Нима учун карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларнинг автотранспорт воситалари жарима майдонига қўйиляпти? — ИИВ изоҳ берди

14:44 19 Апрель 2020 Жамият
2006 0

Хасан Пайдо / «Халқ сўзи»

Хабар берганимиздек, АОКА штабида Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

Савол: Нима учун карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларнинг автотранспорт воситалари жарима майдонига қўйилаяпти?

Жавоб: Гап шундаки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасида транспорт воситаларини ушлаб туриш асослари келтириб ўтилган бўлиб, унда ушбу кодекснинг 54-моддаси талаблари, яъни эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун транспорт воситаларини вақтинча ушлаб туриш КЕЛТИРИЛМАГАН.

Бундан келиб чиқадики, жойларда карантинга риоя этмаганлик сабабидан автомобилларни жарима майдонларига қўйиш НОҚОНУНИЙДИР.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан Республика махсус комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши МАЖБУРИЙ деб белгиланиб қўйилган.

Айнан, Махсус комиссиянинг 4 апрелдаги 16-сонли Баёнида: “карантин талабларининг ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда махсус рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида, истисно тариқасида ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан карантин даврида белгиланган тартибни бузганлиги учун, транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади“, дейилган.

Республика махсус комиссияси қарори билан автотранспорт воситалари эгаларига қулайлик яратиш ҳамда муддати тугаган ҳужжатлар учун енгиллик бериш мақсадида:

- барча рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар (лицензия ва рухсатномалар);

- шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар (фуқаролик паспорти, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида яшашига рухсатнома);

- автотранспорт воситаларини бошқариш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар (суғурта полиси, ишончнома, техник кўрикдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар)нинг амал қилиш муддати 2020 йил 1 июлга қадар узайтирилади.

Бунда, уларнинг муддати ўтганлиги муносабати билан юридик ва жисмоний шахсларга жавобгарлик ва бошқа таъсир чоралари қўлланилмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?