Навоий фақат туркий халқларга эмас, балки бутун башариятга тегишли мутафаккир шоир

01:09 10 Февраль 2019 Жамият
445 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”.

Алишер Навоий — Шарқ Ренессансининг йирик намояндаси сифатида жаҳон цивилизацияси тарихида, айниқса, туркийзабон халқлар маданий ва маънавий ҳаётининг ривожида алоҳида ўрин тутадиган ёрқин шахсдир. Бунга қуйидагилар далил бўла олади.

Биринчидан, у ўзининг гуманистик ғоялари, бадиий-фалсафий қарашлари, ўлмас шеърий асарлари билан инсоният тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк шоир ва мутафаккир. Унинг адабий мероси ниҳоятда улкан ва серқирра.

Иккинчидан, Алишер Навоий бутун дунё қаршисида туркий — ўзбек тилининг бой имкониятларини кўрсатиб, унинг араб ё форс тилларидан ҳеч қайси жиҳатдан кам бўлмаган гўзал тил эканини исботлаб берган буюк тилшунос олимдир.

Учинчидан, Алишер Навоий — буюк адабиётшунос олим. У Шарқ шеъриятининг муаммо, қасида каби XV асрга келиб деярли унутилаёзган жанрларини тиклашга алоҳида эътибор бериб, нафақат туркий адабиёт, балки форсий адабиёт ривожига ҳам беқиёс ҳисса қўшди.

Тўртинчидан, Алишер Навоий бутун онгли ҳаётини туркий халқлар нуфузини, миллий ғурур ва миллий ўзига хослигини қайта тиклашга сарфлаган буюк ватанпарвардир. Алишер Навоий туфайли дунё халқлари туркона маданият ва маънавиятга алоҳида эҳтиром кўрсата бошлаганлар. Ҳазрат Навоий бутун ҳаётини ўз халқининг илм-фани ва санъатини ривожлантиришга, мамлакат равнақи, халқ ва миллатнинг тинч-тотув яшашига ҳамда давлат қудратини мустаҳкамлашга бағишлади. Султон Ҳусайн Бойқаро ул зотни “мамлакат устуни, давлат таянчи” деб бежиз атамаган.

Алишер Навоийдаги бағрикенглик, одиллик, донолик, сиёсатдонлик ва фуқароларга ғамхўрлик фазилатлари Бойқарога давлатни адолатли бошқаришда яқиндан ёрдам берган. Шунинг учун ҳам Ҳусайн Бойқаро Навоийни дўст сифатида бениҳоя улуғлаган ва қадрлаган. Ҳар қандай шароитда ҳам уни ёнидан узоқлаштирмасликка ҳаракат қилган. Уларнинг дўстлиги давлатни мустаҳкамлаш, юртда адолат ўрнатиш, тил, маданият, санъат, илм-фанни ривожлантириш билан бирга, давлатнинг мудофаа қудрати, халқаро обрў-эътиборини оширишга хизмат қилди.

Ҳазрат Навоий гарчи ҳаёти мазмунини ижод қилишда деб билса ҳам, давлат ва халқ манфаатини ўйлаб, эл-юрт осудалиги йўлида дўсти ёнида туриб муҳим давлат ишларини бажарди. Алишер Навоий амири кабир — бош вазир сифатида узоқ йиллар давлат бошқарувининг энг муҳим ва нозик бўғинларида, суд-адлия, ички ишлар, солиқ тизими, ташқи дипломатик алоқалар, ички низолар, чегара муаммолари, умумхалқ йиғинлари ҳамда тадбирларида давлат ва халқ манфаатларини уйғунлаштирди, ҳимоя қилди. Ҳазрат Навоий давлат хизматини мансаб ва обрў учун эмас, балки миллат қадриятларини тиклаш ҳамда бутун дунёга тан олдиришдек улкан вазифани амалга ошириш учун бир имконият ва восита, деб билди.

Алишер Навоий фақат туркий халқларга эмас, балки бутун башариятга тааллуқли мутафаккир шоир. Унинг асарлари фақат бир миллат учун ёзилган эмас. Уларда тилга олинган ҳар бир муаммо ва уни бартараф этиш ғоялари бутун инсониятга дахлдордир.

Британия кутубхонаси Алишер Навоий шеъриятини ўз ичига олган 30 дан зиёд қўлёзмаларга эга. Ушбу йирик тадбир ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ўрнатилган ҳамкорлик биз учун шериклик дастуридаги дастлабки муҳим қадамдир. Биз биргаликда Навоийнинг бой поэтик мероси ҳамда Марказий Осиёга оид ранг-баранг қўлёзмаларини тўплаш анъанаси орқали унинг мазмун-моҳиятидан бутун дунёни баҳраманд эта оламиз.

Охир-оқибат, Алишер Навоий мисолида биз бу хайрли ишга йўл очдик. Донишмандлик ҳамда нафосатга йўғрилган шеърияти, ҳаётий фаолиятида Алишер Навоий бизга, умуман, бутун инсониятга ўрнак раҳнамо, адолатли жамиятга интилувчилар учун машъал бўлувчи ақл-заковат соҳибидир.

Майкл ЖЕЙМС ЭРДМАН, Буюк Британия музейи қўлёзмалар фонди раҳбари, профессор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019