Намангандаги кўргазмада ёш тадбиркорларнинг маҳсулотлари намойиш этилди

12:41 27 Август 2019 Жамият
376 0

Наманган шаҳрида  “Ёшлар келажагимиз- амалда”  шиори остида  ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ҳудудий кўргазмаси ташкил этилди. Иштирокчиларнинг аксарияти   “Yoslar – kelajagimiz”  давлат дастури доирасида ажратилган имтиёзли кредит ёрдамида ўз бизнесини йўлга қўйган  бўлиб, истиқболли лойиҳаларини рўёбга чиқариш орқали  истеъмол бозорини рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, шунингдек, янги иш  ўринлари яратишда фаоллик кўрсатаётган йигит-қизлардир.

Тадбирда вилоят шаҳар ва туманларида фаолият кўрсатаётган 60 нафар ёш тадбиркор, шахсий бизнесини   йўлга қўйиш истагида бўлган ёшлар ҳамда маҳаллалардаги ишсиз ёшлар  иштирок этди.

– Дастур ижроси ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасидаги лойиҳаларимизга қанот бағишламоқда, – дейди  “Yoshar-kelajagimiz”  жамғармасининг вилоят   координатори Исломбек Қутбиддинов. – Масалан, биргина жорий йилнинг биринчи ярмида 82 нафар  ёшга  жамғарманинг 26 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредити ажратилди. Бунинг натижасида 450   нафар тенгдошларимизни иш билан таъминлаш  имконияти юзага келди.

Шу кунги  кўргазма давомида “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусида тажрибали тадбиркорлар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди.

Тадбир сўнгида фаол иштирок этган ёш тадбиркорлар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.   

“Халқ  сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?