Навоийда тарихий ёдгорлик қайта таъмирланди

09:38 13 Июнь 2018 Жамият
353 0

Карманадаги “Қосим Шайх” тарихий-ёдгорлик мажмуаси истиқлолнинг дастлабки йилларида  олиб борилган бунёдкорлик ишлари туфайли  қадим-қаддини тиклади.

Бироқ  тагзаминнинг шўрланиши ва зах сувлар сатҳининг кўтарилиши орадан бир-икки йил ўтмасданоқ кўзга ташланарди. Шу боис  бунёдкорлик ишларига бу сафар мажмуа қурилиш тарихини чуқур ўрганган ҳолда киришилди. Мисол учун ўтган сафарги реконструкция тадбирларида  мажмуа ҳовлиси сатҳи ва йўлаклар цемент брусчалар билан қопланган эди. Бу намлик буғланиб кетишига ҳалал берган. Шу сабаб “Minor Millenum” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан цемент брусчалар пишган ғиштларга алмаштирилди. Шунингдек, зах  қочириш мақсадида  ҳовлида квадрат шаклидаги чуқурлиги тўрт метрлик ҳовуз барпо этилди. Унга тўпланган сув мажума ёнидан ўтадиган Арғун ариғига чиқариб юборилмоқда. Бу ҳақда “Халқ сўзи” мухбири Темур Эшбоев хабар берди.

Мажмуадаги реставрация ва бунёдкорлик ишларини асосан “Сардоба Малик Работ” хусусий корхонаси мутахассислари олиб боришди. Мазкур корхона қурувчилари юртимизнинг Шаҳрисабз, Самарқанд, Нурота, Қўқон каби шаҳарларида қатор тарихий-меъморий обидаларни таъмирлаб, анчагина тажрибага эга бўлишган.

Мажмуа мовий гумбазининг кошинларини тўлиқ янгилаб, атрофидаги иморатлар томини таъмирланди.  Масжид пойдевори атрофидаги ортиқча тупроқ қатлами олиб ташланди. Бу сувнинг махсус ариқчалар орқали мажмуа ҳовлисидан чиқиб кетишини таъминлайди. Шунинг баробарида мажмуа пойдеворининг бир неча жойда мустаҳкамлаш ишларини амалга оширдик. Ансамбль иморатларидаги барча яроқсиз ғиштлар алмаштирилди.

Шунингдек, Карманада яна икки муқаддас қадамжо, “Хўжа Хисрав” ва “Мирсаид Баҳром” меъморий обидалари ҳам қайта таъмирланиб, айни шу муборак кунларда фойдаланишга топширилди. Мазкур юмушларга  Республика Маданият вазирлиги  маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш  Бош бош-қармасининг 3 миллиард сўм ҳамда ҳомийлик  маблағлари йўналтирилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар