Нега мустақил Ўзбекистон илк бор ўз аҳолисини рўйхатдан ўтказмоқда? 

17:06 21 Апрель 2020 Жамият
821 0

Архив сурат

Фақат тахминларга таяниб иш кўрган одам ютқазади. Таваккалчилик, башоратгўйлик маълум жабҳалардагина зарур. Аниқ статистика эса ҳар соҳада керак. Бусиз ривожланиш ҳақида гапириш ўринсиз. Айниқса, ҳозирги тез ўзгариб бораётган замонда! Бугун биз сўз юритмоқчи бўлган мавзу ҳам бевосита статистикага дахлдор. Яъни аҳолини рўйхатга олиш ҳақида. Хўш, бу амалиёт нима учун керак? Нега кейинги бир йилда бу ҳақда кўп гапириляпти? Нима, бизда шу пайтгача аҳоли рўйхатга олинмаганмиди?

Санамай, саккиз деманг!

Тасаввур қилинг, хонадонингизда 10 киши яшайди. Демак, бозор-ўчар қилишда улар сонини ҳисобга оласиз. Фалон кило гўшт, фалон литр ёғ, фалон кило ун, қанчадир гуруч ва ҳоказо... Хонадон бекаси ана шу ноз-неъматларни пишириб, дастурхонга тортишда ҳам, табиийки, уйдаги одамлар сонини инобатга олади: 10 косада таом келтиради. Фақат хонадон аъзолари ёши, хоҳиши ва таъбидан келиб чиққан ҳолда овқат кимгадир каттароқ косада, кимгадир кичикроқ идишда, кимгадир ёғсизроқ, кимгадир сергўштроқ қилиб сузилади. Оилангиздагилар учун кийим-кечак харид қилишда ҳам худди шундай йўл тутасиз. Ўғлингиз ё қизингизни бирор тўгаракка бермоқчисиз? Бу ўринда унинг қизиқиши, қобилияти, салоҳияти, имкониятини ҳисобга оласиз!

Энди савол туғилади: қандай қилиб бу борада тўғри ва оқилона қарор қилишга эришяпсиз? Жавоб аниқ: чунки сизда оила аъзоларингизнинг ҳар бири ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотлар базаси бор!

Аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ чора-тадбирлар заруратини ана шунга қиёслаш мумкин. Масалан, Қорақалпоғистонда хонадонлар иссиқ бўлиши, одамлар қора қозони қишин-ёзин қайнаб туриши учун неча минг тонна кўмир, қанча саксовул, неча минг куб метр газ керак? Бухорода-чи? Хоразмда неча киши ишсиз? Сурхондарёда яна нечта таълим муассасаси қуриш лозим? Фарғонада нечта оила уй-жойга муҳтож? Самарқандда қанча туғуруқ ёшидаги аёл бор ва мавжуд туғуруқхоналардаги ўринлар сони ана шу кўрсаткичга мутаносибми? Сирдарёда аҳоли хонадонлари, асосан, қайси йилларда қурилган? Сурхондарёда чироқ ўчмаслиги учун бир ойда қанча электр энергияси ишлаб чиқариш зарур? Андижонда нечта оила битта хонадонда яшайди? Тошкент шаҳрида, аслида, қанча киши истиқомат қилади?..

Кўряпсизми, аҳолини рўйхатга олиш, яъни биргина шу амалиёт билан қанчадан-қанча саволларга жавоб, қанчадан-қанча муаммоларга ечим топиш мумкин!

Бироқ юзаки ва тахминий кўрсаткичлар билан узоққа бориб бўлмайди. Режа ва дастурларнинг манзиллилиги, ислоҳотларнинг самарадорлиги бу борадаги маълумотларнинг аниқ ва ишончлилигига боғлиқ. Шу боис ҳам азалдан доноларимиз етти ўлчаб, бир кесмоқни насиҳат қилиб келади. Халқ мақоли эса яна ҳам ҳикматли: санамай, саккиз деманг!

Бу дунё — ҳисобли

Одамлар ҳисобини юритиш амалиёти илк бор Милоддан аввалги III минг йилликдан бошланган. Бу жараён дастлаб Осиё ва Африка давлатлари, Миср, Месопотамия, Ҳиндистон, Хитой ва Японияни қамраб олган. Бу ислоҳотдан кўзланган мақсад солиқ тўловчилар ва аскарликка яроқли аҳоли сонини аниқлаш бўлган.

Илк ўрта асрларда мазкур тартибот бирмунча такомиллашган. Аҳолини ҳисобга олиш элементлари хўжаликларнинг ёзма китоблар, кадастрлардаги тавсифлари билан уйғунлашган. Уларда одамлар ёки оилалар эмас, балки уй-жой каби солиққа тортиш бирликлари биринчи ўринга қўйилган.

Финляндияда XVI асрданоқ аҳоли сони рўйхатини олиб бориш бошланган. Давлатнинг мақсади биринчи ўринда солиққа тортиш ва ҳарбий хизматга чақириш билан боғлиқ бўлган. Ўша даврда Швеция ўзининг Шарқий қисми бўлган Финляндияни қўшганда ҳам аҳолиси кам, камбағал давлат эди. Бинобарин, йирик маъмурий аппарат ва армияни сақлаб туриш учун ҳарбий хизмат мажбурий бўлган, солиққа тортиладиган аҳоли ва унинг мулки тўғрисидаги маълумотлар ҳам мунтазам юритилган.

Аҳоли рўйхатида жойлашган ва бутун Финляндияни ўз ичига олган ахборот таркиби ўзининг кенг қамровли эканлиги билан ажралиб туради. Ахборот базаси мамлакатнинг ҳар бир фуқароси ҳақидаги аниқ ва эътиборга лойиқ маълумотларни ўз ичига олади. Фуқаро тўғрисидаги энг муҳим маълумот унинг исми ва фамилияси, туғилган жойи ва санаси ҳамда фуқаролигидир. Шунингдек, фуқаронинг оилавий аҳволи (турмуш ўртоғи, фарзандлари ва ота-онаси) ҳамда яшаш жойи тўғрисидаги маълумот ҳам муҳимдир.

XVIII аср ўрталаридан аҳолини ўрганишга қизиқиш ортади. Австрия, Нидерландия, Дания, Испания, Япония, АҚШда одамлар ҳисобини юритишга киришилади. Бироқ бу ҳисоб-китоблар бутун бошли аҳолини қамраб ололмаган.

Нуфусни универсал рўйхатга олиш 1665 йилда Янги Франция (Квебек) колониясида бўлиб ўтди. АҚШда 1790 йилда тўлиқ аҳолини рўйхатга олиш ишлари олиб борилди. Ўшанда ўн етти нафар полиция ходими мамлакат бўйлаб саёҳат қилиб, хонадонма-хонадон юриб, олтита саволга жавоб тўплашди: уй эгасининг тўлиқ номи, ўн олти ёш ва ундан катта ёшдаги озод оқ танли эркаклар, ўн олти ёшдан кичик бўлган озод оқ танли эркаклар, озод оқ танли аёллар, бошқа озод шахслар ва қуллар сони.

Ўттиз йил ўтгач, Италия, Испания, Англия, Ирландия, Австрия, Францияда рўйхатга олиш вақти келди. 1851 йилда Хитойда, кейин Японияда (1871) ва ниҳоят, Россияда аҳоли рўйхатга олинди.

Замонавий босқич ХХ асрнинг ўрталаридан бошланди. Осиёнинг қатор мамлакатларида, шунингдек, Африкада аҳолини рўйхатга олиш ўтказилди. Бу янги мустақил давлатлар пайдо бўлиши билан боғлиқ эди. Ўтган асрнинг 70-йилларида Яман, БАА, Саудия Арабистони каби мамлакатларда биринчи маротаба аҳоли рўйхатдан ўтказилди. ХХ асрнинг охирига келиб, аҳолини рўйхатга олиш дунёнинг деярли барча ҳудудини қамраб олди.

Бугунги муаммоларни ечиш учун 30 йил олдинги фактлар яроқсиз

Дунёдаги ҳар бир мамлакат, ўзининг аҳолиси ва унинг яшаш ҳолати бўйича ишончли маълумотга эга бўлиш мақсадида мунтазам равишда аҳолини рўйхатга олади. Кўпчилик мамлакатларда бу жараён ҳар беш ёки ўн йилда амалга оширилади.

Ҳозир жаҳоннинг кўплаб ривожланган давлатларида аҳоли ўртача ҳар ўн йилда камида бир марта рўйхатдан ўтказилмоқда. Халқаро амалиёт шундай! Бизда-чи? Ўзбекистон ҳудудида илк бор аҳолини рўйхатга олиш тадбири 1897 йилда амалга оширилган. Шундан сўнг 1926, 1939, 1959, 1970, 1980 йилларда аҳоли рўйхатга олинган. Ушбу тадбир сўнгги бор 1989 йилда ўтказилиб, ўша пайтда республикамиз аҳолиси 19,7 миллион кишини ташкил этган эди.

Амалдаги жорий ҳисобга кўра, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра республикамиз доимий аҳолиси сони 33 905,8 минг киши бўлиб, шундан шаҳар аҳолиси сони 17 118,4 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 50,5 фоиз), қишлоқ аҳолиси сони 16 787,4 минг кишини (49,5 фоиз) ташкил этади. Жами аҳолимизнинг 50,2 фоизи эркаклар (17 036,1 минг киши), 49,8 фоизи аёллар (16 869,7 минг киши)дир.

2019 йил давомида республика бўйича туғилган болалар сони 815,9 минг нафар, вафот этганлар 155,0 минг киши эканлиги қайд қилинган. Республика ҳудудлари кесимида, 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, энг кўп аҳоли сони Самарқанд вилоятида 3878,0 минг кишини (республика жами аҳолиси сонидаги улуши 11,4 фоиз), Фарғона вилоятида 3752,0 минг кишини (11,1 фоиз) ва Қашқадарё вилоятида 3280,1 минг кишини (9,7 фоиз) ташкил этди.

Аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотлар аҳоли сони, яшаш шароити, маълумоти, бандлиги, ёши, жинси, миллат таркиби, республика ҳудудида аҳолининг жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар тўғрисида аниқ хулоса ва таҳлиллар қилишга етарлича имконият бермаяпти.

Мамлакатимизда 1989 йилдан кейин ҳали бирор марта ҳам аҳолини рўйхатга олиш ишлари бажарилмади. Бу масалани роппа-роса 30 йил ортга суриб келдик. Шу туфайли демографик муаммоларимиз қалашиб кетди. Одамларнинг ҳақиқий ҳаёт тарзини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишда қатор қийинчиликлар вужудга келди.

Ниҳоят, БМТ 2015 йилнинг 10 июнида “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюциясини қабул қилди. Унга кўра, БМТга аъзо давлатлар камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилди. Ҳозир МДҲ давлатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланиб кетган. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам! Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони бу борада ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу, шунчаки, расмиятчилик учун эмас!

Республикамизда аҳолини рўйхатга олиш бизга нима беради? Аввало, аҳолининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби (барча аҳоли пунктлари бўйича), оилавий аҳволи, маълумоти, касби, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, бандлиги ва ишсизлиги, даромад манбалари кабилар бўйича батафсил маълумот тўпланади.

Бинобарин, мазкур кўрсаткичлар орқали аҳоли жон бошига тўғри келадиган макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳисобланади. Ўз навбатида, юртдошларимиз миграцияси тўғрисида аниқ маълумотлар шакллантирилади.

Бундан ташқари, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аёллар ҳамда болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқиш имконияти кенгаяди.

Чунончи, аҳоли пунктлари инфратузилмасини яхшилаш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва самарали жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурларни ишлаб чиқишда бу маълумотлар ниҳоятда қўл келади. Шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш натижасида миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш кўрсаткичларини шакллантириш ва мониторингини юритиш, халқаро ташкилотлар ва фойдаланувчилар таҳлиллари учун кенг қамровли ахборотлар манбаи яратилади.

Рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?

Мазкур жараён уч босқични қамраб олади. Биринчиси — тайёргарлик босқичи. Бу уч йилга яқин вақт давом этади.

Тайёргарлик жараёнидаги энг муҳим масала, аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол иштирок этиши бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.

Иккинчиси — асосий босқич. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва рўйхатга олиш материаллари топширилади. Мазкур жараён тахминан икки ой давом этади.

Мамлакатимизда 2022 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири анъанавий усулда, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан ҳудудларда уйма-уй юрган ҳолда, юзма-юз суҳбат асосида, қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади.

Шунингдек, интернет тармоғи орқали аҳолини рўйхатга олиш имконияти ҳам яратилади, аниқроғи, хоҳловчилар ўзлари уйларидан ёки масофадан туриб, махсус дастур орқали саволнома варақаларини тўлдирган ҳолда рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади.

Қарийб уч йил чўзиладиган сўнгги босқичда эса олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил этилиб, натижалар расман эълон қилинади. Рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилади.

Рўйхатга олувчиларни танлаш масаласи ҳам ниҳоятда долзарб. Чунки маълумотларнинг тўғрилигига улар бевосита масъул. Бу жараёнга жалб этиладиган ходимлар турли ёшда ва ҳар хил касб эгалари бўлиши мумкин. Шунга қарамай, тадбирга, биринчи навбатда, Давлат статистика қўмитаси ва унинг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари ходимлари, статистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар, магистрлар, шунингдек, таянч докторантлар жалб этилиши мақсадга мувофиқ.

Аҳолини рўйхатга олувчилар учун услубий қўлланмалар ва видео дарсликлар ишлаб чиқилади ҳамда қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади. Зарур ҳолларда, уларга қўшимча маслаҳатлар берилади.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга ҳамда маълумотларни қайта ишлашга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади. Жараённи Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.

Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотлар уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) эълон қилиниши белгиланган. Чора-тадбирлар дастурига асосан, 2024 йил 1 декабрга қадар аҳолини рўйхатга олиш натижалари расман эълон қилинади ҳамда аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотлари архивда сақлаш учун тайёрланади.

Аҳолини рўйхатга олиш яна бир жиҳати билан муҳим. Унинг якунига етказилиши ҳудудларни хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйлар рўйхатини тузиш имконини беради. Яна ҳам аниқроқ айтганда, турар ва нотураржойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмай ётган ёки муддатини ўтаб бўлган биноларни белгилаб олиш билан тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларини қуриш ва таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин бўлади. Қисқача айтганда, республиканинг янги мукаммал кадастр харитаси яратилади.

Амалий ишлар қайси босқичда?

Мақсад аниқ, режалар қатъий. Амалий ишларга эса аллақачон киришилган. Хусусан, Президентимиз Фармони асосида Аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш концепцияси тасдиқланди.

Мазкур концепция асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг муҳокама ва ҳуқуқий экспертизалардан сўнг 2020 йил 16 март куни Президентимиз томонидан имзоланди.

Қонун 5 боб, 31 моддадан иборат бўлиб, унда Қонуннинг мақсади, асосий тушунчалар, аҳолини рўйхатга олишнинг вазифалари ва принциплари ёритиб берилган. Асосий принциплардан бири сифатида даврийлик принципи, яъни аҳолини рўйхатга олиш ўн йилда камида бир марта ўтказилиши ҳамда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилиниши белгилаб қўйилган.

Яна бир муҳим принциплардан бири, бу шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги бўлиб, бунда аҳолини рўйхатга олиш жараёнида йиғилган шахсга доир маълумотлар махфий ҳисобланиши, улар респондентнинг розилигисиз ошкор этилмаслиги ва тарқатилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Қонунда респондент тушунчасига ҳам аниқлик киритиб кетилган, яъни респондентлар — аҳолини рўйхатга олиш санасида мамлакатимиз ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, лекин аҳолини рўйхатга олиш санасида унинг ҳудудидан ташқарида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам респондент ҳисобланиши ёритиб ўтилган.

Шунингдек, Қонунда, аҳолини рўйхатга олишни тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви, махсус ваколатли давлат органи, рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича Республика комиссияси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, аҳолини рўйхатга олишда иштирок этувчи респондентлар ва рўйхатга олувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тартиби, тадбирларни молиявий таъминлаш асослари белгилаб берилган.

Айни пайтда Давлат статистика қўмитаси томонидан “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти, аҳолини рўйхатга олишнинг аҳамиятини тушунтириш бўйича ахборот-тарғибот ишлари ҳам изчил давом эттириляпти. Шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш жараёни билан боғлиқ бўлган норматив-ҳуқуқий ва илмий-услубий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, аҳолимиз ўзларининг келажаги учун аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол равишда иштирок этишлари лозим бўлади.

Илғор мамлакатлар ҳамкорлик қилишга тайёр

Ўтган йили БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Давлат статистика қўмитасининг аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича имкониятларини ижобий баҳолади. Шундан сўнг бу соҳага доир кўплаб анжуман ва учрашувлар ўтказилди. Чет эл тажрибаси ўрганилди.

Жумладан, ўтган йилнинг 19 — 21 август кунлари Давлат статистика қўмитаси вакиллари, вазирлик ва идоралар ҳамда халқаро экспертлар иштирокида Чехия Республикасида аҳолини рўйхатга олиш масалалари муҳокама қилинди. 25 сентябрь куни қўмитамиз ЮНФПА, USAID, Жаҳон банки, БМТнинг Болалар фонди вакиллари (ЮНИСЕФ), Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ва тегишли вазирликлар иштирокида “2022 йилда Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик, техник ва молиявий ёрдам йўналишлари” мавзуидаги донорлик учрашувига мезбонлик қилди. Мулоқотда 2022 йилда мамлакатимизда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш жараёнларида услубий ва техник ёрдам кўрсатиш ҳамда тажриба алмашиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

26 ноябрда БМТ Тараққиёт дастури томонидан ЮНФПА, Давлат статистика қўмитаси ва қатор вазирлик, ташкилотлар иштирокидаги халқаро семинарда Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарликнинг ҳозирги ҳолати, мувофиқлаштирувчи гуруҳ учун техник ҳамкорлик лойиҳасини муҳокама қилиш ва тасдиқлаш каби масалалар кўриб чиқилди. Давлат статистика қўмитаси мутахассислари ва Беларусь Миллий статистика қўмитаси бошқарма бошлиғи Т. В. Бабук иштирокидаги тадбир ҳам қизғин кечди.

27-28 ноябрь кунлари бўлиб ўтган халқаро семинарда МДҲга аъзо давлатлар миллий статистика идораларининг аҳолини рўйхатга олиш бўйича мутахассислари, МДҲнинг Статистика қўмитаси раҳбарлари, ЮНФПА вакиллари, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари 2019 йилнинг октябрь ойида Озарбайжон ва Беларусь давлатларида ўтказилган аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари, МДҲга аъзо бошқа давлатларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш жараёнлари каби мавзуларда фикр алмашишди.

2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасида ўтказилган учрашувда Европа Иттифоқи делегацияси маслаҳатчиси, ҳамкорлик раҳбари — Ф. Бежо Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига тайёргарлик кўриш ишларида фаол иштирок этиш ва ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.

9 — 13 декабрь кунлари Минск шаҳрида аҳолини рўйхатга олиш соҳасида Беларусь Республикаси Миллий статистика қўмитаси, жорий йил 27 — 31 январь кунлари эса Боку шаҳрида Озарбайжон Республикаси Давлат статистика қўмитаси тажрибаси ўрганилди. Асосий эътибор мазкур давлатларда 2019 йилда бўлиб ўтган аҳолини рўйхатга олишнинг натижалари, жараёнлардаги муаммо ва камчиликларни ўрганишга қаратилди.

Шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш дастури ва саволномаларини ишлаб чиқиш, синов тариқасидаги аҳолини рўйхатга олиш тартиби, маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш бўйича электрон дастур яратиш юзасидан тажрибалари ўрганилди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.Олдинда қилинадиган ишлар кўп. Уларни муваффақиятли бажариш сув ва ҳаводек зарур. Негаки, бу орқали Ўзбекистоннинг ҳар бир манзили, ҳатто чекка ва олис маҳаллаю кўчаларигача алоқадор барча маълумотни ўзида акс эттирган ягона маълумотлар базасига эга бўламиз. Бу қимматли манбалар эса эртанги кунимиз фаровонлигига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Баҳодир БЕГАЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?