Неймар ютқазди ва "Барселона"га 6,7 миллион евро тўлайдиган бўлди

20:42 20 Июнь 2020 Спорт
482 0

Фото: РИА Новости

Бразилиялик футбол юлдузи Неймарнинг судга "Барселона"дан пул ундириб бериш ҳақида қилган даволари рад этилди. Суд, аксинча, Неймар "Барселона"га 6.7 миллион евро (7.53 миллион доллар) миқдорида маблағни қайтариб бериши кераклиги ҳақида ҳукм чиқарди. 

Неймар 2017 йилда рекорд миқдордаги сумма 222 миллион доллар эвазига ПСЖ жамоасига ўтганидан кейин ўзининг собиқ жамоаси "Барселона"ни судга берган ва ундан 43.6 миллион евро пул талаб қилганди. Лекин суд бразилиялик форварднинг даволарини рад этди ҳамда "Барселона" фойдасига ҳукм чиқарди. Энди у беш кун ичида судга апелляция бериши мумкин.

Неймар "Барселона" таркибига 2013 йилда қўшилганди. У 2016 йилда жамоа билан янги беш йиллик шартнома имзолаган. Ушбу шартномада 43.6 миллион евро миқдордаги мукофот пули тўланиши келишилган ва унинг 14 миллиони олдиндан тўланган. Қолган 29 миллион евро 2017 йилнинг августида тўланиши керак эди. Аммо  2017 йилнинг 3 августида Неймар "Барселона"ни тарк этди.

Шундан кейин "Барселона" Неймарга шартномаси бузилгани ва қолган маблағни тўламаслигини айтган. Ўз навбатида "Барселона" ҳам Неймар устидан судга даво қилиб, олдиндан тўланган 14 миллион евронинг қайтарилишини ва зарарлар учун яна 8.5 миллион евро тўлашини сўраган.

«Суднинг ҳукмига биноан Неймарнинг 43.6 миллион еврони ундириш ҳақидаги давоси тўлалигича рад этилди ва Барселона фойдасига қарор чиқарилди. Энди футболчи Барселона жамоасига 6.7 миллион евро қайтариши керак» дея хабар берган "Барселона" клуби.

"Барселона" ва Неймар ўртасидаги молиявий келишмовчиликларга қарамай футболчи ва клубнинг иккови ҳам қайта бирлашиш истагида. Ҳатто ўтган йили Барселона ПСЖ билан Неймар борасида музокаралар олиб борганди. Лекин унда келишувга эришилмади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?