Навоийда грант ғолибларига сертификатлар топширилди

18:11 29 Июнь 2020 Жамият
495 0

Хабарингиз бор, яқинда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан 2020 йилда ННТлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасида эълон қилинган биринчи ва иккинчи танлов якунларини эълон қилган эди.

ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, матбуот нашрлари, радио ва телевидение каналларининг «Жамият ва оилада соғлом ижтимоий-маънавий ва тиббий муҳитни таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш», “Ҳаракатлар стратегияси, «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастури ижросида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини таъминлаш” мавзулари бўйича 460 дан ортиқ лойиҳалари нуфузли ҳайъат томонидан кўриб чиқилиб, ғолиблар аниқланди. Ғолиблар орасида Навоий вилоятида фаолият юритиб келаётган нодавлат ташкилотлари ҳам бор.
 

«Жамият ва оилада соғлом ижтимоий-маънавий ва тиббий муҳитни таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш» мавзусидаги Давлат грантлари ажратиш учун 1-танловда «Экосан» экология ва саломатлик халқаро хайрия жамоат фонди Навоий вилоят ҳудудий ташкилоти, Навоий вилояти «Меҳрибон қўллар – Навоий» уюшмаси, «Ояма Киокушинкай-кан каратэ» мактаби, «Экотуризм ва экоҳуқуқ» биоэкологик маркази жамоат бирлашмаси ташкилоти, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика марказининг Навоий вилоят ҳудудий бўлинмаси, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти Навоий вилоят ташкилоти ғолиб деб топилган бўлса, “Ҳаракатлар стратегияси, «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастури ижросида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини таъминлаш” мавзусидаги Давлат грантлари ажратиш учун 2-танловда Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Конимех туман ҳудудий бўлинмаси, “NTV” телеканали ва «Сўғдиёна» аёллар маркази лойиҳалари ғолибликка муносиб деб топилган.

Ушбу танловнинг навоийлик ғолибларига сертификатлар топширишга бағишлаб вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзоси, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов, Навоий вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғофир Мусурмонов, танлов ғолиблари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирда парламент комиссияси аъзоси Ж.Саримсоқов республика миқёсида бўлиб ўтган нуфузли танлов ғолибларини табриклар экан, жамоат ташкилотларининг жамиятимиздаги жараёнларда фаол иштирок этишига яқиндан кўмаклашиш, уларни молиялаштириш манбаларини шакллантириш учун юртимизда мустақил тизим ва зарур шароитлар мавжудлиги таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўрни ва ролини янада ошириш борасидаги ташаббус ва ғояларининг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Тадбир сўнгида ғолибларга давлат гранти сертификатлари тантанали равишда топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?