Нефть-газ соҳасида Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда

17:51 11 Март 2020 Иқтисодиёт
118 0

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқарури раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги делегация Озарбайжонга ташриф буюрди.

“Халқ сўзи online”га жамият матбуот хизматидан хабар берилишича, ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг октябрь ойида Озарбайжон Республикасига амалга оширган ташрифи доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича эришилган келишув ва белгиланган вазифаларнинг изчил ижросини таъминлашдир. Хусусан, делегация “SOCAR” ва “НИПИ Нефтегаз SOCAR” компаниялари билан икки томонлама манфаатли ҳамда истиқболли лойиҳалар юзасидан ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқади.

Ташрифнинг илк куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти делегацияси аъзолари “Азнефт” компаниясининг “Бибиэйбат” нефть ва газ қазиб олиш бошқармасида бўлишди ва у ердаги ишларни кўздан кечиришди. Шу куннинг ўзида “НИПИ Нефтегаз SOCAR” тажриба-синов базасидаги қилинаётган ишлар билан танишилди.

Истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро учрашув ҳам бўлиб ўтди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ делегацияси аъзоларини “SOCAR” Озарбайжон Республикаси давлат нефть компанияси Президенти Ровнаг Абдуллаев ва “SOCAR”нинг геология ва геофизика масалалари бўйича Вице-президент Баҳром Гусейнов қабул қилди.

Суҳбат давомида Орол денгизи ҳудудида геология қидирув ишларини амалга ошириш, Ғарбий ва Шарқий Тошли, Шимолий Шўртан, Гармистон конларини ўзлаштириш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ делегациясининг Озарбайжондаги ташрифи давом этмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019