Навоийда инвесторнинг ҳуқуқи тикланди

12:06 18 Февраль 2019 Иқтисодиёт
479 0

Иллюстратив фото

Навоий вилоятида эронлик инвесторнинг бузилган ҳуқуқи тикланди, дея хабар бермоқда “Халқ сўзи”нинг вилоят мухбири Темур ЭШБОЕВ.

Кармана туман маъмурий судига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакили томонидан Эрон Ислом Республикаси фуқароси, “Тааэл Полимер Синтез“ қўшма корхонаси таъсисчиси Муҳаммад Содиқ Ҳақиқининг манфаатини кўзлаб, Кармана туман Давлат хизматлари марказига нисбатан мазкур марказ ходимларининг ҳаракатларини қонунга хилоф ва тугатиш билан боғлиқ ҳужжатларни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида ариза билан мурожаат қилинган эди.

Иш ҳолатлари ўрганиб чиқилганда, Эрон Ислом Республикаси фуқароси, “Тааэл Полимер Синтез“ қўшма корхонаси таъсисчиси Муҳаммад Содиқ Ҳақиқининг Навоий вилоятида фаолият юритган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Тааэл Полимер Синтез“ қўшма корхонасида 37,5 фоиз улуши бўлсада, таъсисчиларнинг йиғилишига таклиф этилмаганлиги, корхона Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ-630-сонли Қарорига асосан Кармана тумани тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча“ тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона маркази томонидан 2017 йилнинг 18 декабрь куни тугатилганлиги, М.Хақиқи корхонани тугатиш тўғрисидаги қабул қилинган қарордан хабардор этилмаганлиги маълум бўлган.

- Ушбу корхонани тугатиш жараёнида қуйидаги жиддий қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган, - дейди Кармана туман маъмурий судининг раиси Фарруҳ Жумақулов. - Хусусан, “Масъулияти чекланган хамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида“ги Қонуннинг 34-моддасида ушбу Қонуннинг 30-моддаси иккинчи қисмининг ўн иккинчи хатбошисида (жамиятни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш) кўрсатилган масала юзасидан қарорлар жамиятнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинади. Қолган қарорлар, агар бундай қарорларни қабул қилиш учун ушбу Қонунда ёки жамиятнинг уставида кўпроқ овозлар сони зарурлиги назарда тутилган бўлмаса, жамият иштирокчилари умумий овозлар сонининг кўпчилик овозлари билан қабул қилинади.

Бундан ташқари, жамият уставининг 8.6-бандида йиғилишнинг мутлақ ваколатларига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун умумий йиғилишда қатнашувчиларнинг кўпчилиги, яъни 75 фоизи овоз бериши талаб этилиши назарда тутилган.

Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Тааэл Полимер Синтез“ қўшма корхонасини тугатиш тўғрисида таъсисчиларнинг 2017 йил 15 мартдаги 2-сонли йиғилиш баёнида жамиятда 37,5 фоиз улуши бўлган хорижий инвестор Муҳаммад Содиқ Ҳақиқи қатнашмаган бўлсада, корхонани тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Кармана туман маъмурий суди томонидан мазкур иш бўйича 2019 йил 15 февраль куни чиқарилган ҳал қилув қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакилининг Эрон Ислом Республикаси фуқароси, “Тааэл Полимер Синтез“ қўшма корхонаси таъсисчиси Муҳаммад Содиқ Ҳақиқининг манфаатини кўзлаб, Кармана туман Давлат хизматлари марказига нисбатан киритган аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, Кармана туман Давлат хизматлари марказини ходимларининг корхонани тугатиш билан боғлиқ ҳаракатлари қонунга хилоф, ҳамда Кармана туман Давлат хизматлари марказининг 2017 йил 18 мартдаги 01-23/482-сонли ва 2017 йил 18 декабрдаги 01-23/1272-сонли тугатиш тўғрисидаги ҳужжатлари ҳақиқий эмас деб топилди.

Шунингдек, Кармана туман Давлат хизматлари марказига “Тааэл Полимер Синтез“ қўшма корхонасини давлат реестрига тиклаш мажбурияти юклатилди. Таъкидлаш жоиз, мазкур қонунбузилиши ҳолати юзасидан Вакил томонидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигига қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилиб, ушбу тақдимномага асосан Агентлик томонидан “Тааэл Полимер Синтез“ қўшма корхонасини фаолиятини тугатишда жиддий қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019