Наталья ГЕРМАН: «Минтақада ҳал этилиши лозим бўлган қалтис масалалар кўлами тобора камаймоқда»

10:54 29 Март 2018 Сиёсат
458 0

Жаҳоннинг таниқли экспертлари, кенг жамоатчилик “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси муваффақиятли ўтганини билдиришмоқда. Анжуман учун ташкил этилган матбуот марказида тадбир натижалари фаол муҳокама қилинди. Мухбиримиз БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья ГЕРМАНнинг фикр-мулоҳазаларини ёзиб олди.

— Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси ғояси ўтган йил ноябрь ойида Самарқандда Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган яна бир муҳим тадбир — “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро анжуманда вужудга келган эди. Минтақавий муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган ушбу форумга, шунингдек, Афғонистон -Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний ҳам таклиф қилинганди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги инқирозни тинч йўл билан ҳал этиш борасида Ўзбекистонда йирик конференция ўтказиш таклифини илгари сурди.

Тошкент конференциясида қатнашган давлатлар, ташкилотлар таркибига эътибор қаратсак, ушбу ташаббус аллақачон тўлиқ қўллаб-қувватланганига гувоҳ бўламиз. Иккита йирик тадбир оралиғида Қозоғистон раислигида Нью-Йоркда БМТ Хавфсизлик Кенгашида кенгайтирилган даражадаги учрашув ҳам ўтказилди. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкентдаги тадбир формати, мақсад ҳамда вазифалари ҳақида аниқ ахборот берди. Мазкур ташаббусни Хавфсизлик Кенгашининг барча аъзоси қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон олдига қўйган мақсадига аниқ эришди. Бундай муҳим ва нуфузли анжуманни жуда қисқа вақт ичида ташкил қилди. 27 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаган олий даражадаги конференцияда иштирокчилар Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича таклифларни тўлиқ қўллаб-қувватладилар.

Минтақада тинчлик ҳамда барқарорликка эришиш учун форумда қабул қилинган чора-тадбирларни зудлик билан амалга ошириш керак. Афғонистон Президенти -Муҳаммад Ашраф ўани бу ташаббусга хайрихоҳлигини билдирди.

Барча маърузачилар узоқ муддатга бўлса-да, интеграцияга эришиш йўлида ҳар бир мамлакатнинг аниқ мақсадини баён этдилар. Давлатлар томонидан билдирилган сиёсий ирода натижасида Афғонистонни қийин ижтимоий-иқтисодий шароитда қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб аниқ таклифлар ўртага ташланди. Булар қаторида -Афғонистон ва Марказий Осиёни боғлайдиган газ қувури, темир йўл, транспорт коридорларини бирлаштирадиган узоқ муддатли лойиҳаларни айтиш мумкин. Уларнинг барчаси Афғонистон ҳамда минтақа давлатлари ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Ҳудуддаги инқирозни тинч йўл билан ҳал этиш учун ўзига мажбуриятни олган мамлакатлар ташаббуси фавқулодда муҳимдир.

Якунда биз сиёсий декларацияни бир овоздан қабул қилишга муваффақ бўлдик. Бу Ўзбекистоннинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг яққол ифодасидир. Ишончим комилки, Тошкент декларациясини имзолаш жараёни, унинг мазмун-моҳияти, айниқса, Афғонистонда диққат билан кузатилди. Ўйлашимча, уруш ва турли низолардан чарчаган афғон халқининг Марказий Осиё билан ҳамкорлиги кенгайиши уларга катта умид бахш этди. Албатта, ҳамма нарсани дарҳол ҳал қилишнинг имкони йўқ. Лекин давлатнинг иқтисодий ўсиши ҳамда аҳоли эҳтиёжини унутмаган ҳолда, жамият қурилишини босқичма-босқич амалга ошириш зарур. Бу истиқбол Тошкент декларациясида ва бизнинг саъй-ҳаракатларимизда яққол акс этди.

Агар биз конференцияда мамлакатлар ўзаро келишганидек аниқ саъй-ҳаракатларни амалга оширишни бошласак, барчамиз кўп вақтдан бери орзу қилиб келаётган Марказий Осиёда хавфсизлик, тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлашнинг доимий тенденциясини таъминлай оламиз. Мен Ўзбекистон раҳбариятини бундай муҳим тадбирни муваффақиятли ўтказгани билан табриклайман.

Энди бевосита БМТнинг Марказий Осиёдаги превентив дипломатия бўйича миссияси ҳақида тўхталсак, биз анча вақтдан бери ва мақсадли равишда Афғонистон вакилларини минтақанинг бешта давлати билан ўтказадиган барча тадбирга таклиф этиб келамиз.

Бугунги кунда биз ҳамкорликнинг барча йўналишида изчил фаолият олиб бораяпмиз. Жумладан, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари билан бирга минтақада парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича қатор халқаро тадбирларни режалаштирдик. Хусусан, ана шундай суҳбатларимиздан бири парламент дипломатиясини, тинчликпарвар миссияни кенгайтиришга бағишланди. Парламент дипломатияси туфайли биз Афғонистон парламентининг барча аъзосини баҳс-мунозараларга жалб қилишимиз мумкин. Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг вакиллик органларида аёлларнинг фаол иштирок этишини таъминлашга қаратилган тадбир ҳам режалаштирилган.
Хулоса ўрнида айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, чуқур иқтисодий ҳамда ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишга қаратилгандир. Зеро, мамлакатингиздаги ўзгаришлар бутун минтақага ижобий таъсир кўрсатмоқда. Фаол ташқи сиёсат яхши қўшнилик муносабатларида дўстлик муҳитини яратишга ёрдам беради. Минтақа мамлакатлари ўртасидаги алоқалар жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлашни истардим. Юқори даражадаги ташрифларни фаоллаштириш фақат фойда беради. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги давлатлар, яъни ўз қўшнилари билан муносабатларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратаётгани диққатга сазовордир. Бу ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, сувдан фойдаланиш каби мураккаб масалаларни ҳал қилишга имкон беради. Ҳатто яқин ўтмишда ҳам Марказий Осиё республикаларида бу масалаларни муҳокама этиш қийин кечди. Ва энди ишончли ҳамда очиқ мулоқот мавжуд. Ҳал қилиниши лозим бўлган қалтис масалалар кўлами борган сари камаймоқда. БМТ ушбу жараённинг ривожланишига ҳар томонлама ҳисса қўшишга тайёр. Афғонистоннинг минтақага жалб этилиши мазкур тенденциянинг мантиқий давомидир. Агар минтақа ўзаро умумийликни теран англаса, қўшни мамлакат бўйича жараёнларга -интеграциялашуви осон кечади.

«Халқ сўзи» мухбири
Омонулла ФАЙЗИЕВ 
ёзиб олди.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар