Наманганлик маорифчилар нега Бухорога боришди?

16:40 10 Октябр 2020 Жамият
357 0

«Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан шу йилнинг 30 сентябрь куни бўлиб ўтган тантанали тадбирда Президентимиз томонидан Қоракўл халқаро математика мактаби фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, маориф соҳаси мутасаддилари зиммасига мазкур иқтидорлилар мактаби фаолиятини яқиндан ўрганиш ва илғор тажрибалар билан танишиш, шунингдек, уларни кенг оммалаштирган ҳолда мамлакатимизнинг барча шаҳар, туманларида ҳеч бўлмаганда биттадан шундай мактаб ташкил этиш вазифаси юклатилган эди. Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан вилоят халқ таълими бошқармаси, ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда вилоят халқ таълими педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти раҳбар ва педагогларидан иборат 45 кишилик делегация Бухоро вилоятида бўлди. Улар амалий сафар чоғида Қоракўл туманидаги «Халқаро математика мактаби»да, шунингдек, Жондор туманидаги 49-ихтисослаштирилган математика мактабига ташриф буюрдилар.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад илм муассасасида олиб борилаётган фаолият, таълим жараёни билан яқиндан танишиш, эришилаётган ютуқ ва муваффақиятлар ҳамда ўқитиш методологиясини ўрганиб, Қоракўл халқаро математика мактаби тажрибасини Наманганда ҳам оммалаштиришдан иборат эди. Халқаро мактаб директори Темир Рўзиев ҳамда жамоа аъзолари томонидан мактабнинг ташкил этилиши, таълим-тарбия жараёни, ўқувчиларнинг эришган ютуқлари ҳақида делегация вакилларига батафсил маълумот берилди. Бугунги кунда 420 нафар иқтидорли ўқувчини ўз бағрига олган мактаб-интернатда 51 нафар маҳоратли ўқитувчилардан иборат педагогик жамоа таълим-тарбия бериб келмоқда. Юксак илму салоҳиятли, тажрибали муаллимларнинг ташаббускорлиги ва изланишлари натижаси ўқувчилар қўлга киритаётган муваффақият марраларида ўз ифодасини кўрсатмоқда.

Иқтидорлилар илм масканининг бир неча ўқувчилари ҳозирга қадар республика миқёсидаги ҳамда халқаро олимпиадалар ва танловларда кўп бор ғолиблик шоҳсупасини эгаллашган. Жумладан, бугунга қадар мактаб ўқувчилари халқаро олимпиадаларда 4 та олтин, 7 та кумуш, 5 та бронза медалларини қўлга киритишган. 2 нафар ўқувчи «Зулфия» номидаги, яна бир нафари «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланган.

Кейинги йилларда бир қатор салмоқли ютуқларга эришиб келаётган Жондор туманидаги 49-ихтисослаштирилган математика мактаби фаолияти билан танишув ҳам қизиқарли кечди. 10 та синфи математика фанига ихтисослаштирилган мактабда 694 нафар ўқувчига 52 нафар ўқитувчи-мураббий таълим-тарбия бериб келмоқда. Бир нафар ўқувчи халқаро олимпиадада бронза медалини қўлга киритгани, 2020 - 2021 ўқув йилида мактабнинг 60 нафар битирувчисидан 38 нафари олий ўқув юртлари талабаси бўлгани делегация вакиллари эътиборини тортди.

Бухоро вилоятига ташриф давомида ушбу таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди, икки вилоят ўртасида таълим соҳасида тажриба алмашиш йўлга қўйилиб, 2020 йил декабрь ойида Наманган вилояти педагог ходимлари ўртасида (биология, математика ҳамда информатика) фанлари бўйича саммит ташкил этиш, 2020-2021 ўқув йили давомида ўқитувчиларнинг тажриба алмашишлари, икки вилоят таълим соҳаси билан яқиндан танишиш мақсадида 10 нафардан ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ўзаро Наманган ва Бухоро шаҳарларига ташрифи ҳамда ўқитувчиларнинг малака оширишлари белгилаб олинди. Бундан ташқари жорий ўқув йили давомида таълим муассасалари билан ўзаро алоқани мустаҳкамлаш, янги педагогик технологиялар билан танишиш мақсадида мунтазам равишда видеоконференциялар ташкил этиб бориш режалаштирилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
(“Халқ сўзи
”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?