Навоийда йирик халқаро форум бошланди

12:21 30 Апрель 2019 Иқтисодиёт
348 0

Навоий вилояти эркин иқтисодий ҳудуд мақомида илк бор Халқаро бизнес анжуманга мезбонлик қилмоқда.

Илгари хабар қилганимиздек вилоятда 30 апрель - 1 май кунлари “Invest in Navoi” II халқаро бизнес форуми бўлиб ўтади.

Мамлакатимиз Президенти жорий йилнинг 12-13 март кунлари вилоятга ташрифи чоғида тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратиш ва ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш мақсадида Навоий вилоятига эркин иқтисодий ҳудуд мақомини бериш ҳамда Нурота туманидаги “Ғозғон” қишлоғини саноат шаҳрига айлантириш ташаббусларини илгари сурган эди. Шунингдек, мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудуднинг имконият ва салоҳиятларини кенг кўламда намойиш этувчи Халқаро бизнес форумни юқори савияда ўтказиш вазифалари белгиланганди.

Ҳақиқатан ҳам вилоят мамлакатимизнинг йирик индустриал ва маданий марказларидан бири ҳисобланади. Унинг ҳудудида кон-металлургия, кимё, энергетика, нефтегаз, машинасозлик ва қурилиш материаллари тармоқларининг дунёга машҳур саноат корхоналари фаолият олиб бормоқда. Эркин иқтисодий зона, интермодал логистика маркази, халқаро аэропорт, темир йўл ва автомобиль йўли тармоқлари маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий инвесторларга ўз бизнесларини йўлга қўйиш ва ривожлантиришлари учун янада қулай муҳит яратмоқда.

Айни пайтда “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида хорижий инвесторлар билан қиймати 144 млн. доллар бўлган 21 та лойиҳа устида иш олиб бориляпти.

“Навоий” халқаро аэропортида эса Европа ва Осиё давлатлари ўртасидаги йўналишларда йилига 300 минг тонна юкни қабул қилиш ва жўнатиш имконини берадиган қуруқликдаги порт яратилмоқда.

Бугун навқирон Навоий “Invest in Navoi” II халқаро бизнес форуми иштирокчиларини кутиб олмоқда. Унда 40 дан ортиқ мамлакатнинг 250 нафардан зиёд ишбилармонлари, салоҳиятли инвесторлари ҳамда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги мухтор элчилари ва дипломатлари иштирок этиш истагини билдиришган. Шунингдек, бугун хорижлик меҳмонлар “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишадилар, вилоятнинг йирик корхоналарига ташриф буюришади.

Бугун эса дастурга кўра куннинг биринчи ярмида Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да форумнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади.

Шундан сўнг форум иштирокчилари секцияларга бўлинган ҳолда Навоий вилоятининг инвестиция, экспорт, сайёҳлик ва логистика салоҳияти билан таништирилади.

Бизнес форум доирасида йирик саноат корхоналари, маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий инвесторларнинг тор доирадаги учрашувлари режалаштирилган.

– Эътироф этиш жоиз, айни пайтда вилоятда 134 та қўшма ва хорижий корхоналар фаолият кўрсатиб, уларнинг 21 таси жорий йилнинг ўзида ташкил этилди,– дейди Навоий вилояти ҳокимининг ўринбосари Ўктам Исламов. – Икки кун давом этадиган бизнес форум якунида кўплаб манфаатли шартномалар имзоланиб, инновациялар самарадорлигини кенгайтириш ва ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Форум иштирокчилар вилоятнинг туризм салоҳияти билан танишиш мақсадида қадим Нуротанинг “Чашма” меъморий мажмуаси ҳамда “Сармишсой” музей қўриқхонасига саёҳат қилишлари режалаштирилган.

Темур ЭШБОЕВ, (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019