Наманганга 9 ой ичида 300дан ортиқ хорижий инвестор ва тадбиркор ташриф буюрди, бу етарлими?

10:38 24 Октябр 2019 Жамият
87 0

Наманган вилояти ҳокимлигида Олий Мажлис Сенати “Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари” қўмитасининг сайёр йиғилиши ўтказилди. Унда вилоятга хорижий инвестицияларни жалб этиш йўналишида амалга оширилаётган тадбирлар бўйича республика Ташқи ишлар вазирлигининг ҳисоботи эшитилди.

2019- “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури ижроси доирасидаги вазифаларнинг изчил ижроси натижасида ҳудуд иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш хажми муттасил ортиб бораётгани кўзга ташланади. Бунда Давлатимиз раҳбари томонидан мазкур йўналишда вилоятга масъул этиб бириктирилган Ташқи ишлар вазирлигининг кўмаги муҳим омил бўлаётганини таъкидлаш ўринлидир.

Қўмита йиғилишида ҳисоб берган мазкур вазирлик бош бошқармаси бошлиғи Ашраф Хўжаев ўз ахборотида жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида вилоятга 300 дан ортиқ хорижий сармоядор ва тадбиркорлар ташрифи уюштирилганини айтиб ўтди.Хусусан, мамлакатимизнинг чет эллардаги элчихоналари томонидан ташкил этилган 20 дан ортиқ хизмат сафарлари давомида вилоятнинг иқтисодий салоҳияти ҳамда табиий ва меҳнат ресурслари ўрганиб чиқилиб, ички бозор талабини таҳлил қилиш натижасида бир қатор мақсадли иввестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Ўз навбатида элчихоналар томонидан вилоят шаҳар ва туманлар ҳокимлиги, тадбиркорларнинг хорижий давлатларга уюштирилган 30 дан ортиқ сафарлари ҳам ўз натижасини бермоқда. Бунга, жумладан, Наманган шаҳар ҳокими Ш. Абдураззоқов бошчилигидаги делегациянинг Покистон Республикаси, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Камолов раҳбарлигидаги делегациянинг Россия Федерацияси уч вилоятига ташрифини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Айтиш лозимки, республика Президентининг жорий йил 28 февраль-1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида умумий қиймати 1 миллиард АҚШ долларига тенг (шундан 915 миллион АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар) 48 та лойиҳа тақдимоти ўтказилиб, улар ижросига жадал киришилгани мазкур йўналишдаги ишларга жўшқинлик бағишлади.

Маълумки, шу йилнинг июнь ойида Наманганда биринчи бор халқаро инвестиция форуми ўтказилди. Уч кун давом этган анжуманда дунёнинг 30 давлатидан келган 350 дан зиёд ишбилармонларнинг катта қисми вилоятда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагини билдирди. Пировардида, умумий қиймати 358 миллион АҚШ долларига тенг 48 та лойиҳа имзоланди.

Бундан ташқари элчихоналар ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида 603 миллион АҚШ доллари қийматида 103 та қўшимча лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Улар асосан энергетика, нефть-газ кимё, тоғ-кон, автомобилсозлик, тўқимачилик, қурилиш ва фармацевтика, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, логистика, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларида амалга оширилади.

Элчихоналар ва вилоят ҳокимлигининг маълумотларига кўра, йилнинг ўтган даврида барча лойиҳалар доирасида 200 миллион АҚШ долларидан ортиқ хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бу кўрсаткич йил охирига қадар 300 миллион долларга етиши кутилмоқда.

Экспорт йўналишидаги кенг қамровли саъй-ҳаракатлар натижасида янги бозорлар ўзлаштирилаётганини айтиб ўтиш лозим. Мисол учун,Наманган заминида етиштирилган гилос мевалари элчихона кўмагида илк бор Буюк Британияга етказиб берилди. Покистон билан эса текстильмаҳсулотлари ҳамда дуккакли дон экспорти йўлга қўйилди.

Туризм соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.Чунончи, “Ахсикент” очиқ осмон остидаги музейини хорижий сайёҳлик компаниялари орқали кенг тарғибот қилинмоқда.

Вилоятнинг инфратузилмасини модернизация қилиш чора-тадбирлари доирасида Австрия давлатидаги элчихонамиз ташаббуси билан ҳудуд сув таъминотини ривожлантириш учун ОПЕК жамғармасининг 54 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредити жалб қилинди.

Инвестицион лойиҳалар кўпайгани яхши, бироқ, улар натижадорлиги билан қимматли эканлигини унутмаслик керак. Ҳисоботда бу борада бир қатор танқидий фикрлар билдирилди.

- Умумий қиймати 188 миллион АҚШ долларига тенг 17 та лойиҳа ижроси кечиктирилаётгани, 314 минг АҚШ доллари қийматидаги 13 та лойиҳа эса турли сабабларга кўра амалга оширилмаётгани устида жиддий бош қотириш лозим,- деб таъкидлади Б. Хўжаев.

Йиғилишда Наманган вилоят ҳокимлиги раҳбарлигида тегишли ташкилот ва идоралар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳи шакллантирилди. У жорий йил ноябри якунига қадар махсус стратегия, “Йўл харитаси” ва ҳудудлар потенциал инвестицион йўналишлари тўғрисидаги ҳужжатларни вилоят ҳокимлигига тақдим этади. Бундан ташқари,вилоят инвестициявий салоҳиятини кенг тарғиб қилишга йўналтирилган “Ягона дарча” кўринишидаги ахборот порталини яратиш, агрологистика марказларини кўпайтириш,Наманган халқаро аэропортига “очиқ осмон” мақомини бериш, вилоят ҳокимиятига бой тажрибага эга бўлган хорижий маслаҳатчини жалб этиш сингари масалалар юзасидан таклифлар билдирилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
(“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019