Насриддинни Бухорода кўрдингизми?

18:57 01 Апрель 2019 Жамият
462 0

1 апрель — кулги ва мутойиба куни муносабати билан Бухоро шаҳрида ўтказилган “Насриддин афанди кунлари” ҳамда “Шарқ таомлари” фестиваллари қувноқ дақиқалару кўтаринки кайфиятда бошланди.

Мазкур анжуманларни ўтказишдан мақсад халқ оғзаки ижоди қаҳрамонлари саналган Насриддин Афанди, Мулла Мушфиқий, Ёртиқулоқ каби донишмандларнинг зукколик, ҳозиржавоблик фазилатларини тарғиб қилиш, сайёҳларга Бухоронинг туризм йўналишидаги имкониятларини намойиш этиш орқали халқлар ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.

Қадимий “Арк” қўрғонидан “Лаби Ҳовуз” ансамблигача бўлган масофада давом этган дор ўйинлари, масхарабозлар томошалари, миллий ўйинлар намойиши, фольклор ансамблларнинг чиқишлари, амалий ва бадиий санъат кўргазма-ярмаркаси, ҳажвий расмлар кўрик-танлови, Шарқ таомлари ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмалари фестиваль шукуҳини янада оширди.

— “Насриддин Афанди” томошаларининг асосий қисми Нодир Девонбеги мадрасаси олд майдони ва Хўжа Насриддин ҳайкали ўрнатилган боғ ўртасида ўтказилди. Бу ерда Бухородаги “Афанди Шай” қизиқчилар гуруҳи, сўз санъати усталари, аскиячилару ва ёш ҳаваскорлар ижросидаги ичакузди ҳангомалар, қўшиқлар, театрлаштирилган томошалар халқимизнинг бетакрор кулги санъати имкониятлари намойишига айланди. Айниқса, Афанди ижросини қойилмақом бажарган театр санъати актёрлари Баҳриддин Розиқов ҳамда Мажид Очиловнинг кўнгилочар дастурлар билан чиқишгани, бевосита болалар ва аҳолининг ҳам уларга қўшилишиб, аскиялар қилишгани халқимизнинг ҳажв-мутойибага, кулгига ўч эканлигини яна бир карра исботлади, — деди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Йўлдош Кенжаев.

Насриддин афандидан ташқари, Ошиқ дароз ва Маъшуқ танноз тимсоллари, фонусхаёл халқ томошалари фестивалнинг жозибадорлигини оширди.

Афанди тўғрисидаги миллий ва ҳажвий фильмлар намойиши, шунингдек, халқимиз суйган таниқли ҳажвчи шоир-ёзувчилар иштирокида ҳажвий китоблар тақдимоти, давра суҳбатлари ва концерт дастурлари маҳаллий аҳоли вакиллари ҳамда сайёҳларга қизғин таассуротлар қолдирди.

— Хўжа Насриддин ҳақида жуда кўп эшитганман. Майдонда ўрнатилган қувноқ ва ҳақгўй чеҳрали Хўжа Насриддиннинг ҳайкалини кўриб, у ҳақдаги ажойиб латифалар эсимга тушди. Қизиқчиларнинг чиқишини гидлар таржима қилиб берганидаа мириқиб кулдим. Халқингизнинг оғзаки ижоди бойлигига қойил қолдим. Бухоронинг кулгилари бошқача экан ,— деди Абу-Дабидан ташриф буюрган сайёҳ Маҳмуд Али Заид.

Германиялик сайёҳ Катарин Олинбергнинг билдиришича, Насриддин Афандини Германияда ҳам яхши билишади.

— Бир неча йиллар олдин “Афанди латифалари” китоби Германияда ҳам босилганидан хабарим бор. Бундан ташқари, бугунги фестивалда Насриддин Афанди тўғрисидаги миллий ҳажвий фильмлар намойиши-ю, сўз усталарининг ҳажвий чиқишлари миллатингизнинг маданий мероси билан яқиндан танишишимизга туртки бўляпти, — деди у.

Томошаларга келган хорижликларни миллийликнинг ажралмас қисми бўлган таомлар ҳам жуда қизиқтирди. Бу “Шарқ таомлари” фестивалида ҳам намоён бўлди. Тадбирда вилоят ошпазлари ўз маҳоратини намойиш этиб, улар тайёрлаган турли таомлар меҳмонларга хуш ёқди.

Моҳир қизиқчилар, рассому ошпазларга, сўз санъати усталарига эсдалик совғалари топширилди.

Лайло Ҳайитова.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019