Навоийда халқаро бизнес форуми бўлиб ўтади

11:01 29 Апрель 2019 Иқтисодиёт
428 0

Навоий вилоятида жорий йилнинг 30 апрель - 1 май кунлари “Invest in Navoi” II Халқаро бизнес форум бўлиб ўтади.

Мазкур форумга давлатимиз раҳбари топшириғига кўра асос солиниб, унинг ўтган йилги анжуманида 34 давлатнинг 170 дан ортиқ ишбилармонлари, жумладан, Польша, Венгрия, Беларусь, Кувайт, Фаластин, Покистон, Бангладеш каби мамлакатларнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчилари, Германия, Нидерландия, Швейцария, Греция, қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатларининг ишбилармон доиралари вакиллари фаол иштирок этишган эди.

Республикамиз Президенти жорий йилнинг 12-13 март кунларидаги ташрифида эса саноатлашган ҳудудда тадбиркорлик учун шарт-шароитларни янада яхшилаш, инвестицион жозибадорлигини ошириш мақсадида Навоий вилоятига эркин иқтисодий ҳудуд мақомини бериш, Нурота туманидаги “Ғозғон” қишлоғини саноат шаҳрига айлантириш ҳамда вилоятда Халқаро бизнес форум ўтказиш таклифларини илгари сурган эди.

Шу асосда мазкур бизнес форумга пухта ҳозирлик кўрилиб, унда 40га яқин мамлакатнинг 250 дан ортиқ ишбилармон доиралари вакиллари, салоҳиятли инвесторлар ҳамда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги мухтор элчилари ва дипломатлари иштирок этиш истагини билдиришди. “American Technology Group”, “Korean Air”, “Iko Machinery”, “Woojin Global Logistics”, “China International Engineering Corp.”, “Bravo Pharmaceuticals”, “Ibc Group, Emaar Properties”, “Schneider Electric”, “Greenhouse Equipment”, “ Blockchain Fund” шулар жумласидандир.

Форум доирасида хорижий инвесторлар билан маҳаллий тадбиркорлар ўртасида музокаралар олиб борилиб, улар вилоятда бизнес учун яратилган шарт-шароитлар ва имтиёзлар билан танишадилар.

Халқаро бизнес форум мамлакатимизда саноатни жадал ривожлантириш, инновацион ишланмаларни амалиётда кенг қўллаш, бу борада хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш ишини мустаҳкамлашга муносиб хизмат қилиши билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Икки кун давом этадиган бизнес форум якунида кўплаб манфаатли шартномалар имзоланиб, инновациялар самарадорлигини кенгайтириш ва ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.

Темур ЭШБОЕВ, (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019