Навоийда Канада компанияси билан янги қўшма корхона ишга туширилди

10:22 03 Сентябр 2020 Иқтисодиёт
206 0

Бугун Навоий шаҳрида “Navoiy Kompozit” МЧЖ қўшма корхонасининг биринчи навбати ишга туширилди.

Қўшма корхона Канаданинг “CENTURY CREDIT ENTERPRISES LTD” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилиб, «Композит қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳаси доирасида унга «Навоий» эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақоми берилди.

Шу асосда корхона фаолияти учун «Навоий» эркин иқтисодий зонасининг Навоий шаҳар ҳудудидан 1,7 га ер майдони ажратилди.

Лойиҳа доирасида корхона фаолиятини йўлга қўйиш учун 1,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағи жалб этилиб, (шундан 1,2 миллион АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар) лойиҳанинг биринчи навбати ишга туширилиши натижасида 50 та янги иш ўринлари яратилди.

— Қўшма корхонамиз анча илгарироқ ишга тушиши лозим эди, - дейди корхона таъсисчиси Одил Зарипов. — Бироқ пандемия туфайли хорижлик мутахассислар кела олишмади. Ниҳоят ўз мутахассисларимиз салоҳияти билан уни ишга туширишга муваффақ бўлдик.

Лойиҳанинг йиллик қуввати 500 минг м2 композит тош плиталари, 1000 м2 қайта ишланган сунъий ва табиий тош маҳсулотлари ишлаб чиқарилишига мўлжалланган. Натижада қарийб 60 млрд. сўмлик маҳсулот тайёрланиб, шундан 500,0 минг АҚШ долларлиги экспортга йўналтирилади. Энг муҳими ушбу лойиҳада маҳсулотлар 
ишлаб чиқарилишида 95 фоиз маҳаллий хом ашёдан фойдаланилади. Корхонанинг иккинчи навбати ишга туширилиши яна 50та янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?