Насер Бушерит: «Жазоир ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар доимо ўзаро ҳурмат ва дўстликка асосланиб келган»

14:03 02 Ноябрь 2018 Сиёсат
733 0

Ўзбекистон бугун дунёнинг барча давлати билан дўстона ва яқин ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсат юритмоқда. Бундай дипломатия мамлакатимизнинг халқаро майдонда обрў-эътибори янада ошиши ва икки томонлама муносабатлар ривожида муҳим ўрин тутяпти.

Жазоир Халқ Демократик Республикаси ҳам Ўзбекистон билан алоқаларни изчил фаоллаштиряпти. 1 ноябрь — Жазоир миллий байрами муносабати билан ушбу давлатнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Насер Бушеритдан интервью олдик. Газетамизнинг ушбу сонида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.

— Элчи жаноблари, Ўзбекистон билан Жазоир ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолатини қандай баҳолайсиз?
— Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар доимо ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамкорликка асосланиб келган. Бугунги ривожланиш ва муносабатлар хусусида сўз борганда, Жазоир Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олганини ва Тошкент­да ўз элчихонасини очганини қайд этиш даркор. Бу Жазоирнинг мамлакатингиз билан барча, хусусан, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришга тайёр ­эканидан далолатдир.

Бундан ташқари, мамлакатларимизнинг ташқи сиёсатни шакллантиришда ўзаро ишонч тамойилларига содиқ экани узоқ муддатли, мустаҳкам ва самарали муносабатларни қарор топтиришга хизмат қилмоқда. Айни кунда давлатларимиз минтақавий ва халқаро ташкилотлардаги иштироки доирасида бир-бирини фаол қўллаб-қувватлаб келяпти.

Яқинда Ўзбекистон ва Жазоир давлатлари раҳбарлари ўзаро мактуб алмашишди. Унда Президентлар икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш истагини билдирди. 2019 йил ўзаро ҳамкорликда янги саҳифалар очадиган муҳим ташрифларга бой бўлиши кутилмоқда.

Шу маънода, бугун ўзбекистонлик ҳамкасблар билан мамлакатларимиз етакчиларининг эзгу интилишларини тўлиқ амалга ошириш, ўзаро муносабатларни халқларимиз манфаатларига мос равишда юқори даражада қарор топтиришга қаратилган таклиф ва ло­йиҳаларни ишлаб чиқишга тайёрмиз.

— Мамлакатларимизнинг иқтисодий шериклиги истиқболлари ҳақида нима, дея оласиз?
— Ўзбекистонда 2015 йилдан бери фаолият юритяпман. Айтиш мумкинки, кейинги икки йилда юртингизда муҳим ижобий ўзгаришлар, хусусан, иқтисодий секторда қатор янгиланишлар бўлди. Бу Шавкат Мирзиёевнинг Президентлик фаолияти билан бевосита боғлиқ. Валюта сиёсатининг эркинлаштирилиши, мамлакат ташқи иқтисодий сиёсатида очиқлик тамо­йилининг устувор аҳамият касб этиши ва чет эл инвестициясини жалб қилишга қаратилган ислоҳотлар шулар жумласидандир.

Бундай янгиланишларни хайрихоҳлик нуқтаи назаридан кузатиб борамиз ва Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни кўп қиррали асосда ривожлантиришдан манфаатдормиз. Мамлакатларимиз иқтисодиёти рақобатлашмайди, аксинча бир-бирини тўлдиради. Шундай экан, илғор тажриба ва юксак инсон капиталига эга Жазоир тажрибаси ва “ноу-хау”лари билан бўлишиш истагидамиз.

Жазоирнинг “Сонатрак” нефть-газ миллий компанияси доимий равишда дунёдаги етакчи корхоналар рейтинги ўнталигида қайд этилади. “Сонатрак”нинг савдо айланмаси 2017 йилда 35 миллиард АҚШ долларига етди. ­Жаҳон бозорига чиқиш борасидаги янгиланган сиёсати туфайли компания қатор хорижий давлатларда ўз фао­лиятини муваффақиятли амалга ошириб келмоқда. Қайд этиш даркор, бундай ҳамкорликни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти билан “Сонатрак” нефть-газ компанияси ўртасида йўлга қўйиш имкони мавжуд. Шунингдек, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, электроника, маиший техника ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам халқаро даражадаги фаол тадбиркорлик йўлга қўйилган.

Ўз навбатида, Жазоир Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳасидаги тажрибасидан фойдаланиши мумкин. Юртимизда миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш бўйича олиб борилаётган сиёсат мамлакатимиз ишбилармонларини янги сармоявий имкониятлар излашга ундамоқда. Шу нуқтаи назардан, юртингиздаги туризм, касаначилик ва ҳунармандчилик каби жадал ривожланаётган фаолият турлари жазоирлик бизнес доира вакиллари учун истиқболли шериклик тармоқларига айланиши мумкин.

Икки мамлакат ўз минтақасида муҳим географик жойлашувга эга. Жазоир Жанубий Европага яқин жойда жойлашган ва Африка бозорига кириш учун ўзига хос эшикдир. Мамлакатда йўллар, портлар ва аэропортлар инфратузилмасига улкан инвестициялар жалб қилинган. Бу, ўз навбатида, юз миллионлаб истеъмолчиларга эга минтақада асосий логистика базасини ташкил қилишга замин яратган. Худди шундай Ўзбекистон ҳам шиддат билан ривожланиб бораётган Марказий Осиё минтақаси марказида жойлашганини қайд этиш керак. Ушбу ҳудудда ташаббускори Хитой бўлган “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси амалга оширилаётгани ва Ўзбекистоннинг ундаги фаол иштироки жазоирлик ишбилармонларни мамлакатингизга кенг жалб қилишга шароит туғдиради. Бу жиҳатлар икки мамлакат компаниялари учун халқаро ­миқёсда ривожланиш ва жаҳон иқтисодиётига самарали интеграциялашувни таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Жазоирда ташкил қилинадиган ярмарка, кўргазмаларда мамлакатларимиз вакилларининг мунтазам иштирокини таъминлаш керак. Шу маънода, 2019 йилнинг июнь ойида юртимизда ўтадиган 52-Жазоир ­халқаро ярмаркасига Ўзбекистон вакилларини таклиф қиламиз. Бу миллий брендингизни Африканинг ўнлаб мамлакатлари, қолаверса, АҚШ, Европа ва Осиё давлатларига кенг тарғиб қилиш имконини беради.

— Мамлакатларимизнинг маданий соҳадаги ҳамкорлиги хусусида ҳам тўхталсангиз.
— Ушбу соҳа Ўзбекистон билан Жазоир ўртасида ўзаро алмашинувлар ва мулоқотлар мунтазам давом этаётган муҳим йўналишлардан биридир. Ўзбек санъати усталари Жазоирдаги маданий тадбирларда доимий иштирок этганидек, юртимиз маданият соҳаси намояндалари ҳам мамлакатингиздаги нуфузли мусиқа фестивалларида мунтазам қатнашиб келмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 6 — 10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган Халқаро мақом санъати анжуманида мамлакатимизнинг Андалусия мусиқа гуруҳи анъанавий мусиқий чиқишлари билан иштирок этди.

Давлатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида элчихонамиз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон — Жазоир дўстлик жамиятини тузиш ташаббуси билан чиқдик ва бу лойиҳа илиқ кутиб олинди.

Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Жазоир ўртасидаги дўстона алоқалар янада ривожланиб, ҳар бир соҳада мустаҳкам ҳамкор даражасига кўтарилади.
— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур.
Ш. УЛУҒОВ суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019