Наманганда жами 5,4 триллион сўм қийматидаги 503 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади

16:29 15 Сентябр 2018 Иқтисодиёт
617 0
Фото: Н. Абдуллаев/"Халқ сўзи" 

“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Қудратилла Нажмиддинов/Наманган. Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Инвестиция бизнес форуми” ташкил этилди. Республика идоралараро ишчи гуруҳи, вилоят ҳокимлиги ва прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда маҳаллий ва хорижий сармоядорларни жалб этиш орқали ҳудуд инвестициявий салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган тадбирлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида сўз борди.

Хусусан, 2018-2019 йилларга мўлжалланган манзилли дастурга мувофиқ, 5,4 триллион сўм қийматдаги 503 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш устида иш олиб борилмоқда. Унинг 16 таси тўғридан-тўғри хорижий инвесторлар иштирокида рўёбга чиқарилиб, бунинг учун 110,3 миллион АҚШ долларига тенг маблағлар жалб қилинади.

“Бугунги анжуманга яқинда ишга туширилган корхонамизнинг дастлабки маҳсулотлари билан келдик. 120 минг АҚШ долларига тенг инвестициявий лойиҳа ҳисобига ўрнатилган технологик ускуналар ёрдамида 18 дан ортиқ турда замонавий мебеллар тайёрлаяпмиз. Қисқа вақт ичида ташқи савдо амалиётларига ҳам киришиб, куни кеча Тожикистонга 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги дастлабки маҳсулот туркумини жўнатдик”, - дейди Наманган шаҳридаги “Либерал гроуп” хусусий корхонаси раҳбари Рустамжон Эгамбердиев.

Бизнес форумда Наманган вилояти иқтисодиётига чет эл инвестициялари жалб қилиш, ҳудудда бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектлари ҳамда хорижий сармоядорларга берилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари, вилоятда туризм соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳалар, транспорт, логистика салоҳияти, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Анжуман доирасида маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотларнинг кўргазма-ярмаркаси намойиш қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар