Наманганда гул сайли бошланмоқда

13:26 20 Май 2019 Жамият
236 0

Намангандаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида эллик тўққизинчи маротаба гул сайли ўтказилади. Айни пайтда келаётган якшанбада тантанали очиладиган мафтункор гул сайлига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг вилоят жамоатчилиги билан сайловолди учрашувида “Гуллар байрами”ни халқаро миқёсга олиб чиқиш юзасидан билдирган таклифини наманганликлар тезкор равишда рўёбга чиқаришди. Эндиликда гул сайлига нафақат мамлакатимиз, балки, қўшни Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистондангина эмас, балки, олис хориж - Корея, Туркия, Нидерландия давлатларидан ҳам меҳмонлар ташриф буюришмоқда.

Эътиборли жиҳати, улар орасида оддий томошабин бўлиб эмас, ўзининг ноёб гуллари билан келаётганлар ҳам бор. Мисол учун, нидерландияликлар ўз кўргазмалари билан иштирок этиш ниятини билдиришган.

Шаҳарда катта байрамга ҳозирлик кўрилмоқда. Маданият ва истироҳат боғидан ташқари кўча ва хиёбонлар ҳам гуллар билан безатилмоқда. Ўтган йили махсус композицияларни яратиш учун 3,5 миллион туп гул кўчати ўтқазилган эди. Бу гал кўрсаткич 5 миллион тупдан ортиши айтилмоқда.

Бир ҳафта давом этадиган байрам дастурига кўра, анжуман гул билан безатилган 100 дан ортиқ автомашиналар карвонининг шаҳар кўчалари бўйлаб сайридан бошланади. Бобур боғида гулчи-тадбиркорлар, шаҳардаги корхона ва ташкилотлар томонидан ташкил қилинган гуллар кўргазмаси ўтказилади.

— Байрамнинг фаол иштирокчилари, қимматбаҳо мукофотлар кутмоқда, - дейди Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов. — Чунончи, олий ўринни эгаллаган гулчи тадбиркор, шунингдек, корхона ва ташкилотга муносиб соврин — енгил автомобиль топширилади. Номинациялар бўйича ғолибларга совғалар тақдим этилади.

Намангандаги анжуманга бир қатор хорижий ОАВ вакиллари, жумладан, Россия, Хитой, Туркия, Эрон, Ҳиндистон ва Қирғизистон давлатларининг ахборот агентлик ҳамда телевидениелари ташриф буюриши кўзда тутилган.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019