Нега кўплаб обидаларда бажарилган кошин ишлари уч йилга бормасдан тўкилиб кетяпти?

20:35 24 Декабрь 2018 Маданият
341 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Маданий меросимиз — миллий маданиятимизнинг ажралмас қисми, аждодларимизнинг юксак тафаккури, ноёб истеъдоди ва машаққатли меҳнати маҳсули. Шундай экан, кўп асрлик тарихга эга ушбу бебаҳо хазинамизни асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, мамлакатимиз, қолаверса, дунё миқёсида кенг тарғиб қилиш барчамизнинг бурчимиздир. Зеро, Бош Қомусимизнинг 49-моддасида белгиланганидек, “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир”.

Маълумки, сўнгги икки йилда Президентимиз ташаббуси билан Наманган вилоятида хорижий тилларга ихтисослаштирилган Исҳоқхон Ибрат номидаги мактаб-интернати ҳамда музейи, Қарши туманида Абул-Муъийн ан-Насафий зиёратгоҳи, Сурхондарё вилоятида Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳи, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Урганч шаҳрида 4 минг кишига мўлжалланган Ниёз Муҳаммад Охунд бобо жоъме масжиди, Тошкент шаҳрида Сузук ота масжиду мақбараси мажмуаси, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид, автомобиль қатновига мўлжалланган иккита улкан кўприк қурилди, шунингдек, “Tashkent City” мажмуасини бунёд этиш ишлари жадал суратда давом эттирилмоқда.

Буларнинг барчаси дунё ҳамжамиятидаги обрў-эътиборимизни янада мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган баркамол авлодни илмли, маърифатли, жасур ва фидойи қилиб тарбиялаш, аждодларимиз барпо этган маданий ёдгорликларимизни ҳам асраб-авайлашга хизмат қилади.

Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда халқимизнинг умуммиллий бойлиги ҳисобланган маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ташкил этишда фан ҳамда инновацион технологиялар ютуқларидан самарали фойдаланмаслик ҳолатлари кузатилган. Оқибатида лойиҳалаш, реставрация-тиклаш ишларида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ва юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, соҳадаги давлат назоратини замон талаблари асосида ташкил этишга эҳтиёж кучайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилинишини айни шу зарурат билан изоҳлаш мумкин.

Давлат раҳбари томонидан шу йил 19 декабрь куни имзоланган мазкур ҳужжат туфайли миллий маданиятимиз такомилининг устуни ҳисобланган моддий меросимизни ривожлантириш янги бир тарихий босқичга кўтарилди.

Бугунги кунда республикада 7476 та моддий маданий мерос объекти мавжуд. Шундан, 7123 таси давлат мулки, 353 таси хусусий мулк ҳисобланади. Жумладан, 4308 та археология, 2079 та архитектура объекти, 694 та маҳобатли санъат асари, 395 та диққатга сазовор жой бор. Миллий фондларимизда эса 2,5 миллиондан зиёд музей ашёлари, 100 мингдан ортиқ ёзма асарлар сақланади.

Маданият вазирлиги ҳузурида ушбу ноёб меросимизни асраб-авайлаб, келажак авлодга бекаму кўст етказиш, уларни илмий тадқиқ қилиш, сақлаш учун масъул муассаса — Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқарма мавжуд бўлган бўлса-да, унинг айни пайтдаги фаолиятида жиддий хатоликлар ва муаммолар борлиги кўзга ташланиб қолди. Очиғини айтадиган бўлсак, соҳада бошқарув тизими издан чиққан эди. Ачинарлиси, мавжуд моддий маданий мерос объектларининг атиги 25 фоизига муҳофаза белгиси ўрнатилган бўлиб, зарур ҳужжатлаштириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ҳатто 5755 та объектнинг кадастр ҳужжатлари ҳам йўқ. Бошқарма археология йўналишида мутлақо қониқарсиз фаолият олиб борган.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси ҳамда унинг минтақалараро (минтақавий) давлат инспекциялари негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ташкил этилмоқда. Департаментнинг асосий вазифаларидан бири моддий маданий мерос, жумладан, археология объектлари, музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда маданий бойликларни муҳофаза қилиш, улардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширишдан иборат. Қарорга асосан, Департаментнинг ваколатлари кенгайтирилиб, моддий маданий мерос, жумладан, археология объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида ягона махсус давлат муассасаси этиб белгиланди. Унинг қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий эканлиги ва унинг раҳбари Маданият вазирининг ўринбосари ҳисобланиши янги тизимнинг мавқеи ва масъулияти баландлигини кўрсатиб турибди.

Қарорда 4 та бўлим 21 та банддан иборат “2019-2021 йилларда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, илмий тадқиқ этиш, тарғиб қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тубдан такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” ҳам тасдиқланган. “Йўл харитаси”да моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ва уларга шикаст етказиш бўйича жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, бундай объектларда қурилиш, реконструкция ишларини амалга ошириш фаолиятини лицензиялашни кўзда тутувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш масаласи ўз аксини топган.

— Ўзини қурувчиман деб, эълон қилган одамлар таъмирлаш ишлари билан шуғулланиб қолди. Бунинг натижасида сифатсиз хизмат вужудга келди, — дейди Тошкент архитектура қурилиш институти кафедра мудири, меъморчилик фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Аҳмедов. — Баъзи жойларда объектларнинг дастлабки кўринишини ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар, узоққа етмайдиган таъмирлашлар амалга оширилиши сабабли кўплаб обидаларда бажарилган кошин ишлари уч йилга бормасдан тўкилиб кетяпти. Бундай ҳолатлар мутахассислар томонидан лаборатория тадқиқотлари ўтказилмаганлиги боис содир этилган. Мазкур қарорга асосан таъмирлаш ишлари билан махсус тайёрланган мутахассислар, лицензияга эга бўлган муассасалар шуғулланиши белгилаб қўйилди.

Қарорда яна бир муҳим вазифа Департамент қошида доимий равишда фаолият олиб борадиган тарих, меъморчилик, моддий маданий мерос соҳасида илмий, амалий тажрибага эга бўлган 11 нафар олим ва юқори малакали мутахассисдан иборат Илмий-эксперт кенгаш тузилиши, кенгаш аъзоларига давлат суд экспертлари каби қонун ҳужжатларида белгиланган ваколат берилиши таъкидланган. Шунингдек, моддий маданий мерос объектларида қурилиш ва реставрация ишларини олиб бориш ҳамда илмий-техник тадқиқотлар ўтказиш фақатгина Илмий-эксперт кенгаши хулосаси асосида амалга оширилади.

Яна бир муҳим жиҳат: эндиликда маданий мерос объектларининг назорати билан ҳар бир маҳалланинг фаол фуқаролари ичидан ихтиёрийлик ва танлов асосида сайланадиган жамоатчилик инспекторлари ҳам шуғулланади. Уларнинг сони 8 минг нафардан ошиқ бўлади.

Мазкур қарорга асосан Департаментнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармаси ташкил этилиши, унинг маблағлари моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва асрашга, давлат кадастри, археология ашёлари ва миллий музей фондининг давлат каталогларини юритиш, илмий-техник тадқиқот ва археология объектларида қазишма ишларини олиб бориш ҳамда кенг тарғиб этиш каби мақсадларга йўналтирилади. Бинобарин, жамғарма маблағлари Департамент ва ҳудудий бошқармаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, Илмий-эксперт кенгаш аъзолари ва ходимларни моддий рағбатлантириш, электрон хизматларни ривожлантириш, хорижий мутахассисларни жалб этишга сарфланади.

Ҳужжатга мувофиқ, Бухоро давлат бадиий-меъморий музей-қўриқхонаси, Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси, Хивадаги “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхоналари “Бухоро”, “Самарқанд”, “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхоналарига айлантирилади. Шунингдек, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида тегишлича “Сармишсой”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” ва “Қўқон” давлат музей-қўриқхоналари ташкил этилади. ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган республикадаги ҳудудларда қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Департамент ҳамда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширилади.

Эндиги вазифа — оддий фуқародан тортиб, раҳбарларгача барча-барчамиз миллий давлатчилигимизнинг асоси ва пойдевори бўлган мозий ҳақиқатлари яъни маданий меросимизни асраб-авайлашни ўз шахсий фаолиятимизда ва амалий ишларимизда намойиш этишдир.
Азамат ҲАЙДАРОВ,
Республика маданият муассасалари фаолиятини
ташкил этиш илмий-методик маркази директори, профессор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019