Навоийда ИИБ тизимидаги 5 нафар мансабдор ишдан олинди

09:48 11 Сентябр 2018 Жамият
248 0
Фото: iiv.uz

Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигида ишчи гуруҳ 4—6 сентябрь кунлари Навоий вилоятининг барча шаҳар ва туманларида бўлиб, у ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Бу ҳақда ИИВ жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

Уч кун давом этган соҳавий ўрганишларнинг якуний ҳисоботи сифатида 6 сентябр куни вилоят ИИБда кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этди.

Вилоятда жорий йилнинг 8 ойи мобайнида жиноятчиликнинг кескин камайганлигига қарамасдан, айрим ҳудудларда криминоген вазият бироз оғирлашган. Хусусан, вилоятдаги 215 та ёки 70 фоиз маҳаллада жиноятлар содир этилишига йўл қўйилиб, деярли ҳар бешинчи маҳаллада жиноят содир этилишининг ошганлиги қаттиқ танқид қилинди.

Айниқса, Навоий шаҳридаги 6 та маҳаллада содир этилган жиноятлар шаҳардаги жами жиноятларнинг 37 фоизини, Зарафшон шаҳрида эса 2 та маҳалладаги жиноятлар сони 40 фоизни ташкил этганлиги боис, Навоий ва Зарафшон шаҳарларидаги «Меъмор», «Умид», «Кимёгар», «Ишонч», «Чинор», «Матонат», Алишер Навоий ва «Олтин водий» маҳаллаларида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлиги белгиланди.

Бундан ташқари, вилоятда жорий йилнинг 8 ой мобайнида содир этилган жиноятлар ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан ҳисобланганда республикада учинчи ўринни эгаллаётганлиги баён қилиниб, бир қатор туманларда жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар салбий баҳоланди.

Шунингдек, сўнгги икки ой давомида вилоятда содир этилган жиноятлар сони йил бошида қайд этилган жиноятларнинг 29 фоизини ташкил этиб, айниқса Нурота ва Хатирчи туманларида кейинги икки ой даврида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича қилинган ишлар самарасиз бўлганлиги қайд этилди.

Ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилишининг асосий сабаби жиноятни содир этишга мойил бўлган шахслар билан мунтазам равишда профилактик ишлар олиб борилмаганлиги қайд этилиб, бу борада Хатирчи туманида илгари судланган шахслар билан, Қизилтепа туманида эса доимий ишга муҳтож фуқаролар билан белгиланган тартибдаги ишлар тизимли равишда йўлга қўйилмаганлиги таъкидланди.

Вилоят ички ишлар органларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмасдан келинаётганлиги сабабли 8 ой давомида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 33,6 фоизга ошиб кетганлиги, оқибатда 41 нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмганлиги ва яна 136 нафари турли даражада тан жароҳати олганлиги қайд этилди. Йўл-патруль хизмати ходимлари фаолияти устидан шикоятлар келиб тушаётганлиги танқид қилиниб, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тизимида вазиятни кескин яхшилаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишга юзаки ёки расмиятчилик билан ёндошиш ҳолатларига чек қўйилмаганлиги сабабли вилоят ички ишлар органлари фаолиятига оид келиб тушган 6 минг 552 та мурожаатнинг 2003 таси ёки ҳар учинчиси аҳолига паспорт хизматларини кўрсатиш масалаларига доир эканлиги, уларни кўриб чиқишда эса қатор камчиликларга йўл қўйилаётганлиги қаттиқ танқид остига олинди.

Кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ходимларнинг хизмат интизомини яхшилаш борасидаги камчиликларга барҳам берилмаганлиги сабабли боис вилоят бўйича жами 226 нафар ходим интизомий, 6 нафари эса жиноий жавобгарликка тортилганлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини тўлақонли англаб етмаган, ҳанузгача эскича иш услуби билан ишлаётган Хатирчи тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Н.Ашуров, Нурота туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари М.Файзуллаев, Конимех тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Н.Исламов, Навоий шаҳар бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Б.Холикулов, вилоят ИИБ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Р.Адизов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар, хизмат вазифаларини бажаришга масъулият билан ёндашмаган бир қатор раҳбар ва ходимларга турли даражадаги интизомий жазо чоралари кўрилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар