National Geographic: Тошкент метрополитени — ҳар қандай кишини ҳайратда қолдиришга қодир санъат дурдоналаридир

12:35 05 Ноябрь 2018 Жамият
492 0

Жаҳонга машҳур “National Geographic” журнали мухбири Луцио де Стефани ўз мақоласида Тошкентдаги “ер ости саройи” — метрополитенда бўлиб, унинг бетакрор гўзаллигидан ҳайратга тушгани ҳақида баён қилган.

Журналистнинг фикрича, пойтахтимиз метросини кўриш учун минглаб километр масофа босиб, Ўзбекистонга келишга арзийди. “Тошкентга келинг ва ер остига “яширилган” гўзалликдан баҳраманд бўлинг, — дея ўқувчиларга мурожаат қилади шарҳловчи. — Марказий Осиёда биринчи бўлиб бунёд этилган метро декорациялар, устунлар ва ёрқин нур таратиб турган йўллардан иборат. Улар ҳар қандай кишини ҳайратда қолдиришга қодир санъат дурдоналаридир”.

Мақолада айтилишича, яқин-яқингача ер остида суратга ва видеога олиш тақиқланган эди.

Бу эса пойтахт меҳмонлари учун кўплаб ноқулайликлар туғдирарди. Ўзбекистон раҳбариятининг ташаббуси билан ушбу тақиқ олиб ташланди. Энди Тошкент аҳолиси ва меҳмонлари нафақат метрополитен чиройини кўриши ва завқланиши, балки ушбу санъат намуналарини ўз видеокамераларига муҳрлаб, уларни бошқалар билан ўртоқлашишлари мумкин.

Ана шу имконият туфайли бугун ижтимоий тармоқларда “ер ости саройи”нинг кўплаб суратлари жойлаштирилмоқда. Бу метронинг оммалашувига ва пировардида республикага сайёҳлар оқими ортишига хизмат қиляпти. “Замонавий меъморчилик услублари шарқона анъаналар асосида ишланган нақшлар билан уйғунлашиб кетган, — дейилади “National Geographic”да. — Бурчаксимон шакллар, ўткир ва айланма чизиқлар, мафтункор тўқ кўк ҳамда зумрадранг “оҳанг”лар ўзгача манзара яратган. Ҳар бир бекат такрорланмас услубга эга. Маҳаллий рассомлар томонидан шиша, сопол, пластик, мармар, металл ва алебастрдан яратилган безаклар кўзни қувонтиради”.

Шарқнинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлмиш Тошкент доим сайёҳлар эътиборини тортиб келган. Ушбу мегаполис орқали ўарб ва Шарқ ўртасида савдо-сотиқ ва маданий алоқалар ривожланган. Ҳатто 1966 йилда содир бўлган зилзила ҳам шаҳарнинг темир иродасини бука олмади, у қисқа муддатда тикланиб, янада гўзаллашди.

“Президент Шавкат Мирзиёев ниҳоятда муҳим ислоҳотларни бошлади. Мамлакат ташқи дунёга очилмоқда. Халқаро ҳамжамият республиканинг шонли тарихи, бетакрор маданияти ва меъморий гўзаллигини кўриши ҳамда ундан баҳраманд бўлиши лозим.

Ўзбекистон раҳбарияти туризмга даромад олишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратмоқда. Виза тартибини соддалаштиришга доир сўнгги ўзгаришлар бунга яққол мисол бўла олади. Тошкент — мамлакатнинг дарвозасидир, кўплаб сайёҳлар ўлка бўйлаб сафарни айнан пойтахтдан бошлайди. Биз эса Тошкент бўйлаб саёҳатни унинг метрополитенидан бошлашни тавсия қиламиз”, деб ёзади “National Geographic” мухбири.
Анвар МИРЗАЕВ (“Халқ сўзи”) тайёрлади.
Суратлар муаллифи: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019