозоқ, туркман қардошлар билан бемалол гаплаша оламизми? Умуман, ўқиган китоблар ва лисонимиздаги сўзлар миқдорини ҳисоблаб чиққанмизми? Бу атрофдагилар билан мулоқот-муносабатга киришишга, тасаввур оламимизни бойитишга етарлими?! Баъзан ўйлаб қоламиз: биринчи синфдан она тили ўқитилса, олий ўқув даргоҳларига киришдан олдин она тили ва адабиётдан имтиҳон топширилса, нега саводхонлик кўнгилдагидай эмас? Тўғри, ҳамма адабиёт соҳасини танламас. Лекин инсон ўз тилида фикрини бемалол ифодалай олиши керак-ку! Наҳотки, фарзандларимиз шунча йил ўзлаштирган билимлар ўрни келганда, икки оғиз фикрини мустақил ёзиш ёки ифодалашга камлик қилса? Унда “Етуклик аттестати”, “Диплом”, “Магистрлик даражаси” нимага берилади ва кимларга берилмоқда?!

Ҳар сафар телевизор қулоғини бурганда, яна шу аччиқ савол кўндаланг бўлаверади. Матбуот, радио ва телевидение халқ тилига яқин бўлиши керак. Ҳар куни ўттиз миллиондан зиёд аҳоли унга тикилиб ўтиради. Айтган ҳар бир сўзини таҳлил қилади. Ҳозир давлат каналлари билан хусусий каналлар ўртасида фарқ сезилмайди. Бир хил кўрсатувлар кўп. Қўлида микрофон кўтариб юрган “телеюлдуз”ларнинг ҳаммасини ўз соҳасининг етук билимдони, дейиш қийин. Масалан, бир-биридан бемаъни “Войдод караоке”, “Алдама мени”, “Хелло Африка” кўрсатувларининг савияси паст даражада. Республикамиз бўйлаб конференция залларида ўтказиладиган илмий-оммавий йиғилишларда ҳам бирорта чет эллик бўлмаса-да, аксарият мажлислар рус тилида олиб борилади. Бу она тилимизга беҳурматлик эмасми? Бунга марказий ТВнинг вилоят мухбирларини ҳам қўшиш мумкин. Ҳатто “Ахборот” информацион дастуридаги янгиликларни ҳам ҳар ким ўз шевасида ҳавола этмоқда. Ҳозир фарзандларимиз ҳам телеэкран орқали узатилаётган бир-биридан тили қашшоқ турк, корейс кино, сериаллар ва ҳар хил “…шоу”лар “тили”да сўзлашмоқда. Бемаза қовуннинг уруғидек кўпайиб кетган маза-матрасиз қўшиқларни гапирмай қўя қолайлик.

Авар шоири Расул Ҳамзатовни эсланг. Ардоқли шоиримиз Эркин Воҳидов ижодий учрашувларнинг бирида шундай деганди: “... Расул Ҳамзатов авар тилида гапирганда, эшитиб ҳайратга тушганман. Қойил қолиб эмас, шу тилда ҳам шеър ёзиб бўладими, деб. Икки авар сўзлашса, ўдағайлашяпти, деб ўйлайсиз. Тишда ёнғоқ чаққандек қарсиллаган, тош йўлда арава югургандек тарақлаган овозни эшитасиз. Лекин авар ўз тилини севади. Улуғ шоирлари бу тилда ўлмас шеърлар ёзиб қолдирган...”. Бизда ҳам ўз тилини севган ижодкорлар кўп. Масалан, сўз устаси Абдулла Қаҳҳор ижодда ўзига ҳам, бошқаларга ҳам жуда талабчан бўлганини яхши биламиз. У кишининг она тилимизнинг жонкуяри сифатида айтган гаплари ҳали ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган: “Нима учун кўча ҳаракатини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?”.

Ҳар йили давлат нашриётлари қаторида, хусусий нашриётлар томонидан қанчадан-қанча ўқув қўлланмаларидан тортиб, бадиий китобларгача нашр этилади. Буларни синчковлик билан ўқийдиган, ҳар бир сўз, жумла устида баҳслашадиган муаллифлар, муҳаррирлар борми? Наҳотки, бугунги зиёли учун имло билмаслик, уят саналмаса? Хоразм шевасида чоп этилган асарни Андижон ёки Қашқадарёда тушунилиши қийин. Илгари китобга бирор янги сўз ёки ибора берилса, изоҳ ўрнида илова қилинган. Баъзан дўкон пештахталарини айланиб, арзирли китоб тополмайсиз. Ҳатто шаҳримиздаги дўкон ва корхоналар тепасида хато ёзилган номлар, реклама материалларига ҳам эътибор бермай қўйдик. Бу туришда, қандай тилимиз равнақ топади? Китобхонлар, муштарийлар, томошабинларни сохта муносабатлар, палағда ғоялар ва зерикарли иншолар асосида ёзилган асарлар, оммавий нашрлар,савиясиз кўрсатувлар чоҳига улоқтиришдан тийилайлик. Бу ҳозирдан ўзининг “ғаройиб” меваларини беряпти. Ёшлар орасида ўз онаси билан беписанд гаплашадиганлар бор. Тўғри, жаҳонда соф она тилида сўзлашадиган миллатнинг ўзи йўқ. Бутун дунё биладиган ва у билан ҳеч бир тил беллаша олмайдиган инглизча луғатларда ҳам бегона тиллардан олинган сўзлар учрайди. Аммо четдан кириб келаётган ҳар бир янги сўз негизида нима борлигини билишимиз керак. Масалан, қисқа фурсатда, “экстремизм” ёки “терроризм” деган бутунлай бизга ёт тушунчалар қайси манбадан лисонимизга кириб келди? Буни биз маданиятимиз негизида пайдо бўлмаганини яхши биламиз-ку! Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний соф лисоний ёндашувни аввало, оиладан бошлаш керак, дейдилар. Она тили ўз номи билан она тили! Фарзандларимиз тилидаги айрим сакталиклар оналарнинг тилга эътиборсизлигидан келиб чиқмоқда. Айрим тараққий этган мамлакатларда оналар ҳам ўқитилади. Оналар маънавияти юксак бўлса, мактабдаги китобларни болаларига ўқиб, тушунтириб бера олади.

Хулоса ўрнида: она тилимиз бугун гапирилиб, эртага унутилиб кетадиган масала эмас. Фарзандларимиз бир умр мактабда олган билим даражасида қолиб кетмасин. Истеъмол қилаётган сўзларимизнинг маънавий юки бўлсин. Тил алмаштириб туриладиган мавсумий либос ҳам эмас, маънавий қиёфамизни кўрсатиб тургувчи кўзгудир. Кўзгумиз қалб ойнасига айланиши учун ғуборлардан тозалаб турайлик.

Адиба УМИРОВА,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?