Нега йўлларимиз тирбанд ва ҳайдовчиларимизнинг ўзаро муносабатида ҳурматсизлик кўп?

16:48 18 Июль 2019 Жамият
422 0

Фото: «Халқ сўзи»

- Бақиравериб хуноб қилдинг, салон тўлди ҳайдасангчи, офтобда жизғанак бўляпмиз, - дейди қўлидаги пакетини зўрға кўтариб автобусга чиқаётган онахон норози оҳангда кондуктор болага.

- “План“ни ким тўлдиради опа, дейди ҳайдовчи кондуктор боланинг тарафини олиб...

- Сартепо-Шўрбоича йўналиши бўйлаб қатнайман дейди, - 122-маршрут автобуси ҳайдовчиси Хайрулло Ҳамидов. – Кунлик белгиланган касса режам 350 минг сўм. Маршрут бўйича белгиланган вақт бир соат. Кўп ҳолларда 10-минутгача кечикиб кетаман. Нега? Тирбандлик. Енгил автомашиналарнинг бекатларни банд қилиб тўхташи, сариқ рангли таксилар эса йўлнинг истаган жойига тўхтаб йўловчилар билан савдолашиши. Бу ҳолатдан норози бўлиб гапирсангиз, ёқангиздан олади. Нима эмиш, “Кутиб турасан. Мен ҳам режамни бажаришим керак”. Режани бажариш, йўлнинг ўртасида тўхтаб, йўловчи миндириш дегани эмаску? Сўнгги пайтларда асабимни бузмай дея, эътибор ҳам бермай қўйдим. Лекин...

- Ака, мана бу трамвай йўлида катта тезликда келаётган йўналишли автобусни суратга олинг, - дейди сариқ рангли, эшигига “Терминал люкс” МЧЖ логотипи ёзилган нексия машинаси ҳайдовчиси Феруз Муродов. Биласизми у нега бундай қиляпти? Сабаби, у ўзидан олдинда кетаётган автобусни қувиб ўтмоқчи. Синчковлик билан эътибор беринг, ҳозир мана шу икки автобус ҳайдовчилари бир-бири билан ёқа-мушт бўлади. Ўртада йўловчилар сарсон... – Ака, мен шанба якшанба кунларидан ташқари кунига 40 минг сўмдан касса топшираман. Кўриб турибсиз, шаҳарда транспорт кўп, легал, яъни қонуний транспорт хизмати кўрсатаётган таксилар етарлидек, назаримда. Аммо, чекка қишлоқ ва туманлардан эрталаб шаҳарга кириб келаётган енгил автомашиналарнинг кўпчилиги кун бўйи шаҳар ичида кира қилади. Кечаси шаҳар нафас олгандай бўлади. Чунки туманлардан келган нолегал таксилар ўз манзиллари қайтиб кетади-да...

-Сартепо-Вокзал бўйлаб ҳаракатланаман, - дейди 1-йўналиш маршрути трамвай ҳайдовчиси Аббос Турдиев. График бўйича манзилга 22 минутда боришим шарт. Йўловчилар норози. Мен эса бу талабни бажара олмаяпман. Нега? Чунки, йўлимни гоҳ йўналишли автобус, гоҳ йўналишсиз таксилар, гоҳ шахсий транспорт воситалари тўсиб қўймоқда. Назаримда транспорт жуда кўпайиб кетди. Шаҳар йўллари эса торлик қиляпти. 30 минутгача манзилимга кечикиб боряпман. Бу кетишда нима бўлади, ҳайронман.

-Бу ҳайдовчилар умуман бир-бирини ҳурмат қилмайди, - дейди пиёдалар йўлагидан ўтмоқчи бўлаётган Бойназар Норбоев исмли киши суратга олаётганимни кўриб. – Қаранг, бири ҳали яшил чироқ ёнмасдан ҳаракатланиб жўнаворса, иккинчиси тинмай олдиндаги машинага сирена чалади. Дунёда энг ёмон кўрадиганим, асоссиз машина сиренасини чалиб, жамоатчиликда нафрат уйғотаётган ҳайдовчи. Мен кўп давлатларда бўлганман. Биргина Россияни олайлик, худо кўрсатмасину-у ерда машинангиз сигналини сал ноўрин чалиб юборсангиз ҳайдовчилар дарҳол сизга эътироз билдиришади, керак бўлса гаи ходимлари томонидан қатъий жаримага ҳам тортиласиз. Бизда ўз-ўзини ҳурмат қилиш одоби, яъни ҳайдовчилик одоби шакллантирилиши керак.

-Йўловчи ташиш транспортида юз бераётган нохуш манзаралар вилоятимиз аҳолисининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани бор гап, - дейди Ўзбекистон транспорт вазирлиги, Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Инатилла Ҳамраев. - Бундан кўз юмиб бўлмайди. Мана масалан, Европа давлатларида таксига ўтирсангиз кўнглингиз яйрайди. Тоза, озода. Ҳайдовчининг муомаласи, савияси юқори. Қаранг, бугун биргина Самарқанд шаҳрининг ўзида 3500 та йўналишли такси. Автобуслар ҳаракатланиши оғир кечяпти. Тирбандлик. Графикдан кечикиб боряпти. Тунов куни ўзим мониторинг қилиш мақсадида Сартеподан, Улуғбекка автобусда бордим. Автобус, роппа-роса 22 минут графикдан кечикиб борди. Қанча тарғибот ўтказмайлик, бу муаммоларга ечим топишга ожизлик қиляпмиз. Назаримда одамларнинг ҳуқуқий онги шаклланмас экан, мақсадга эришишимиз мушкул.

Хуллас, Самарқанд шаҳри кўчаларидаги тирбандликни, йўналишли автобуслар, тегишли лицензияга эга йўналишсиз таксилар юзага келтиряпти деб ўйласангиз хато қилган бўласиз. Негаки, нолегал такси фаолияти билан шуғулланаётганлар сони кун сайин ортиб бораётганининг ўзиёқ фикримизни тасдиқлайди. Масалан, шу йилнинг 8-15 июль кунлари Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси инспекторлари ҳамда Самарқанд вилоят ИИБ Йўл Ҳаракати Хавфсизлиги Бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган қўшма рейд давомида Самарқанд вилоятида 192 нафар йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонуний чоралар кўриш учун тегишли судларга юборилди.

Жумладан 8 июль куни Тайлоқ туманида 26 нафар, 9 июл куни Самарқанд шаҳрида 25 нафар, 10 июль куни Жомбой туманида 25 нафар, 11 июль куни Оқдарё туманида 16 нафар Самақранд туманида 1 нафар Самарқанд шаҳрида 9 нафар, 12 июль куни Қўшработ туманида 20 нафар, 13 июль куни Булунғур туманида 20 нафар, 14 июль куни Пастдарғом туманида 4 нафар Нуробод туманида 12 нафар, 15 июль куни Пастдарғом туманида 28 нафар ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланиш ҳолатлари аниқланиб, уларга нисбатан МЖтКнинг 176.3-моддаси билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. 16 июль куни эса шаҳар ва туманларда йўналишсиз такси ва автобусларнинг техник, транспорт воситаларининг санитария ҳолати, ҳайдовчиларнинг йуловчиларга нисбатан муомаласи, кийиниш одоби, автобуслар оралиқ бекатларда асоссиз равишда узоқ вақт давомида тўхтаб туришлари, йўловчи ташиш транспортлари бир-бирини қувиб ўтиш қоидаларини бузиш ҳолатларини олдини олиш бўйича вилоят транспорт бошқармасини тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилди ва қоидаларни бузган ҳайдовчиларга нисбатан лицензия талаблари ва шартлари бўйича далолатномалар расмийлаштирилиб, корхоналарга тегишли транспорт воситаларига берилган лицензия варақалари 10 (ўн) иш кунига тўхтатиш чоралари кўрилмоқда.

Шу маънода, 15-июль куни вилоят ҳокимлиги мажлислар залида ўтказилган йиғилишда шаҳар жамоат транспорти масалалари ҳам қизғин муҳокама этилди. Транспорт бошқармаси ва бошқа масъул раҳбарларга шаҳар ичида ҳаракатланаётган автобус ва таксилар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш вазифаси қатъий топширилди. Мавжуд муаммолар қисқа муддатлар ичида ҳал этилиши белгилаб берилди. - Тез кунларда Самарқанд шаҳрида анъанага айланган “Шарқ тароналари” фестивали бошланади, - деди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. – Хўш бугун аҳолимиз транспорт хизматидан қониқяптими! Биз ўзимиз раҳбар бўлиб эслолмаймиз, қачон жамоат транспортига ўтирганимизни. Эртага дунёнинг турли бурчакларидан фестивалга келадиган меҳмонлар бизнинг жамоат транспортимизга ўтириб ижирғанмаслиги керак! Бунинг учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз шарт.

Умид СОРИЕВ, “Халқ сўзи“.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019