Наманганда йўловчи ташувчи “Дамас”лар ҳаракатига яна чеклов қўйилди 

11:18 24 Апрель 2019 Жамият
857 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/”Халқ сўзи”/ Наманган. Эндиликда “Дамас” автомобиллари Наманган шаҳрининг белгиланган кўчаларида соат 7:00 дан кеч соат 20:00 гача йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланмайди.

Бундай тартиб йўлларда ортиқча тирбандликлар келиб чиқиши,айрим “Дамас”чиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини менсимаслиги оқибатида кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари содир этилаётганлиги билан изоҳланмоқда.

Аслида вилоят ҳокимининг мазкур йўналишдаги фармойиши 2017 йилнинг 7 августида қабул қилинган бўлиб, бир муддат амал қилган, ўшанда, кўчаларда қатнов анчагина тартибга тушиб қолганди. Бироқ, кўп ўтмай“Дамас”лар аста-секинлик билан йўлларни эгаллай бошлашди. Мана энди орадан икки йилга яқин вақт ўтганда фармойиш яна мутасаддиларнинг ёдига тушди.

Мазкур фармойишда кўрсатилган вазифалар ижроси вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги ва вилоят транспорт бошқармаларига юклатилган бўлиб, улар доимий назорат олиб боришлари талаб этилади.

Айтиш лозимки, ушбу тартиб йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланмаётган, шаҳар марказида яшаётган “Дамас” ҳайдовчилари ёки юк ташиш билан машғул бўлган шундай русумдаги автомашина ҳайдовчиларига татбиқ этилмайди.

Шундай қилиб, Наманганда 23 апрелдан йўловчи ташувчи “Дамас” лар қатновига чеклов амал қила бошлади. Савол туғилади: ўрнатилаётган тартиб бу сафар қанча вақт амал қиларкин?

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?