Наманганда “Гуллар байрами” якунланди. Ғолибларга “Spark” топширилди

20:23 02 Июнь 2019 Жамият
314 0

Наманганликларнинг ўзига хос анъанаси - “Гуллар байрами”нинг бу йилги томошалари ниҳоясига етди. Вилоят марказидаги Бобур номли маданият ва истироҳат боғида бир ҳафта давом этган анжумандаги бетакрор гул кўргазмалари, ранг-баранг маданий ва маърифий дастурлар вилоят аҳли ҳамда меҳмонларга олам-олам завқ берди.

Эътиборли жиҳати, жорий йилдаги нафосат айёми давомида байрамнинг нуфузи ортиб, халқаро миқёс касб этганидан барча ғурур ва ифтихорда. Хусусан, эронлик гулчилар ўз кўргазмаларини ташкил этиш учун Наманганга ташриф буюрган бўлсалар, дунёнинг турли мамлакатларидан келган 12 нафар халқаро журналист ахборот агентликлари, кундалик матбуот ва интернет нашрлари, телевидение орқали гуллар фестивалини оламга достон қилди.

Кеча оқшом вилоят марказидаги “Уч фаввора” хиёбонида байрам доирасида ўтказилган энг яхши гулчилар танлови ғолиблари, шунингдек, тадбирни тайёрлаш ва ўтказишнинг фаол ташкилотчиларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Унда пойтахтдан ташриф буюрган таниқли эстрада хонандалари ҳамда вилоят санъат усталарининг гала концерти садолари остида мукофот ва совринлар ўз эгаларига топширилди. Хусусан, ўзининг ажойиб кўргазмаси билан иштирокчиларда катта таассурот қолдирган вилоят халқ таълими бошқармаси гулкорлари ва уста гулчи Азизбек Мамажонов олий ўринга муносиб топилиб, “Spark” автомашинаси билан тақдирландилар.Танловда фахрли ўринни эгаллаган гулчилар ва бир қатор номинациялар ғолиблари,шунингдек, фаол ташкилотчиларга қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Тантанали маросимда вилоят ҳокими Х. Бозоров иштирок этди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019